• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +29°C
Detail image

Фронтдаги вазият: янги жойдан ҳужумга тайёрланаётган Украина, «Вагнер»ни тикламоқчи бўлаётган Кремл

Украиналик аскар гранатомётдан ўт очмоқда. Фото: Украина қуролли кучлари

Германиянинг Бремен университети қошидаги Шарқий Европани ўрганиш маркази илмий ходими Николай Митрохин Украина фронтида сўнгги ҳафта ичида содир бўлган воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.

Фронтда янги жанг участкалари пайдо бўлмоқда

Умуман олганда, ҳафта ичида фронт чизиғи жузъий ўзгаришга учрамади, бироқ унда иккита янги қизғин жанг участкаси пайдо бўлди. Ҳафта ўртасида мамлакат шимолида — РФнинг Белгород, Брянск ва Курск областлари чегарасида украинларнинг диверсия ва штурм гуруҳлари фаоллашгани маълум бўлди. У ерда 50 кишилик диверсия гуруҳлари Россия ичкарисига киришга ҳам муваффақ бўлишган. Энди сентябр ойи ўрталарида украинларнинг Брянск ва Курскдаги нишонларга пилотсиз учар қурилмалар билан ҳужум қилгани бежиз кетмагани ойдинлашди. Украина ҚК ўтган ҳафтада дронлар билан Россиянинг чегарадош ҳудудларидаги трансформатор нимстанцияларига ҳужум қилиб, уларни токсиз ва алоқасиз қолдирган эди.

Россия томони маълумотларига кўра, Украина ҚК Гуляйполедан жануброқда — Токмак йўналишидаги Орихив ва Велика Новосилка штурм участкаларидан жанубда гуруҳ тўпламоқда. Агар қарши ҳужум шу ердан бошланса, у энг аввало Токмак томон ёриб бораётган гуруҳга ёрдам бериши керак бўлади. Бу Украина ҚК раҳбарияти томонидан танланган ва боши берк кўчага кириб қолган ҳужум йўналиши шароитида ягона тўғри қарор бўлади.

Орихивдан жанубда жойлашган ва Токмакка йўл очиш учун уринилаётган Работинедан олинган видеодан кўриниб турибдики, дарахтларсиз яйдоқ текисликда Украинанинг ўнлаб зирҳли техникалари тўпланиб, депсиниб қолган, улар узоқ масофадан туриб Россия артиллерияси, вертолётлари ва танкка қарши ракета қурилмалари томонидан бемалол ўққа тутилмоқда. Украина ҚК бир неча уринишлардан сўнг Работинедан жануби-шарқда жойлашган, келгуси илгарилашларни таъминловчи тепаликни қўлга кирита олмаган. Украина қўшинлари кенглиги 3, узунлиги 10 км бўлган «енг» ёки «қозон»га қамалиб қолган ва уч томондан ўққа тутилмоқда.

Днипро фронтида Нова Каховка яқинидаги Казацкий ороли учун жанг кетмоқда, бу жой эгалланса украинлар сўл соҳилга йирик десант ташлаш имкониятига эга бўлади.

Бахмутдан жануброқда, Клишчийивка ва Андрийивка ҳудудида ҳужум ва қарши ҳужумга бой оғир жанглар кечмоқда. Россия томонининг айрим маълумотларига кўра, Украина қуролли кучлари РФ қуролли кучлари учун мудофаа чизиғи вазифасини ўтаётган темирйўл кўтармаси орқали ўтишга муваффақ бўлган, кейинроқ аввалги вазият тикланган. Россия армиясининг қарши ҳужумлари ҳам зафар келтирмаган. Потенциал қарши ҳужум участкаси ҳозирча Украина ҚК учун ёриб ўтиш жойига айлана олмаяпти.

Ҳаводаги жанг: томонлар зарба самарадорлигини оширишмоқда

Украина ҚК аввалроқ рўй берган Қримга муваффақиятли зарбаларни бас қилишган. Эҳтимолли сабаб — ракеталар етишмовчилиги ва зарбавий дронларнинг бирламчи фаоллигини шимолий йўналиш (РФнинг марказий областлари)га кўчириш бўлиши мумкин. Украина томони маълумотларига кўра, энг муваффақиятли ҳужум 24 сентябр куни Курск областидаги «Халино» аэродромига бўлган. Бу ерда Су-30СМ русумли самолётларга эга Жданов номидаги 14-гвардияли қирувчи авиация полки жойлашган. Украина разведка бош бошқармасидаги манбалар маълумотларига кўра, портлаш натижасида 14-авиаполк қўмондони, унинг ўринбосарларидан бири, авиатор офицерлар гуруҳи, ФСБ ҳарбий контрразведкаси вакили ҳамда аэродром ишчи-ходимлари ё ўлдирилган ё ярадор қилинган. Бунга гўёки учта пилосиз учар қурилманинг кетма-кет портлатилиши эвазига эришилган (аввал ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари омборига ҳужум қилинган, сўнгра ёнғинни кўришга ва ўчиришга келган гуруҳ устига зарба берилган, учинчи дрон ерга қўндирилган ва уни ўраб олган одамлар ўртасида портлаган).

