• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +18°C
Detail image

Сурхон давлат қўриқхонаси аввало ажойиб табиати билан мафтун этади. Бу ерда Швейцариядан қолишмайдиган манзара бор. Яна 40 минг йиллик неандерталлар манзилгоҳи ҳам айнан шу ерда жойлашган. Унинг осмонида болтаютар, қирғий ва бургутлар учиб юради, тоғларида эса бўри, тулки, силовсин каби йиртқичлари бор. Сурхоннинг энг фахрланарли жиҳати эса бу шубҳасиз – морхўрлардир. Шеробод халқи бу ажабтовур жониворни кийик деб ҳам номлайди.

Ишонмаган тоғда кийик ётмас дейдилар. Юзлаб километрларга чўзилган Кўҳитанг тоғлари ишончли, унинг бағрида морхўрлар сурув-сурув бўлиб ёйилиб юрибди. Сурхон давлат қўриқхонасида бу жониворларнинг кўпайиши учун ҳамма шароит яратилган.Бугунги кунда морхўрлар саноғи 700дан ошган, улар қўриқхона бўйлаб ёйилиб, кўпайиб юрибди. Аммо яқин тарихда бу жониворлар деярли қирилиб кетаёзган эди.

Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан Сурхон қўриқхонасига қилган сафаримиз давомида морхўрларнинг табиий яшаш ареоли билан яқиндан танишдик. Тутқич бермас бу жонзотни бевосита кузатишга муваффақ бўлдик.

Морхўр
Энг аввало морхўрнинг номига тўхталиб ўтсак. Унинг тарихи жуда қизиқ - фан тилида «Сапра фалсонери» деб номланадиган тоғ эчкилари оиласига мансуб морхўр номи форсча мор - «илон» ва хўр - «емоқ» сўзларидан олинган. Нима учундир маҳаллий аҳоли морхўрлар илонларни қидириб топади ва уларни ейди, дея ишонишган. Шу сабабли маҳаллий аҳоли илон чаққан одамга морхўр гўшти даво бўлади, дейишган. Албатта бу афсонанинг ҳеч қандай илмий исботи йўқ бўлиб, морхўрлар ҳам фақат гиёҳлар, ўт-ўланлар билан кун кўрадилар. Илон эса, барча афсоналарга зид ўлароқ, унинг озуқа рационига кирмайди.

Эркак морхўрлар вояга етганда жуда чиройли кўриниш касб этади, уларнинг бўйин ва кўкрагида виқор билан чўзилган ўзига ҳос соқоли бўлади. Ёш ва навқирон морхўрларда қизғиш-кулранг, кексаларида эса оқ рангга киради. Морхўрнинг тана узунлиги 1,7 м гача, баландлиги 90 см, оғирлиги 90 килограмгача учрайди.

Эркак морхўрларнинг шохи айниқса жуда виқорли бўлади, баъзан бу шох узунлиги 1,5 метрдан ҳам ошиши мумкин. Урғочиларда эса 20-30 см узунликдаги майда шохлар мавжуд.

Яшаш ҳудуди
Морхўр денгиз сатҳидан 500 метрдан тортиб 3500 метр баландликкача бўлган даралар, қоялар ва қояларнинг тик ёнбағирларида яшайди, ўт ва барглар билан озиқланади. У анча кенг тарқалган Жанубий Осиё, Ғарбий Ҳимолай, Кашмир, Кичик Тибет, Афғонистон, Панж дарёси бўйидаги тоғлар, Тожикистон тоғларида яшайди. У айниқса Покистонда алоҳида ардоқланади, морхўр бу давлатнинг рамзларидан биридир.

Гарчи морхўр анча кенг тарқалган бўлишига қарамай, яқин тарихда буткул йўқ бўлиб кетиш хавфи остига келиб қолган эди. Табиатда унинг табиий кушандаси кўп, энди туғилган улоқчаларини бургут ёки оқбош қумой олиб кетиши мумкин, бўри эса кийикларнинг доимий “ҳамрохи” – мудом морхўрлар ортидан изғиб юради. Аммо бу ажиб жонивор йиртқичлар сабаб эмас, балки инсон омили туфайли қирилиб кетишига сал қолган эди. Морхўрлар бир неча бор одамларни очлик балосидан олиб чиқиб кетган. Шундай вақтлар бўлдики, аҳоли фақат кийик овлаб кун кўрди. Айниқса иккинчи жаҳон уруши вақтида морхўр кўплаб жонларни қутқариб қолди.

