• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +5°C
Detail image

Фаластинлик журналист бир лаҳзада 22 нафар яқинидан айрилди

Мўмин ал-Шарафий бошига улкан мусибат тушганига қарамай репортаж узатишда давом этган.

Исроил армияси Ғазодаги Жабалия қочқинлар лагерини бомбалаши оқибатида «Ал-Жазира» телеканали Араб хизмати мухбири Мўмин ал-Шарафийнинг 22 нафар оила аъзоси – ота-онаси, ака-сингиллари, жиянлари ва бошқа қариндошлари ҳалок бўлди.

Журналистнинг яқинлари Жабалиядаги уйлардан бирида жон сақлаётган эди. 6 декабрь кун ташланган бомбадан ал-Шарафийлар қўним топган уйда улкан ўра ҳосил бўлган.

«Ал-Жазира» мухбири ҳатто яқинлари билан видолашиш ва майитларни иззат-ҳурмат билан дафн этишга ҳам имкон берилмаётганидан шикоят қилган.

Бошига улкан мусибат тушганига қарамай, репортаж узатишда давом этган мухбир онаси Амина ал-Шарафийнинг унга йўллаган сўнгги овозли хабарини эълон қилди. 

«Ассалому алайкум, хайрли тонг, Мўмин ўғлим, яхшимисан? Тан-жонинг соғми? Келиним, набираларим қандай? Ўзингни эҳтиёт қил, болам. Аллоҳ барчамизни бу урушдан эсон-омон олиб чиқсин. Сени соғиндим, дуои жонингни қилиб ўтирибман. Аллоҳ сени паноҳида сақласин!» – дея хабар йўллаган онаизор ўлдирилиши арафасида.

«Ал-Жазира» таҳририяти Исроилнинг ҳужумини қоралаб, ушбу жиноятни содир этганлар жавобгарликка тортилиши учун барча ҳуқуқий чоралар кўрилишини маълум қилган.

«Ал-Жазира» халқаро ҳамжамият ҳамда матбуот эркинлигини ҳимоя қилувчи ташкилотларни қатлиомни зудлик билан тўхтатиш ва шаҳидлар ҳамда бегуноҳ қурбонларнинг яқинлари учун адолатли  маҳкамани таъминлашга чақиради», – дейилади телеканал баёнотида.

Исроил ҳарбийлари ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан икки ойдан буён Ғазода қуруқлик ва ҳавода ҳарбий амалиёт ўтказмоқда. 1 декабр куни, олти кунлик гуманитар сулҳдан кейин яҳудий ҳарбийлари Ғазода жанговар ҳаракатларни қайта бошлади.

Айни пайтда Ғазо дунёда журналистлар ва уларнинг оиласи учун энг хатарли ҳудуд бўлиб қолмоқда.

Журналист Ваил Ал-Даҳдуҳ ҳам бир кечада рафиқаси, қизи, ўғли ва набирасидан айрилган.

Жорий йил 25 октябрь куни Исроил авиаҳужуми оқибатида «Ал-Жазира»нинг Ғазодаги яна бир мухбири Ваил Ал-Даҳдуҳ рафиқаси, қизи, ўғли ва набирасидан айрилган эди. Улар ҳам халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра дахлсиз саналган қочқинлар лагерида жон сақлаётган эди.

31 октябрь куни Жабалия лагерига уюштирилган ҳужумда «Ал-Жазира»нинг яна бир ходими Муҳаммад Абу Ал-Қумсаннинг 19 нафар оила аъзоси ҳаётдан кўз юмган.

Аввал хабар берганимиздек, декабрь ойи бошида Исроил ташлаган бомба оқибатида «Anadolu» ахборот агентлиги оператори Мунтазир ал-Савваф ва унинг ўнлаб яқинлари ҳалок бўлди.

Сўнгги икки ой ичида Ғазода 70 дан зиёд ОАВ ходими ўлдирилган. Ҳалок бўлган тинч аҳоли вакиллари сони 16 мингдан ошиб кетди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари тинч аҳоли вакиллари қонини тўкишни тўхтатишни талаб қилмоқда.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроил ҳужумларига нишон бўлаётган Ғазо минтақаси болалар қабристонига айланаётгани ҳақида бонг урган ва ноинсоний оммавий жазолаш амалиётига чек қўйиш лозимлигини айтган.

Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси икки ойдан буён сув, озиқ-овқат, электр энергия, ёнилғи ва тиббий хизматдан маҳрум ҳолда жон сақламоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қамалдаги ҳудудда юқумли касалликлар янада кенг тарқалишидан огоҳлантирган.

«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг

Ўхшаш янгиликлар