Бироқ бундай хабарлар қўшимча текширувга муҳтож. Ўтган ҳафтада Украина ҚК махсус операциялар кучларининг РФ Қора денгиз флоти қўмондони ўлдирилгани тўғрисидаги расмий хабари ҳам қўмондоннинг Россия экранларида кўриниш бериши билан чиппакка чиқарилди. Россия манбалари ҳозирча аэродромда радиоэлектрон кураш воситалари билан қўндирилган ва ичида «сюрпризи» бўлган дроннинг портлаб, ҳарбийларга талафот етказганини тасдиқлашди, холос.

1 октябр куни Севастопол ва Сочига аҳён-аҳёнда берилган зарбалар жанубда Россия ҳарбий ҳаво мудофаасида пайдо бўлган туйнук ҳамон ямалмагани, ҳали бу ҳол кўп ташвиш туғдиришидан далолат бериб турибди. РФ ўз навбатида Shahed дронларидан ўзларининг Украина бўйлаб ҳар кунлик тизимли ва ёпирилма зарбаларида фаол фойдаланмоқда. 30 сентябр куни Украина ҚКнинг жанубий қўмондонлиги вакили сентябр ойида УҚК жанубда 300 та Shahed дронини йўқ қилганини таъкидлади. Ўша куннинг ўзидаёқа УҚК қўмондонлиги бир суткада 30 та Shahed йўқ қилингани ҳақида ҳисоб берди.

Лвивга дрон ҳужуми оқибатлари. Фото: Anastasiia Smolienko / Global Look Press

Украина ҚК дронларнинг 75–80 фоизини уриб тушираётгани тўғрисидаги расмий маълумотлар эътиборга олинса, бу Россия кунига 25–30 та зарбавий дрон ишлаб чиқариш даражасига етганини англатади. Боз устига, улардан фойдаланиш тактикаси турли-туман — тўғридан тўғри ҳужум қилиш билан бирга, дронлардан бир қисми мураккаб йўналишлар бўйича парвоз қилмоқда ва Украинанинг ички ҳудудларидаги нишонлар йўқ қилинмоқда.

Бунинг оқибатлари айниқса Дунай дарёсидаги Украина портларида билинмоқда, негаки бу ерга ҳар куни бир неча марта кучли зарба берилмоқда. Шунингдек, инфратузилма объектлари — Украина электр станциялари ва нимстанциялари ҳам нишонга олинмоқда. Ҳозирча уларга зарба бериш «критик» характерга эга эмас, бироқ юзлаб аҳоли пунктлари токдан узилиб қолиши одатий янгиликка айланган. Украина ҳукумати ой бошида Россиянинг ўтган қиш ва баҳордаги ҳужумларидан сўнг энергия тизимини тиклаш паст суръатларда бораётгани, янги ёпирилма зарбаларга тайёр эмаслигини билдирганди.

Шунингдек, Россия манбалари «Харкив зирҳли танк заводи тўлиқ йўқ қилингани» ҳақида рапорт беришди, бу унинг иккита цехига С-300 ракеталари билан ҳужум қилинганини амалда билдиради. Шунингдек, фронт олди полосасида бир ҳафта ичида учта, хусусан Миколайивдаги Кулбакине аэродоромида Украина қирувчи самолётлари йўқ қилингани эълон қилинди — агар бу рост бўлса кам сонли Украина авиацияси учун жиддий йўқотиш бўлади.

Юқорида қайд этилганидек, Украина ҚК Россия чегараолди ҳудудларида электр постанцияларига жавоб ҳужумлари бермоқда. Уларнинг самарадорлиги нисбатан пастроқ. Масалан, украинлар Брянск областида битта трансформаторни ёқиб юбориш учун 20 та дрондан фойдаланган.

Украина янги мудофаа саноати барпо этмоқда

Зеленскийнинг АҚШга ташрифи ва унда қўшма мудофаа «экотизими» яратиш тўғрисидаги келишувлардан сўнг АҚШ ёрдамида Украинада ёки у билан бирга учинчи давлатларда жорий уруш эҳтиёжлари, уруш тугагач марказий ва шарқий Европа армияларини мустаҳкамлаш учун қурол-яроғлар тайёрлайдиган йирик мудофаа ишлаб чиқариш корхоналари қуриш режаси юзага келди.

