• 10525.50
  • 12763.22
  • 141.09
weather Тошкент: +18.5°C
Detail image

Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил — Омбудсманнинг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

Унда депутат Расул Кушербаев Омбудсманнинг 2019 йилги ҳисоботида 139 маҳбусдан қийноқлар юзасидан шикоят келиб тушгани, лекин бу ҳолатлар тасдиқланмаганини айтиб ўтди.

«2019 йилги Омбудсманнинг ҳисоботига кўра, 139 нафар маҳбусдан қийноқлар билан боғлиқ шикоят келган. Омбудсман «биз буни прокуратурага чиқариб, ўргандик, лекин бирорта ҳолат аниқланмади» деганди. Шу ерда масала очиқ қолган эди. Гўёки «маҳбуслар бизни қийнаяпти» деб, ёлғон ахборот бераяпти ёки алдаяпти. Ички ишларни қамоқхоналар бўйича масъул раҳбаридан қийноқ ҳолатини тасдиқланишини асосий факти нима деб сўраган эдим, бу ўша ердаги тиббий хизмат берадиган маълумотнома билан экан. Кейин «Қамоқхоналардаги тиббий хизмат кимга бўйсунади?» деб сўрадик. Шунда у «қамоқхонани ўзига бўйсунади» деди. Бу ўз-ўзидан қийноқлар аниқланмаётганига жавоб бўлди», — дея таъкидлади Кушербаев.

Депутат ўтган йилги ҳисоботда Омбудсман бу борадаги ИИВнинг йўриқномасини бекор қилиш ва у ердаги тиббиёт хизматини тўғридан-тўғри Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўйсунувига ўтказишни таклиф қилганига тўхталди.

«Ҳалигача, шу масала очиқ қолиб кетди. Бизга қамоқхоналардаги тиббий хизматни ички ишлардан олиб, ўзини эгасига, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўйсунувига ўтказишга нима халақит беряпти?», — деди қуйи палата депутати.

Омбудсман Феруза Эшматова ўтган йилги ҳисоботларда ўзи иштирок этмаганини айтиб, бу таклиф ва ташаббусдан бехабарлигини, ҳолат бўйича масъул ходимлар жавоб беришини қайд этди. «Агар ўрганишлар бўлмаган бўлса, бу йил биз шу масалани ўрганиб чиқамиз», — деди Эшматова.

Бу масалада Омбудсман котибият мудири Саидбек Азимов тушунтириш берди.

«Бу ерда соғлиқни сақлаш ва ички ишлар, асосан бу уларнинг келишувига боғлиқ. Лекин биз ҳозир ҳам шу фикрдамиз, соғлиқни сақлашни ўзига ўтказиш керак. Агар Қонунчилик палатаси шу масалани кўтариб, қўллаб-қувватласа, муаммо ўз-ўзидан ечилади. Яқинда 13-колонияга ҳам бориб келдик. Ойлик жуда ҳам паст. Тиббиёт ходимлари у ерда фуқаро қаторида, уларни ўзини муҳити бор. Шу учун уларни ўзларини чақириб туриб, таклифини инобатга олиб, ечимини топса бўлади», — деди Саидбек Азимов.

Ўхшаш янгиликлар