• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +19.1°C
Detail image
Эроннинг Исроилга ҳужуми шунчаки спектакль эдими?..
14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроил ҳудудига ўнлаб дрон ва ракеталар орқали ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берган эдик. Кеча чоп этилган мақолада икки ўртада уруш чиқиши эҳтимоли таҳлил қилинганди.

Айни пайтда халқаро жамоатчилик Эрон ва Исроил ўртасидаги таранглашиб кетган муносабатларни қизғин муҳокама қилмоқда. Ўзбекистонлик экспертлар ҳам бу борада ўз муносабатини билдирмоқда.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, Исроил Эроннинг Дамашқдаги элчихонасига ҳужум қилиб, ставкани оширган эди. Бунга жавобан Эрон тарихда биринчи марта Исроил ҳудудига тўғридан-тўғри ҳужум қилиб, ставкани янада оширди.

«Эроннинг Исроилга ҳужумини кўпчилик «спектакль» деб қабул қилибди. Катта, тўлақонли ва қақшатқич ҳужум билан қўрқитиш кампанияси ўртасида катта масофа бор ва бу спектакль эмас. Эроннинг мақсади – Исроилга катта талафот етказиш эмас эди. Мақсад – жиддийроқ жавоб қайтариш ва «Урушдан қўрқмайман, урушга тайёрман, керак бўлса, ўзингни қўрқитаман» дейиш эди ва деди. Эрон ўз репутациясини ҳимоя қилиш учун жиддий иш қилди. Бу ҳужум, лекин қақшатқич эмас, инсоний талофатлар йўқ. Лекин Эронда ракеталар ва дронлар кўп ва агар истаса, катта ва жиддий талафот етказа олади. Энди «тўп» Исроилнинг майдонида. Исроил ҳам бир томондан қўрқмаслигини кўрсатиш керак, иккинчи томондан катта урушга у ҳам тайёр эмас», – дейди К.Раббимов.

Шарқшунос Суҳроб Бўронов Эроннинг Исроилга ҳамласини «ахборот ниқобидаги прокси уруши» деб ҳисоблайди.

«АҚШ ва Исроил Эрондаги режимни сақланиб қолишидан манфаатдор давлатлар саналади. Чунки Эрондаги бошқарув режими Яқин Шарқ минтақасида сунний ва шиа рақобатининг бўлиб туриши ҳамда мусулмон оламининг бирлашувига қарши «бошқариладиган беқарорлик» муҳитини яратиш учун жуда зарур. Айрим араб монархиялари айнан сунний-шиа низоси сабабли ва Сэм тоғанинг босими остида Эрондан кўра Исроил томонида бўлишни афзал кўрмоқда. Ўз навбатида, Яқин Шарқдаги стратегик аҳамиятга эга мусулмон давлатларидан фойдаланиш ҳолатлари Эрон ва Исроил (АҚШ) томонлари учун одатий ҳолга айланган.

Масалан, АҚШ Эрон генерали Қосим Сулаймонийни ўлдиришда Ироқдан фойдаланган бўлса, Исроил Эрон генерали Муҳаммад Зоҳидийни йўқ қилишда Суриядан фойдаланди. Эрон эса Исроилга қарши Ливан, Яман ҳудудларидан жавоб зарбаси берганини маълум қилди. Бошқача айтганда, Эроннинг Исроилдан оладиган «қасоси» оммани медиа орқали бошқариш учун керак, холос. Ундан ортиғига қўл уруши амалдаги Теҳрон режимини хавф остига қўяди. Хуллас, буни ахборот ниқобидаги прокси уруши деб аташ мумкин. Кўриниб турганидек, иккала давлат тўғридан-тўғри бир-бири билан урушмайди. Бу ўйинда фақат Фаластин, Сурия, Ироқ, Ливан, Яман сингари давлатлар жабр кўради
», – дея мулоҳазалари билан ўртоқлашди С.Бўронов.

Таҳлилчи Муҳаммадқодир Собиров ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун урушларни юзага келтириш барча диктатураларга хос одат эканини таъкидлайди.

«Диктатуралар бир хил бўлади. Тахтни сақлаб қолиш учун кетма-кет муаммолар яратади. Ғазодаги уруш деярли тугаб, ҳатто ўз фуқаролари ва иттифоқчилари ҳам унинг ҳаракатларини қоралашни бошлагач, Нетаняҳу янги кескинлик яратишга тушди ва кафолатланган рақиб – Эронга зарба берди. Энди яна хавф пайдо бўлди, яъни аҳолини чалғитиш учун янги сабаб бор. Нетаняҳунинг сиёсий умри яна узайди. Бу Путиннинг аввал Чеченистон, сўнг Грузия, кейин Украина билан бошлаган урушлари аналоги», – дейди у.

Таҳлилчига кўра, Эронга ҳам бу уруш зарар қилмайди. Чунки мамлакат аҳолиси ҳукуматдан норози. Айни чоқда, у агар катта уруш бошланса Эрон қудратли рақиб қаршисида ёлғиз қолиши, чунки унинг тарафдорлари ўз муаммолари билан банд эканини қайд этган.

«Davletov» канали эса Тель-Авив ҳам, Теҳрон ҳам «олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган» сиёсий марказлар эканига эътибор қаратган.

«Битта нарсани унутмаслик керакки, Эрон шу пайтгача Исроилга қарши «прокси» уруш олиб борар эди. Яъни «бошқаларнинг ҳудудидан бошқаларнинг қўли билан» ҳужумлар уюштирар эди. Бу гал эса ўз ҳудудидан ҳужумни амалга оширди. Экспертлар Эрон ҳам, Исроил ҳам энди ҳовуридан бироз тушишига умид қилмоқда. Лекин иккала тараф ҳам «олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган» давлатлар сирасига киради. Қолганини вақт кўрсатади», – деб хулоса қилади муаллиф. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг

arenda kvartira tashkent


Ўхшаш янгиликлар