Сабаблари оддий: ғарбдаги ишлаб чиқариш қувватлари бугун исталганидек маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтира олмайди, бундай маҳсулотнинг истеъмолчиси эса пул билан, кадрлар билан сармоя киритмоқчи, боз устига логистика ҳам енгиллашади. 29 сентябр куни Украина бош вазири Шмигал томонидан тилга олинган, Россия уруш бошидан буён Украинанинг 37 та ҳарбий заводларини йўқ қилгани тўғрисидаги маълумотларга қарамасдан, корхоналарни Украина ичкарисида қуриш режалари ҳам бор. Шунингдек, учинчи давлатларда ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин. Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов Испаниянинг ABC нашрига берган интервюсида Украинанинг узоқ масофани ура олувчи «Нептун» ракеталари мамлакат ташқарисида ишлаб чиқарилгани, чунки мамлакат ичидаги ишлаб чиқариш иншоотлари вайрон қилинганини айтиб ўтган.

Ўз навбатида, Украина президенти офиси раҳбари Андрий Ермак Украина ўз ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ишлаб чиқаришни ташкил этишни режалаштираётганини айтиб ўтган.

Киевда 29 сентябр куни бўлиб ўтган мудофаа саноати форумида мамлакатнинг барча раҳбарлари иштирок этди. Зеленскийнинг таъкидлашича, мамлакат НАТО стандартлари бўйича қурол-яроғ ва снарядлар ишлаб чиқармоқда, Украина дунёда биринчи марта денгиз дронлари флотини яратади. Украина президенти Мудофаа саноати алянси тузилишини эълон қилди ва унга қурол-яроғ ва ҳарбий техника ишлаб чиқарувчилари қўшилиши мумкин. Декларацияни 13 та етакчи компания имзолаган. Украинада ишлашни режалаштираётган компаниялар учун ҳукумат махсус иқтисодий режим ташкил этиб беради. Шунингдек, махсус мудофаа фонди тузилади ва мудофаа активларидан дивидендлар, мусодара қилинган Россия активлари савдосидан фойдалар билан тўлдириб борилади.

Масалан, Чехия мудофаа вазирлиги Украинага CZ BREN 2 штурм винтовкалари ишлаб чиқариш учун лицензия тақдим этади, шунингдек ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.

Қўлида дрон тутган украиналик ҳарбий хизматчи. Фото: Володимир Зеленскийнинг Телеграм канали.

Бу сўнгги бир ярим йил ичида НАТО аъзоларидан кўпроқ қурол-яроғ, айниқса кучли ва узоқни ура оладиган қуроллар олишдан умид қилиб келган Украина раҳбариятининг позициясида жиддий силжиш ва янги босқич ҳисобланади. Эҳтимол, Зеленскийнинг АҚШга ташрифи давомида ўзи ва ҳамкасблари бу стратегияни ўзгартириш кераклигига амин бўлишгандир, чунки уруш яна бир неча йилга чўзилиши тайин, ғарбдан келаётган қурол-яроғлар, ўқ-дорилар омбори бўшаб қолди, ишлаб чиқариш эса кескин ўсган талабни ҳеч ҳам қувиб ета олмаяпти.

Яна бир тахминга кўра, Украинанинг (Байден қўлловида) шошилинч ишлаб чиқаришга киришишига сабаб, келгуси президент республикачилардан бўлиши мумкин (яъни, Трамп) ва бу партия Украинага ёрдамни қисқартиришни ёқлаб келади.

Россия эса ўтган бир ярим йил ичида ўқ-дори ва дронлар ишлаб чиқаришни кескин оширди, қўшинларнинг минимал эҳтиёжини ёпди ва Украина бу борада уларни қувиб етиши керак бўлади. Бироқ, жаҳон ҳамжамиятида Украинага нафақат мудофаа саноатини молиялаштириш ва илғор технологияларни тақдим этиш билан ёрдам кўрсатиш имконияти бор. Россияликлар Украинага ҳужум қилаётган дронларда ўнлаб европача таркибий қисмлар топилган.

The Guardian нашри ёзишича, Киев G7 давлатларига августда узатган махфий ҳисоботга кўра, Shahed-131 дронида Европада ишлаб чиқарилган 52 та таркибий қисм бўлган, Shahed-136 дронида эса 57 та. Украина ҳукумати бу деталларни ишлаб чиқараётган 5 та ишлаб чиқарувчи номини санаган. Бу Германиянинг Ti Automotive Gmbh ва International Rectifier, Швейцариянинг STMicroelectronics ва U-blox, Нидерландиянинг NXP Semiconductor компанияларидир. Уларнинг маҳсулотларини дрон ишлаб чиқараётган Эрон Туркия, Ҳиндистон, Қозоғистон каби учинчи давлатлардан қабул қилиб олмоқда. Қозоғистон шу ҳафта ичида расман воситачи ролидан воз кечди. Унинг ўрнига исталган давлат келиши мумкин.