Уруш ва ов
Биламизки, бу уруш инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғин бўлган. Советлар “Ҳамма нарса фронт учун” деган шиор остида халқимизнинг охирги нонигача тортиб олиб, уруш бўлаётган жойларга юборишди. Маҳаллий аҳоли оч қолди, очликдан ўлганлар бўлди. Кўпчилик ов қилишга ўтди.

Ов учун энг қулай ҳайвон эса морхўрлар эди, унга қарши даҳшатли ов бошланди. Овнинг кўлами шу қадар катта эдики, бир вақтлар ҳисобсиз кийик юрган тоғлар бўшаб қолди. Мутахассислар томонидан маълум қилинишича, ўша вақтларда Кўҳитангда атиги 20-30 бош морхўр қолган холос. Табиатга етказилган зарар кўлами шу қадар катта эдики, иккинчи жаҳон уруши тугаганига салкам 80 йил бўлгани ҳолда, тоғдаги кийиклар сони энди 700 бошга етказилди. Бу натижага эришиш осон бўлмади, қўриқхоначиларнинг заҳматли меҳнати эвазига буткул тугашига оз қолган ноёб ҳайвон сақлаб қолинди.

Ҳайвонот олами
Айниқса мустақиллик йилларига келиб қўриқхоналарга эътибор оширилди, ов устидан жиддий назорат ўрнатилди. Қўриқхона ҳудудидаги аҳоли пунктлари четга кўчирилди, табиий макон тўлиғича ёввойи ҳайвонларга берилди. Масалан, мана шу биз кўриб турган Сурхон давлат қўриқхонасининг Хатак бўлимидаги Боғлидара ҳудудида 30-40 йил олдин ҳам қишлоқлар бўлган. Энди эса бу ерларда фақат ва фақат қўриқланадиган ёввойи ҳайвонлар яшайди. Назоратчилар эса куну-тун табиат хизматида.

Бугунги кунга келиб Сурхон давлат қўриқхонасида
734 та морхўр;
108 та Бухоро тоғ қўйи;
90 та бўри;
48 та тулки;
24 та силовсин;
85 та жайра;
20 та тоғ сувсари;
42 та Бўрсиқ;
116 та Қуён;
2021 та Каклик;
404 та Ёввойи чўчқа;
55 та Қирғий;
47 та Болтаютар
222 та Чил
35 та Жўрчи
29 та Тасқара
138 та Оқбошли қумой
52 та бургут ҳисобга олинган.

Эътиборли томони, Сурхон давлат қўриқхонасидаги осуда, сокин ҳаёт ҳатто ўта ноёб ҳисобланадиган қора лайлакларни ҳам ўзига жалб эта олган. Ўтган йилги саноқ натижаларига кўра бу ерда 3 та қора лайлак ҳисобга олинди. Гарчи замонавий фан ва техника анча ривожланганига қарамай, қора лайлаклар ҳаёти жуда оз ўрганилган, чунки у одамлардан узоқда – ўрмонлар, ботқоқлар ёки узоқ тоғ-тошларда ин қўяди. Инсон зоти яқинлашгани ҳамоно ўша жойни тарк этади. Дунё бўйича бир неча мингтагина қолган бу ноёб қушдан Ўзбекистонда бор йўғи 20 жуфт бор холос. Унинг ноёблиги шундаки, бу қушга бағишлаб 2003 йилда почта маркаси ҳам чоп этилган эди. Қора лайлак тинчлик рамзи ҳисобланади, чунки у фақат тинч ўлкалардагина ин қуради. Юртимиз ҳам шубҳасиз мана шундай жойлар сирасига киради. Умид қиламизки, Сурхон тоғларида қишлаш учун уя қурадиган бу қушларнинг ташрифи кўп, кўп давомли бўлади.

Ўхшаш янгиликлар