• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +22°C
Detail image

«Ўғлим икки ёшлигида қайноғам (эрнинг акаси) чопонига ўраб олиб кетиб қолган, фарзандсиз эди, «яна туғиб олаверасан» дегандек. Қайнотам ҳам қайнонам ҳам шу ҳолатни қўллаб-қувватлаган. Кейин бирин-кетин қизларим туғилди, қизларимдан бирининг исмини Ўғилой қўйдим, аммо яна бирин- кетин қиз туғилди, менинг биргина ўғлим бўлишини шу қадар истардимки. Қизларим ўғилдан каммас, куёвларим ҳам яхши, лекин барибир юрагимда армон бор...»

Фарғонанинг Қўштегирмон қишлоғида Кўпайсин Каримова исмли аёл бор. Етти қизини ўқитган, деҳқончилик қилиб, сомса сотиб қизларининг ўқимишли бўлишига эришган. Ўшанда «Оилам» лойиҳасига бу онахондан интервью тайёрлагандик. Суҳбатимизнинг бошидан то охиригача овози қалтираб, ичидаги армонини, соғинчини босолмаганди. Бугунги ҳаёти, эришган ютуқлари ҳақида ҳар қанча савол бермайлик онахон ўша ҳадя қилинган ўғли ҳақида гапиргиси келаверганди.

Четдан қараганда йиллаб фарзанд кўрмаган қайноғани ва овсинни тушунгингиз келади, аммо бу фикрларни ўз юрагингиздан ўтказиб қарасангиз... адолатсизликни кўрасиз. Бу ерда гап гарчи гўдак бўлса ҳам бир ИНСОН, инсон тақдири ҳақида кетяпти. Бутун бошли бир инсон худди иккита нон ёки тарвуз қўлтиғига қистириб олиб кетилгандек.Унинг кейинги тақдири нима бўлиши, ҳеч қандай танловга эга бўлмаган келин (ахир у ҳам инсон, қолаверса)нинг соғинчи ҳеч кимни зарра қизиқтирмаган. Онанинг айтишича, ўғли каттариб эсини танигач ҳар доим нега мени бериб юборгансизлар, нега мени осонгина бериб юборгансизлар, мен керак бўлмаганми, деган гапларни кўп айтган ва бола мана шундай ўксик қалб билан вояга етган.

Яна масалага кенгроқ қарасангиз бу ерда онанинг ва боланинг ҳуқуқлари бузилган...аммо ўша пайтлари ҳам ҳозиргидек бу нарсаларга оддий кўз билан қаралган, ҳуқуқий ечими изланмаган.

Жуда кўп эшитамиз, фарзанди йўқ оилага қариндоши ўз боласини берганларни, кейин қайтариб олганларни ёки бир умр ўша бола учун армон қилиб ўтган оналарни. Бу ерда фарзанди бўлмаган ота-она бегонани эмас, қариндошининг боласини асраб олгани, фарзандли бўлгани учун ютар, аммо фарзандидан айрилиб қолган онанинг қон ютиши эвазига, қурбонлик эвазига...