Европа Иттифоқи якуний истеъмолчини топиш, нодўст давлатларга маҳсулот етиб боришининг олдини олиш борасида ЕИ ҳудудини тарк этаётган «қўшалоқ мақсадли» маҳсулотларни сертификатлашни йўлга қўйишдек комплекс ечимга келиши мумкин.

«Вагнер»нинг тикланиши ва Қодиров учун эҳтимолли вазифалар

Путин ҳузурида бир кунда тасодифий бўлмаган икки учрашув бўлиб ўтди. 28 сентябр куни кечқурун Путин мудофаа вазири ўринбосари Юнусбек Евкуров ва исённи қўлламаган «Вагнер» қўмондони Андрей Трошев-«Седой» билан учрашди. Бунгача бир неча кун аввал «Седой» асосий «Вагнер»дан ажралиб чиққан ва ҳозиргача фаолият кўрсатаётган «Қўмондонлар кенгаши»да фаолият кўрсатаётган, Росгвардия таркибида Украина фронтида жанг қилишни давом эттиришга розилик берган вагнерчиларни бошқараётгани маълум бўлган эди.

Сентябрнинг 20-саналари бошида қайта ислоҳ қилинган «Вагнер» ХҲК бўлинмалари рус қўшинлари тақчиллиги жуда сезилаётган Бахмутнинг жанубий қисмига келган. Трошевга омма олдида «кўнгиллилар» тузилмаси билан шуғулланиш топшириғини берган Путин билан учрашув бу воқеалар фонида оддий формаллик касб этарди, аммо бунинг ортида шунчаки фронтдаги туйнукни янги бўлинма билан ёпишдан кўра каттароқ нарса турган бўлиши мумкин.

Ўша куни аввалроқ Путин Рамзон Қодиров билан ҳам учрашганди. Қодиров ўз жангариларининг фаолияти ва республикадаги вазият бўйича ҳисобот берди.

Владимир Путиннинг Юнусбек Евкуров ва Андрей Трошев билан учрашуви. Фото: Kremlin.ru

Этник чечен бўлинмалари ва «вагнерчилар» ёлланма жангарилардан иборат «алоҳида» бўлинмаларда бир танганинг икки томони бўлиб келишаётганди. Улар битта жавобгарлик зонасида жанг қилган ҳолатлар ҳам кўп бўлган. Сўнгги марта «қодировчилар» айнан Бахмут жанубида кўзга ташланган. Чеченларга иккинчи мудофаа чизиғи ишониб топширилгани Украина ҚКнинг Клешчийивка ва Авдийивка ҳудудидаги муваффақиятларининг бош сабаби деб аталган.

Бу иккиси (Қодиров ва Трошев) олдига битта вазифа қўйилгани эҳтимоли юқори: шу ёки бошқа участкада тузилмаларни тиклаш. Боз устига, РФ мудофаа вазирлиги Путиннинг кузги чақирув тўғрисидаги фармонини амалга ошириш асносида сафарбарлик ўтказиш нияти йўқлиги, бироқ шартнома бўйича хизмат қилувчиларни қабул қилиш пунктлари сони оширилиши маълум қилган. Бунгача, бир йил аввал ҳарбий сафарбарлик билан урушга чақирилганлар уруш охиригача хизмат қилиши эълон қилинганди.

Яъни, сафарбарлик ўтказиш ва муддатли хизматга чақирилган ёш аскарларни «Россиянинг янги ҳудудлари»га жўнатишдан чўчиётган ҳарбий идора ҳам, фронтда уруш қилаётган Россия кучишлатарлари ҳам янги одамларга катта эҳтиёжи борлигини қўрқмасдан айтиш мумкин. Кўнгиллилар оқиб келмоқда (шундай бўлаётгани эҳтимоли ҳам бор), деб берилаётган рапортларга қарамасдан, тирик жонлар миқёси анча қисқарган жанговар ҳаракатлар шароитида ҳам етишмаяпти.

Ушбу вазиятда РФ мудофаа вазирлиги яқинда ўтказган брифингда ҳарбий десант қўшинларининг янги бригадаларини тузиш ниятида эканини эълон қилди. Қолаверса, бу Сергей Шойгу томонидан йил бошида эълон қилинган, армияни кенгайтириш режаларига тўлиқ мос тушади.

“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг

Ўхшаш янгиликлар