• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +28°C
Detail image

PwCJuniper ResearchMcKinseyIMD ва Сингапур технологиялар ва дизайн университети сингари йирик тадқиқот агентликлари ҳар йили қайси шаҳар бошқаларига нисбатан «ҳақиқий келажак ақлли шаҳри» орзусига яқинлашганини аниқлашга уриниб кўради ва тегишли рейтингларини эълон қилиб боради. Деярли барча рейтингларда Сингапур, Нью-Йорк, Сан-Франциско, Лондон, Цюрих, Амстердам, Копенгаген ва Стокгольм каби шаҳарлар ўзаро рақобатлашаётганига гувоҳ бўламиз.

Ҳақиқий «ақлли шаҳар» қандай бўлади? Сингапур, Амстердам, Сан-Франциско мисолида кўриб чиқамиз.

Сингапур — ақлли технологиялар полигони

Сингапурни ҳеч муболағасиз ақлли технологиялар синовдан ўтадиган полигон, дейиш мумкин. 5,8 млн киши яшовчи ушбу шаҳар-давлатда Smart Cityнинг ишланмаган, йўлга қўйилмаган технологиялари йўқ ҳисоби. Мамлакат фуқароларнинг ҳаётини янада яхшилаш учун ахборот-коммуникация технологияларининг бор салоҳиятидан фойдаланиш кўзда тутилган Smart Nation давлат дастурини амалга ошириш 2017 йилда бошланган.

Ишониш қийин, аммо Сингапурдек аҳолиси ўта зич мамлакат йўлларига тиқинлар бегона. Ўзиюрар автобуслар, шатллар, таксилар жуда кўп, ҳатто ҳукумат улар учун стандартларгача ишлаб чиққан.

Сингапур фуқаролари тезкор рақамли хизматлардан CODEX рақамли платформаси — электрон ҳукумат воситасида фойдаланишади. CODEX иловаси ёрдамида иш топиш, ота-оналар чақалоғини рўйхатдан ўтказиши, фарзандларини боғчага жойлаштириши ёки эмлаш ҳақида керакли маълумотга эга бўлиши мумкин.

Сингапур рақамли инфратузилмаси шунчалик ажойибки, нафақат тайёр хизматлардан фойдаланишингиз, балки ўзингиз ҳам бирон-бир хизматни кўрсатишингиз мумкин. Масалан, MyResponder иловаси кўнгилли шифокорларга бир киломертгача радиусда соғлиғида муаммо пайдо бўлган одам ҳақида маълумот йўллайди. Агарда бу инсоннинг юраги билан боғлиқ дард бўлса, ҳар бир сония муҳим, ўз вақтида кўрсатилган ёрдам инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Тез ёрдам чақирувчи шахсий «тугма» бугунги кунда ҳар бир кекса сингапурликнинг доимий ҳамроҳига айланган.

Коммунал хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда хавфсизлик даражасини ошириш учун шаҳарда ақлли сенсорлар платформасидан фойдаланилади. Узатгичлар ишлатилган сув ҳақидаги маълумотларни smart-ҳисоблагичлардан тинмай жўнатиб тургани учун ортиқча сув сарфи ва қувурлардаги носозликлар тезда аниқланади.

Кўча чироқлари устунлари ҳам турли сенсорларга тўла. Улар ҳаво сифати, сув сатҳи, ёғин миқдорини ўлчайди, ўтган-кетган одамларнинг юз тузилишидан шахсиятини аниқлайди. Олинаётган катта маълумотлар оқими нейротармоқ ёрдамида таҳлил қилинади.

Шаҳар-давлатнинг сув ҳавзалари «компьютер кўзи» тизими назоратида. Фавқулодда воқеа содир бўлса, масалан, биронта чўкаётган одамни пайқаса, тизим дарҳол қутқарувчиларни чақиради.

Сингапур, ҳеч шубҳасиз, дунёдаги «ақлли шаҳар». Ушбу мақомга даъвогар бошқа шаҳарлар ўз инфратузилмаларига бунчалик кўп технологияларни жалб қилишга ургуришмаган.

Углероддан холи Амстердам

Нидерландия пойтахти Амстердам — «ақлли» бўлишга интилаётган дунё шаҳарлари орасида етакчилар қаторида.

Шаҳарда 2009 йили Amsterdam Smart City лойиҳаси ишга туширилган. Бу аввалига Амстердамни углероддан холи, яъни экологик тоза энергия шаҳрига айлантиришга қаратилган Amsterdam Innovation Motor ҳамда Alliander электр тармоқлари операторининг ҳамкорликдаги ташаббуси эди.

Энди эса Amsterdam Smart City қамрови кенгайиб кетди, шаҳар маъмурияти, тадбиркорлар ва тадқиқот муассасалари (70 дан зиёд субъект)ни бирлаштирган улкан тизимга айланди. Унинг доирасида 200 дан ортиқ лойиҳалар ишга туширилди. Шулардан бири — Amsterdam Sharing City.

Amsterdam Sharing City фуқароларнинг уюшқоқлигига асосланган ва ижтимоий чегараларни бартараф этган ҳолда мавжуд ресурслар (энергия, ер-жой, пул-маблағлар)дан фойдаланишни оптималлаштиришга хизмат қилади.

Амстердамнинг City-zen лойиҳаси

City-zen ҳам кенг оммалашган лойиҳалардан. Тураржойларни марказлашган совитиш тизимига улашга қаратилган ушбу лойиҳа, худди шаҳар марказлашган иситиш тизими каби, ҳар бир уйнинг ҳавога заҳарли газ (карбонат ангидрид) чиқаришини 80 фоизгача камайтиришга йўналтирилган.

Сан-Франциско — яшил ақлли шаҳар

АҚШнинг Калифорния штати шимолида, Тинч океани соҳилида жойлашган Сан-Франциско ҳам дунёнинг энг технологик тараққий этган шаҳарларидан бири ҳисобланади.

Бир пайтлар эскирган транспорт тизими шаҳарнинг тараққиёти йўлидаги асосий ғовлардан бири эди. Аммо ҳаммаси ўтмишда қолди. Смартфонлар ёрдамида масофадан тўлов усуллари кириб келди, машиналарни қўйиш жойларини бошқариш тизими — SFpark жорий этилди: Америкадаги энг зўр транспорт тизимларидан бири энди шаҳарда!

SFpark — смартфон иловаси, шаҳарнинг қайси ҳудуди, сутканинг қай палласи, ҳафтанинг қайси куни эканига қараб парковкаларнинг нархини аниқлайди. SFpark ишлатилиши бошланганидан бери сан-францисколиклар машиналарини қўйишга икки баравар кам вақт сарфлашяпти, йўлларда тиқинлар сони ва ҳавонинг заҳарли газлар билан тўйиниши ҳам каррасига қисқарди.

SFpark — Сан-Францисконинг «ақлли» парковкалари

Сан-Франциско дунёдаги энг яшил ақлли шаҳарлардан бири эканлиги билан ҳам ажралиб туради. Шаҳарда бинолар жуда зич жойлашган, бироқ ҳамма бинолар майдонининг 15 фоизини қуёш панелларига ажратиши шартлиги қонунан мустаҳкамлаб қўйилгани боис, тоза энергия ташаббусларининг аксариятида доимо етакчи.

Ўхшаш янгиликлар