Бунинг ҳуқуқий ечими ҳақида кейинроқ, аммо динимизда бу ҳақда нима дейилган? Қуръондаги «Аҳзоб» сураси 5-оят «Тафсири Ҳилол» китобида шундай таснифланади: «Аллоҳ асранди фарзандлар ҳақида қуйидаги йўлни кўрсатади: «Уларни ўз оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир. Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ, бироқ қалбларингиз қасд қилган нарсада (бор). Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.» Бу оятлар нозил бўлгунича, одамлар бировнинг боласини ўғил қилиб олиб юрганлар. Инсонлар жамиятдаги мавжуд тушунча, урф-одатлар ила иш тутишган. Энди эса оят нозил бўлиб, бу одатни ботил қилди. Яъни «Асраб олинган фарзандларни асраб олган одамнинг номи билан эмас, ўзининг ҳақиқий отаси номи билан чақиринглар». Мабодо, асраб олинган боланинг ҳақиқий отаси ким экани маълум бўлмаса, улар сизга Ислом дини бўйича қардош бўладилар. «Дин қардошим», деб мурожаат қилинглар. Ёки мавлоингиз, яъни дўстларингиз бўладилар. «Эй дўстим», деб мурожаат қилинглар. Аммо, зинҳор «Ўғлим», «Фарзандим» деб мурожаат қилманглар. Ушбу оятлар нозил бўлгунга қадар бировнинг боласини «фарзандим» деб, унга ўз сулбидан бўлган фарзандига қилган муомалани қилиб юрганлар бу ҳақдаги илоҳий ҳукмни билмаган эдилар... Энди ҳукмни билдингиз, унга амал қилишга ўтинг. Ушбу ояти кариманинг ҳукмига биноан, биров бегона болани ўз номига ўтказиб олиши, уни «ўз болам» дейиши ҳаромдир. Чунки Ислом кўзда тутган олти катта масаладан бири инсон наслини муҳофаза қилишдир…Агар шундай қилинмаса, ҳаром-ҳалол аралашиб, ота боласини, бола отасини, она қизини, қиз онасини, ака синглисини, сингил акасини танимайдиган бўлиб кетади. Инсоният ҳалокатга учрайди. Насли бегона болани ўз наслидан бўлган болалари қаторига қўшиш билан кўпгина ҳаром-хариш ишлар юзага чиқади. Маҳрамлик-номаҳрамлик қоидалари бузилади. Бир куни келиб, ота ўз қизига ёки ака синглисига уйланиб қолиши мумкин. Мерос масаласида ва бошқа кўпгина масалаларда ҳам ўнглаб бўлмас хатолар вужудга келиши муқаррар. Аммо бу етим болани, қийинчиликда қолган оиланинг боласини боқиб олиш, тарбия қилиш мумкин эмас экан дегани эмас. Аксинча, бундай қилинса, жуда ҳам савоб бўлади. Бу ишларни қилиш керак. Лекин бегона болани ўзининг номига ўтказиб олиш эмас, балки у аслида кимнинг фарзанди бўлса, ўшанинг номида қолдириш керак». Афсуски, жуда кўпчилик қариндошининг фарзандини асраб олаётганда ҳужжатларини ўзгартириб боланинг гўёки бу билан ўзиники эканлигини даъво қиладилар. Шу ўринда журналист Анна Сотникованинг «Асранди болалар фожеаси» сарлавҳали анча йиллар олдин ёзган мақоласи бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ. Мақоланинг қисқача мазмуни шундай: «Жуда кўп болалар Совет иттифоқи ва қайта қуриш даврида туғруқхона ёки болалар уйининг ўзидан асраб олинган. Ҳозир бу болаларнинг ёши йигирмадан қирққа бориб қолди... Болаларни асраб олиш жараёнида ушбу болаларнинг ўзи ҳақида билиш ҳуқуқи тортиб олинган...Ҳақиқий исм-шарифлари, ота-оналарининг исм-шарифлари, туғилган жойлари, туғилган кунларини билмайдиган асранди болалар улғайиб, вояга етиб қолди. Болалар ўрнига катталар қарор чиқариб қўйган. Кимдир ташлаб кетган, кимдир эса жойлаб қўйган, кимдир бошпана берган, яна кимдир қариндошига боласини берган. Бироқ, болалар учун қилинган бундай хайрли ишлар – уларнинг ҳақиқий ота-оналарини яшириш учун сабаб бўла оладими, ахир?

Бола асраб олиш дегани бу асраб олувчи ва асраб олинган ўртасида ота-она ва фарзандларга хос бўлган ҳуқуқий муносабатларнинг ўрнатилиши дегани».

Ва журналист болалар ўзларининг ота-оналарини излашга ҳаққи бор, динимизда бу ҳақда нима дейилгани, биз мисол келтирган оятни мисол келтиради.

«Асраб олишни сир сақлаш – совет давридан қолган эскилик сирқити бўлиб, у бугун мусулмонлар орасида ҳали ҳам жорийдир. Нафақат мўминлар балки боланинг ҳақ-ҳуқуқини ҳурмат қиладиганларнинг барчаси ҳам бу одатдан воз кечиш вақти етиб келганини айтишмоқда. Болалар ҳуқуқи ҳақидаги конвенцияда айтилишича, бола «ўз ота-онасини билиш ҳаққига эгадир».»

Тасаввур қилинг сотилган болалар, ҳадя қилинган болалар, асраб олинган болаларнинг қанчаси дин бўйича ҳам, ҳуқуқий томонлама ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларидан, яъни ота-онасининг номи билан чақирилишдан, уларни билишдан маҳкум ва қанчадан-қанча қонунбузарликлар бўлаяпти.

