• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +19.3°C
Detail image
"Динамо" ЕЧЛда ўйнаган ҳужумчи билан шартнома имзолади
Суперлига янги мавсуми олдидан "Динамо" жамоаси селекция ишларини давом эттирмоқда.

Клуб мураббийлар штаби таклифига кўра, "Динамо" жамоаси сафига Босния ва Герцоговина мамлакатидан Александар Глишич келиб қўшилди. 29 ёшли форвард жамоанинг ҳужум чизиғини кучайтириш учун таклиф этилган. Босниялик ҳужумчи билан бир йиллик шартнома имзоланди.

1992 йилда туғилган Глишич фаолиятини 2011 йилда Босниянинг "Црвена Земля" клубида бошлаган бўлса, 2015-2018 йиллар давомида "Радник" клуби шарафини ҳимоя қилган. 2019 йил Арманистоннинг "Бананц" клубига ўтган Александар ярим мавсумдан кейин мамлакат чемпиони "Алашкерт"дан таклиф олиб, сўнгги бир ярим йилда Ереван клуби сафида Арманистон Премьер-лигаси чемпиони, кубоги ва Суперкубоги ғолибига айланган. "Алашкерт" сафида жами 48 ўйинда 15та голга муаллифлик қилган.

Қайд этиш жоиз, Александар Глишич 2021/22 йилги мавсумда бир йўла Европанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли учта турнири – Европа Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва Европа Конференциялар лигасида тўп тепган кам сонли ўйинчилардан бири бўлди. Босниялик 29 ёшли форвард "Алешкерт" сафида дастлаб Европа Чемпионлар лигаси биринчи саралаш босқичида июль ойида Уэльснинг "Коннас-Ки" клуби тўсиғидан ўтган бўлса (1:0, 2:2), иккинчи саралаш босқичида "Шериф"га қарши ўйин ўтказиб, мағлуб (1:3, 0:1) бўлган ва "Алешкерт"нинг ягона голи Глишич томонидан киритилган. Натижада, "Шериф" ЕЧЛдаги сенсацион юришини бошлаган бўлса, "Алешкерт" Европа лигаси саралаш босқичида қатнашган.

Август ойида ўтган Европа лигаси плей-офф босқичида эса айнан Глишичнинг 103-дақиқадаги голи "Алешкерт"га Қозоғистон чемпиони "Қайрат" устидан ғалаба келтирган (0:0 / 3:2). Бир ҳафта ўтиб, Европа лигаси гуруҳ босқичига ўтиш ўйинида эса Глишич "Алешкерт" сафида Стивен Жеррард мураббийлигидаги "Глазго Рейнжерс"га қарши икки ўйинда ҳам тўп тепган, Арманистонда 0:0 ҳисоби қайд этилган, Шотландияда эса "Рейнжерс" 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, гуруҳ босқичига чиққан.

Шу тариқа, Глишич Европа Конференциялар лигаси жорий мавсуми гуруҳ босқичига тушган "Алешкерт" сафида Финландиянинг "ХИК", Австриянинг "ЛАСК" ва Исроилнинг "Маккаби" клубларига қарши ўйинларда майдонга тушиб, 1та гол ва ассистларга муаллифлик қилган.

Арманистон чемпиони билан шартномасини узайтирмаган босниялик футболчи "Динамо"га эркин агент сифатида қўшилиб, шартнома имзолади.

"Динамо" клуби матбуот хизмати

Ўхшаш янгиликлар