• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +20°C
Detail image

Хизмат кўрсатиш соҳасининг ЯИМдаги улуши АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Япония каби ривожланган давлатларда 70 фоиздан ошишини билармидингиз? Охирги вақтларда Ўзбекистонда ҳам ушбу соҳа тобора ривожланиб бораётганиничи?

Ҳар бир инсон яхши яшашни истайди. Яхши яшаш учун эса, хизмат кўрсатиш соҳаси яхши ишлаши керак. Тан олиш лозим, сўнгги йилларда айнан шу соҳа энг ривожланаётганлардан бири бўлиб турибди.

Президент Шавкат Мирзиёев бежизга хизмат кўрсатишга катта эътибор қаратмаяпти. «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан ушбу соҳанинг ривожини ўрганиш мақсадида ўтган ҳафта Жиззах вилоятига пресс-тур ташкил этилди.

Шунингдек, пресс-тур доирасида иштирокчилар Банкнинг Жиззах вилояти филиали фаолияти билан ҳам танишдилар.

«Ўзмиллийбанк» АЖ Жиззах вилояти филиали 1994 йил 30 октябрда ташкил топган бўлиб, шу кунга қадар Жиззах вилоятининг турли ҳудудларида фаолият юритиб келмоқда. Жумладан, Жиззах шаҳрида, Жиззах Эркин иқтисодий зонасида ва Мирзачўл туманида банкнинг 3 та филиали хизмат кўрсатиб келаётган бўлса, Пахтакор туманида 1 та Банк хизматлари офиси (БХО) эса аҳолига сифатли банк хизматларини тақдим этмоқда.

Мазкур филиаллар ва БХОлар томонидан ажратилган кредитлар ҳисобидан Жиззах вилоятида катта майдонларда интенсив боғлар, йирик сиғимли замонавий музлатгичлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш марказлари, умумий овқатланиш масканлари ташкил топди. 2021 йилда тармоқлар бўйича таҳлил қилинганда саноат соҳасида 152,0 млрд. сўмлик 24 та лойиҳа, қишлоқ хўжалигида 59,8 млрд. сўмлик 49 та лойиҳа, хизмат кўрсатишда 92,1 млрд. сўмлик 132 та лойиҳа амалга оширилган. Ушбу тадбиркорлик субъектларига кредит маблағлари ажратилиши натижасида 2 618 та янги иш ўринлари яратилган.

Филиалда жами 159,2 мингта мижозларга хизмат кўрсатилади. Шундан 152,5 мингтаси жисмоний шахслар ва 6,7 мингтаси юридик шахслар ҳисобланади. Жисмоний шахсларнинг жами депозит қўйилмалари 82,3 млрд. сўмни ташкил этади. Тўлов пластик карточкаларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида жойларда 13 та банкомат, 3 та инфокиоска, 1110 та савдо терминаллари дислокация қилинган.

Бундан ташқари, аҳолига валюта амалиётларида қулайликлар яратиш мақсадида вилоят ҳудудида филиалга тегишли 4 та валюта айирбошлаш шахобчаси ва 24/7 режимда хизмат кўрсатувчи 1 та автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шахобчаси (банкомат) шахар ва туман фуқароларига ҳамда ташриф буюрган меҳмонларга хизмат кўрсатмоқда.

Банкнинг филиалида замонавий инновацион банк хизматлари кўрсатилишига алоҳида аҳамият қаратилган. Банк мижозларининг 53 фоизи масофадан бошқариладиган банк хизматларидан фойдаланмоқдалар. Бунда ҳисобрақамларда банк айланмаларини амалга ошириш, онлайн кредит расмийлаштириш ёки кредит қарздорлигини қоплаш, халқаро ва миллий пластик карточкаларда хар қандай банк амалиётлари ҳамда тўловларни амалга ошириш, омонат расмийлаштириш амалиётлари, хорижий валюталарда конверсион амалиётлар, пул ўтказмалари каби банк хизматларидан масофадан фойдаланиш мумкин.

Шунингдек, Жиззах вилояти тўқимачилик, текстил маҳсулотлари, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда боғдорчиликка ихтисослашган бўлиб, хусусан бугунги кунда хизмат кўрсатиш соҳаси вилоятнинг асосий драйверига айланиб улгурди.

Бугунги кунда вилоят иқтисодий кўрсаткичларида хизматлар соҳасининг улуши ҳам жадал суръатларда ошиб бормоқда. Мазкур йўналишда вилоятда 14 мингдан зиёд корхона айнан сервис соҳасида фаолият олиб боряпти.

2021 йилда вилоятда хизмат кўрсатиш ҳажми 2,3 трлн. сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 118,0 фоизга етган. Бугун вилоятда 14 мингдан зиёд корхона айнан сервис соҳасида фаолият олиб бораётган бўлса, ҳудудда яна 4 мингдан зиёд хизмат кўрсатиш шохобчаларига эҳтиёж мавжуд.

Жорий 2022 йилнинг 1 чорак якуни вилоятда хизмат кўрсатиш хажми 1 трлн. 747 млрд. сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 116,0 фоизга етган ҳамда 7,8 мингта янги иш ўринлари яратилган. Йил бошидан янги ташкил этилган хизмат кўрсатиш корхоналари сони 696 тани ташкил этади.

Жорий 2022 йилда вилоятда хизмат кўрсатиш хажмини 9,9 трлн.сўмга етказиш режалаштирилган бўлиб, бунда 25,7 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши белгиланган.

Ўхшаш янгиликлар