• 10830.17
  • 11391.17
  • 203.96
weather Тошкент: +26.2°C
Detail image

Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассислари 2023 йилнинг 1-18 март кунлари Ўзбекистон майдонларида ўтказиладиган U-20 Осиё кубогига тайёргарлик ишларини бошлаб юборган.

ЎФА президенти Абдусалом Азизов ОФК таснифидаги турнирларни янада юқори савияда ўтказиш, мусобақалар географиясини ошириш юзасидан бир қатор топшириқлар берган. Ҳудудларга Қарши ва Наманган вилоятлари мисолида футбол инфратузилмасини босқичма-босқич халқаро стандартларга мос келтириш вазифасини топширган.

Шу мақсадда кеча, 22 июнь куни ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухорога борган. Ташриф давомида вилоятдаги мавжуд шароитлар, футбол инфратузилмаси, стадионлар, машғулот майдонлари ҳамда делегациялар жойлашадиган меҳмонхоналардаги қулайликлар ва хизмат сифати, яшаш хоналари ва овқатланиш жойлари ўрганиб чиқилган.

Равшан Эрматов Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов билан учрашиб, U-20 Осиё кубогининг бир гуруҳ учрашувларини Бухоро шаҳрида ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда якунига етган ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги финалида Ўзбекистон Саудия Арабистонига ютқазиб, иккинчи ўринни олганди. Ушбу мусобақа бир қатор можароли вазиятлари билан ёдда қолган.

Масалан, даставвал чорак финалда Ироққа қарши ўйинда стадионга кирган мухлислар футболчиларга қарата тош ва бошқа буюмлар улоқтиришган. Кириш текин бўлган ўйинга кирмоқчи бўлган журналистлар ИИБ ходимлари томонидан калтакланган эди.

Кейинроқ ИИВ тошбўрон уюштирганларни ушлаб, жазолаган, аммо журналистларнинг калтакланганини рад этган. Хабарларга кўра, журналистларнинг видеокамералари олиб қўйилган ва ичидаги барча маълумотлар ўчирилган.

Ушбу тошбўрон учун Осиё футбол конфедерацияси мусобақани ўтказишда хавфсизликни таъминлай олмагани учун Ўзбекитонни 50 минг долларга жаримага тортган ва ярим финал ўйинини мухлисларсиз ўтказишга қарор қилганди.

Бундан кейинги энг катта можаро финал ўйини учун чиқарилган чипталар билан содир бўлган. Аввалига чипталар фақат онлайн сотилади дейилган, аммо якунда маълум бўлганки, чипталар сотувга чиқарилишидан анча аввал ўз эгаларини топиб улгурган.

Натижада 25, 50 ва 100 минг сўмлик чипталар амалда бир неча баравар қимматга сотилган. Ушбу ҳолатга ЎФА ҳалигача бирор тайинли изоҳ бермаган. Чипта можароси ҳам унут бўлиб улгурди.

Ўхшаш янгиликлар