Олия исмли ҳамюртимиз facebook саҳифасида ёзаяпти:

«Кеча кечга бир келинчак билан гаплашдим. Ўғли бор экан, 6 ойлик. Танишлар қўйган совчи орқали турмушга чиққан экан. Эри бир катта эшон-домлага ихлос қилган ва келин ҳомиладор бўлган кундан бошлаб «боламиз туғилса эшон бобомнинг даргоҳига ташлаб келамиз», деб таъкидлаган. Келин туққан, эри туғруқхонага келиб, бир неча марта болани эшонга бериб келишини айтганида аёл рози бўлмаган ва эридан калтак еган. Шифокорлар йигитни ҳайдаб юборган. Қиз туғруқхонадан тўғри ота уйига қайтиб келган.

Гавҳар Дил исмли ҳамюртимизнинг ёзаётгани ундан ҳам даҳшатлироқ:

«Узрку, илтимос билгичлар айтиб юборинглар, Избоскан туманида 1997 йилда туғилган қиз турмушга чиқмасдан учта бола туққан бўлса яна беш йилдан кейин бола сони саккизтага етмаслигига ким кафолат бера олади?

Маълумот ўрнида биринчи, иккинчи туғилган болалар бериб юборилганми, сотиб юборилганми аниқ маълумот йўқ ва учинчи бола туғилиш арафасида.

Асосий масала бугун ҳамма ҳаракатда – тумандаги барча масъул идоралар бирдек югуриб юришипти, биз айбдор эмасмиз бу ерда айбдор палончи бўлиш керак биз оппоқмиз деб...?!

Никоҳсиз туғилган икки нафар бола қаерда, улар ҳужжат асосида берилганми кимгадир берилган бўлса, 18 йилдан кейин у болалар мабодо ўғил, қиз бўлса бир-бирини танимаган ҳолатда севиб қолса ака-укалигини билмаган ҳолда оила қуришса нима бўлади, деган саволлар ҳақида ўйлашдан кўра «жон қутқазган ботирим қабилида» ишлаш муҳимроқ туюлаётган пайтда «миллат келажаги» ҳақида наҳотки ўйлайдиган одамнинг ўзи йўқ, афсуски бу ҳеч кимни қизиқтирмайди ҳам?!»

Бу иккала воқеада ҳам бола бир буюмдек, мулкдек кўрилмоқда. Уларнинг кейинги тақдири ҳеч кимни қизиқтираётгани йўқ.

Ўзи болани болалар уйидан асраб олиш жуда қийин масала. Бир неча йиллаб навбат кутишлар, қоғозбозликлар...

 Балки шунинг учун ҳам фарзандсиз ота-оналар қариндошларидан бола асраб олишни исташар. Ҳар иккала ҳолатда ҳам болалардан келиб чиқиши, насл-насаби, ота-онасининг кимлиги сир тутилиши кейинчалик тузатиб бўлмас хатоларни келтириб чиқаради. Бола асраб олган ота-она фарзандли бўлганидан бахтли ҳис қилишар ўзларини, лекин асраб олинган бола-чи? Уни кутиб турган муаммолалар қаршисида ёлғизланиб қолишичи? Боланинг оддий ҳадядек кимларгадир бериб юборилиши ва оқибатда ҳар томонлама қонун-қоиданинг бузилиши, келажакда ака-сингилнинг бир-бирига  муҳаббат қўйиши... бола ёши каттариб ҳақиқатни билгач руҳиятида тузалмас жароҳатнинг пайдо бўлиши, келгуси ҳаётига, тақдирига салбий таъсир қилиши ҳақида ўнлаб, юзлаб мисоллар тиқилиб ётибди...

Сотилаётган, ҳадя қилинаётган, асраб олинаётган болалар Қуръон ояти кариманинг ҳукмига биноан, биров бегона болани ўз номига ўтказиб олиши, уни «ўз болам» дейиши ҳаромдир. Болалар ҳуқуқи ҳақидаги конвенцияда айтилишича, эса бола «ўз ота-онасини билиш ҳаққига эгадир».

Барно Султонова тайёрлади

Ўхшаш янгиликлар