• 10525.50
  • 12763.22
  • 141.09
weather Тошкент: +15.4°C
Detail image

Ҳазрат Алишер Навоий шеъриятда байроқ тортиб бутун туркий оламни якқалам этган зотдир, деди Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр Тошкентда ўтаётган «Алишер Навоий жаҳон шарқшунослари нигоҳида» мавзусидаги халқаро илмий анжуманда.

Улуғ мутафаккир бобомизнинг 580 йиллиги муносабати билан ташкил этилган халқаро конференцияда АҚШ, Туркия, Франция, Швеция, Венгрия, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон, Ҳиндистон, Покистон, Миср, Эрон, Афғонистон каби мамлакатлардан 130 га яқин вакил – атоқли навоийшунослар, профессорлар маъруза билан қатнашмоқда.

Машварат Туркий тилли давлатлар кенгаши, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ), Тошкент давлат шарқшунослик университети, Анқара, Мармара, Анқара Ҳожи Байрам Вали, Аллома Таботабоий, Кобул университетлари, Қозон федерал университети, Р.Б.Сулейменов номидаги шарқшунослик институти, шунингдек, Туркия, Эрон, Озарбайжон ва Афғонистоннинг Ўзбекистондаги дипломатик миссиялари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Халқаро анжуманда 15 давлат вакиллари – таниқли навоийшунослар, профессорлар қатнашмоқда.

«Шубҳасизки, бу тилни энг гўзал тарзда қўллаган, сўзларни наққошдек саралаб, беназир мисралар битган шоирларимизнинг бошида Алишер Навоий турадилар. Асарлари фақатгина Туркистонда эмас, Озарбайжонда ҳам, Онадўлида ҳам катта завқ ва ҳайрат билан мутолаа қилинган Алишер Навоийни Усмоний шоирлари ўзларининг устози деб эъзозлаганлар, шеърларига XV асрдан бери назиралар битганлар. «Навоий тили» деб аталган чиғатой тили асосида ривожланган  ўзбек тили бугун ҳам унда яратилган асарлари билан бутун жозибасини намоён этиб келмоқда», – деди Туркия элчиси Меҳмет Сурайё Эр.

Алишер Навоийни «туркий адабиётнинг қутб юлдузи» деб атаган дипломат улуғ мутафаккирнинг ижоди бугун ҳам туркий миллатлар учун умумий хазина бўлиб келаётганини таъкидлади. 

«Туркия жумҳуриятининг Ўзбекистондаги элчиси сифатида мени энг хурсанд қилган жиҳат – хизматим давомида ўз мамлакатимда, Онадўли диёрида юргандек ҳис қиламан. Орамизда минглаб километрлик масофа борлигига қарамай муштарак тилимиз ва тамаддунимиз туфайли айни мақолларни, маталларни ва ибораларни қўллашимиз, бир-биримизнинг миллий шеър ва ашулаларимизни тинглаб, айни завқни ва туйғуни ҳис қилишимиз, балки турк оламининг бутунжаҳон миқёсидаги энг катта бойлигидир. Шундай яқинлик туфайли ҳаётга айни дарчадан боқа оламиз, минглаб фарсах олисда бўлсак-да қалбларимиз битта орзу йўлида уради», – деди дипломат.

Нотиқ ўз маърузасида ўзбек тилини ҳам туркий дунёнинг қимматли бойликларидан бири деб атади.

«Ўзбек тили – Мовароуннаҳрнинг юрагида гуллаб-яшнаган турк дунёсининг асосий бойликларидан биридир. Бу қадимий заминда пайдо бўлиб, юксалган муштарак тамаддунимиз хазиналарини  авлоддан авлодга етказилишини таъминлаган ўзбек тили маданият, адабиёт, илму ирфон тили сифатида турк ва ислом оламида алоҳида ўринга эга», – деди Туркия элчиси.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 19 октябрдаги қарорига мувофиқ, жорий йил буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон яқинда имзолаган қарорга кўра эса, мамлакатда 2021 йил Юнус Эмро ва Турк тили йили деб эълон қилинди.

Элчи Меҳмет Сурайё Эрга кўра, туркий дунёнинг икки буюк сиймоси хотирасига муштарак тарзда эҳтиром кўрсатилаётгани теран рамзий маънога эгадир. Зеро, бу  давлат раҳбарларининг турк дунёсининг муштарак меросига катта аҳамият бераётганини кўрсатади.

Қайд этиш жоизки, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам Алишер Навоий номини бир неча марта дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган мутафаккир сифатида эътироф этган. Хусусан, 2020 йил февраль ойида президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда Туркия етакчиси ҳазрат Навоийга илму ижоди билан дунёга эзгулик улашган зот сифатида ҳурмат изҳор этган.

Маълумот ўрнида айтиш кераккки, айни вақтда Туркия китоб фондларида Навоий асарларининг 100 дан ортиқ қўлёзмалари сақланмоқда.

Ўхшаш янгиликлар