• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +16°C
Detail image
Ғазода фожиа: Юздан ортиқ одам гуманитар ёрдамга навбатда турганида ҳалок бўлди
Фото: Видеодан кадр
29 феврал тонгида Ғазо секторида инсонпарварлик ёрдами учун навбатда турганлардан юздан ортиқ киши ҳалок бўлди. Фаластин томони версиясига кўра, бу исроиллик ҳарбийлар оломонни ўққа тутиши оқибатида рўй берган. ЦАҲАЛ вакиллари қурбонларнинг аксари отишма билан эмас, тиқилинч билан боғлиқлигини билдирган.

Ҳодиса маҳаллий вақт билан эрталабки соат 4:30 атрофида, Ғазодаги Ан-Наблуси туманига инсонпарварлик ёрдамлари ортилган 30 га яқин юк машинаси кириб келган маҳалда рўй берган. Улар сектор жанубидан шимол томон ҳаракатланган. Гувоҳларга кўра, одамлар озиқ-овқат олиш умидида машиналарни ўраб олганида исроилликларнинг танклари ва дронлар уларга ўт очган. «Ал-Жазира» мухбири воқеа жойидан хабар қилишича, ўт очилиши ортидан танклар йиғилганлар устига юра бошлаган.

ҲАМАС ҳаракатига бўйсунувчи Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, отишма оқибатида камида 112 киши ҳалок бўлиб, яна 760 киши яраланган. «Ал-Жазира» хабарига кўра, қурбонлар сони ортиши мумкин, чунки яқин атрофдаги шифохоналар ёнилғи ва дори-дармон етишмаслиги туфайли оғир аҳволдаги ярадорларга керакли ёрдамни кўрсата олмайди.

Исроил ҳодиса фактини тасдиқлаган, аммо ҳарбийлар оломонни қасддан ўққа тутганини инкор этган. ЦАҲАЛ версиясига кўра, юк машиналари Исроилдаги назорат-ўтказиш пунктидан Ғазога ўтганида, уларни талончилик мақсадидаги юзлаб одамлар қуршаб ола бошлаган. Бу эса тиқилинчга олиб келган ва одамлар ҳалокатининг асосий сабаби шу бўлган. Улардан айримларини ваҳимага тушган ва олдинга юришга ҳаракат қилган ҳайдовчилар босиб кетган.

Ҳарбийлар дрон орқали олинган видеони намойиш этган, унда юзлаб одамлар инсонпарварлик ёрдами ортилган юк машиналари атрофида тўпланганини кўриш мумкин; кадрларда автомобиллар тўғридан тўғри одамлар устига юради.

ЦАҲАЛ расмийлари ҳарбийлар чиндан ҳам ўт очганини тан олган, аммо бу алоҳида ҳолат эканини билдирган. Исроил версиясига кўра, колонна ўтиб кетганидан кейин ўнлаб фаластинликлар назорат-ўтказиш пункти томон юра бошлаган, бу эса аскарлар учун хавф туғдирган — ўшанда аскарлар аввалига ҳавога ўқ узишган, кейин эса нишонга ола бошлашган. ЦАҲАЛдагиларга кўра, бу ҳодиса вақтида «10 га яқин» киши ҳалок бўлган.

CNN воқеага гувоҳ бўлган маҳаллий журналистга таяниб хабар беришича, одамларнинг кўпчилиги чиндан ҳам тиқилинч вақтида автомобиллар ғилдираклари остида қолиб ҳалок бўлган. Шу билан бирга, журналист бу тиқилинчга исроиллик ҳарбийлар ўт очиши сабаб бўлганини таъкидлаган.

Воқеага гувоҳ бўлган фаластинликлардан бири BBC билан суҳбатда тартибсизлик юзага келганида юк машиналари олдинга юришга урингани, ҳалок бўлганларнинг кўпчилигини машиналар босиб кетганини тасдиқлаган.

Фаластин ТИВ Исроилнинг ҳаракатларини қоралаб, бўлиб ўтган воқеани «совуққонларча қирғин» деб атаган. Вазирлик халқаро ҳамжамиятни зудлик билан вазиятга аралашишга ва Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилишини таъминлашга чақириб, буни тинч аҳоли муҳофазаси учун ягона имконият деб атаган.

AFP / Scanpix / LETA
АҚШ ҳодисани «жиддий воқеа» деб атаб, келиб тушаётган маълумотлар ўрганилаётганини маълум қилган. Президент Жо Байден эса бу ҳодиса АҚШ ва бошқа воситачиларнинг ҲАМАС ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича вақтинча сулҳга эришиш бўйича ҳаракатларини қийинлаштириши мумкинлигидан хавотир билдирган. БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳодиса юзасидан фавқулодда йиғилиш ўтказади.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сектор ҳудудида тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони 30 мингдан ошган. Бу маълумотни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ, аммо БМТ ва Қизил Хоч олдинроқ Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги баҳоларини тўғри деб қабул қилишини билдирганди. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг

Dasturlash foundation


Ўхшаш янгиликлар