• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +9°C
Detail image
Корхоналар акцияларини IPO’да кимлар ва қандай қилиб сотиб олиши мумкин?
Фото: «Ҳуқуқий ахборот» канали
Куни кеча IPO орқали бир қанча йирик корхоналар сотувга қўйилиши маълум бўлди. Уларнинг орасида UzAuto Motors ҳам бор.

IPO (Initial Public Offering) — бирламчи оммавий таклиф, акцияларни фонд бозори орқали сотиш жараёни. Бу корхона учун нафақат пул жалб қилиш, балки янги босқичга кўтарилиб, оммавий ва шаффоф бўлиш йўли дир. IPO’дан кейин деярли барча нарса ўзгаради — ҳисобот шаклларидан тортиб ривожланиш режаларигача.

UzAuto Motors’нинг IPO билан боғлиқ режалари биринчи марта 2020 йил бошида маълум бўлганди. Компания ўшанда тайёргарлик жараёни, тахминан, 1,5–2 йил давом этишини айтган. Акцияларни маҳаллий ва энг йирик халқаро фонд биржаларига жойлаштириш режалаштирилгани ҳақида хабар берилганди.

Ҳозирда компаниянинг ягона эгаси давлат ҳисобланади — UzAuto Motors 100 фоиз «Узавтосаноат» акциядорлик жамиятига тегишли, у эса ўз навбатида 100 фоиз Давлат активларини бошқариш агентлиги ихтиёрида.

Олдинда ҳали IPO муддати ва аниқ шартларига ойдинлик киритиб олиш вазифаси турибди, лекин бу тажриба Ўзбекистонга мутлақо ёт эмас.

Мамлакат тарихидаги биринчи IPO 2018 йилда «Кварц» шиша заводи акциялари сотувга қўйилиши билан бўлган. Ўшанда сотувга қўйилган акциялар умумий ҳажмининг 54 фоизи сотилиб, компания 7,5 млрд сўмдан ортиқ сармоя жалб қилганди.

2019 йилда яна бир IPO бўлиб ўтди — бу сафар ўзбекистонликлар пластмасса маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи энг йирик корхона «Жиззах Пластмасса» акцияларини сотиб олиш имкониятига эга бўлишди.

Нима учун давлат йирик компанияларни сотувга қўяди?
Устувор мақсадлардан бири — корхоналарнинг давлат молиясига қарамлигини камайтириш, компаниялар ривожи учун пул маблағларини жалб қилиш, капитал бозорини ривожлантириш.

Ўзбекистон бозори IPO’га тайёр. Биз инфратузилмавий, техник ва ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқдик. Бундан ташқари инвесторлар ҳам катта қизиқиш билдирмоқда. Агар сиз акциялар пакетини босқичма-босқич сотувга қўйиб борсангиз, бу сизга корхоналарни ривожлантириш учун бўш маблағларни иқтисодий муаммоларга жалб қилиш имконини беради, — деган эди 2019 йилда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги вакиллари (ҳозирда бунга Молия вазирлиги жавобгар).

IPO ўтказиш — хусусийлаштириш усулларидан бири. Сўнгги йилларда ҳукумат компанияларни кимошди савдоси ва аризалар қабул қилиш йўли билан сотиш орқали иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришга ҳаракат қилмоқда.

IPO вақтида компания акцияларини кимлар сотиб олиши мумкин?
Қоидага кўра исталган киши сотиб олиши мумкин. Мисол учун, «Кварц» IPO’си вақтида 3305 киши компаниянинг янги акциядорларига айланган.

Акцияларнинг катта қисмини ушбу корхона жойлашган Фарғона вилояти аҳолиси сотиб олган. Улар умумий қиймати 5 млрд сўмдан ортиқ 1,7 миллионта қимматли қоғозларни харид қилган. Тошкент иккинчи ўринни эгаллаган — ўшанда пойтахтликлар томонидан салкам 2 млрд сўмга 655 минг акция қоғозлари сотиб олинган.

Харид қилиш биржада брокерлар орқали амалга оширилади. Сотувга қўйишдан аввал компания одатда road-show уюштириб, ўзи ҳақида, шунингдек, ютуқлари, муваффақиятлари ва режалари тўғрисида ҳикоя қилиб бериш асносидаги бир қатор саёҳатлар ва тадбирларни ўтказади. Бундай тадбирлар давомида акцияларни сотиб олишга ариза топшириш ҳам мумкин.

Акцияларни нима қилса бўлади?
IPO’да компания акцияларини сотиб олган шахс акциядорга айланиб, компания улушига эгалик қилади. У дивидендлар (компания фойдасининг бир қисми) олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бироқ масаланинг бошқа жиҳатини ҳам кўздан қочирмаслик керак. Аризаларни йиғиш жараёнида обуналар сони ошиб кетиши мумкин — бу вазият акцияларга бўлган талаб таклифдан кўра ортиб кетганлигини англатади. У ҳолда қимматли қоғозлар нархи ҳам ошиши мумкин.

Мурожаатлар кўплиги сабабли брокер ариза қаноатлантира олмаслиги ёки қисман қаноатлантира олмаслиги эҳтимоли мавжуд.

Бундан ташқари, акцияларни IPO босқичида сотиб олиш хавфнинг ошиши билан боғлиқ. Компания томонидан жойлаштиришдан аввал белгиланган акция нархи жуда юқори бўлиб чиқиши мумкин — очиқ савдо бошланганидан сўнг сезиларли даражада тушади.

Ушбу пасайишдан кейин ўсиш кузатилиши ёки кузатилмаслиги компаниянинг кейинги ҳаракатларига ва ўз фаолиятини қандай олиб боришига боғлиқ. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг

Ўхшаш янгиликлар