• 11269.82
  • 12205.22
  • 159.78
weather Тошкент: +4°C
Detail image

Жорий йилнинг 7 январида Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги савдо мажмуасида содир бўлган ёнғин оқибатида мажмуасининг «Б» блокидаги савдо дўконларининг 960 квадрат метр майдони ёниб кетган.

Икки қаватли мажмуа ичидаги 70 га яқин дўкон ва дўконлардаги жиҳозлар, озиқ-овқат, кийим-кечак ва парфюмерия буюмлари ёниб, зарарланганди. Ёнғин оқибатида кўплаб тадбиркор ва савдогарларнинг маҳсулотлари буткул ёниб кетган. «Xabar.uz» мухбири «ёнғин қасддан уюштирилган» деган таъкидларга очиқлик киритишга уринган.

Маълумотларга кўра, 2019 йилнинг декабрь ойида «Ғиждувон деҳқон бозори» акциядорлик жамияти 120 миллиард сўм маблағ эвазига қайта тикланиб, фойдаланишга топширилган. 9,2 гектар ер майдонида жойлашган ушбу замонавий бозор 1880 ўринга мўлжалланган бўлиб, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларига мўлжалланган 3 блокли 2 қаватли савдо мажмуасидан иборат бўлиб, 6х4 метр/квадрат ҳажмли қатор дўконлар барпо этилган. Мажмуанинг ерости қисми ҳам бор.

Савол туғилади: бозор қайси ҳисобдан қурилган?

Таъкидланишича, Президентнинг 2017 йил 27 мартдаги «2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори асосида «Ғиждувон деҳқон бозори» АЖ савдо мажмуасида «Бозорқурилиш» МЧЖ қурувчилари томонидан тадбиркорлар маблағлари ҳисобидан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган. Айнан шу даврда собиқ бозор раҳбари Вали Содиқов ҳам бозор директори, ҳам қурилиш ташкилоти раҳбари сифатида фаолият юритган.

2019 йилда савдо дўконлари қурилиши учун тадбиркорларга 30 кун муддат ичида тўловни 100 фоиз олдиндан тўлашлари тушунтирилган. Лекин тадбиркорлар томонидан белгиланган муддатда тўлов амалга оширилмагач, қурилиш ишлари тўхтаб қолмаслиги учун «Халқ банки»нинг туман филиалидан 11 миллиард сўм кредит олинган. Сўнгра қурилиш ишлари тўлиқ бажарилиб, савдо дўконлари эгаларига топширилган. Шу кредит ҳисобидан бозор раҳбариятининг 2 миллиард сўм қарздорлиги юзага келган.

Бозор маъмуриятининг 2020 йилда оммавий ахборот воситалари ходимларига берган манбасига кўра, кредитдан мавжуд 2 миллиард сўм қарздорликни сўндириш мақсадида тадбиркорлар дўкони деворига енгил конструкцияли қўшимча қурилмалар уланиб, янги дўконлар ҳосил қилинган. Бу эса бошқа тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлган.

Туман ҳокимлиги масъуллари томонидан ушбу қарздорликни қоплаш мақсадида имкониятлар изланиб, блокдан блокларга ўтиш жойларида енгил конструкцияли савдо дўконлари жойлаштирилаётгани тадбиркорлар эътирозларига сабаб бўлгани, шундан сўнг қурилиш ишлари тўхтатилиб, тикланган енгил конструкцияли дўконлар эса бузиб ташланганини билдирган эди.

«2021 йилда журналистлар келганда, ўзбошимчалик билан қурилган айнан шу енгил конструкцияли дўконлар олиб ташланган эди. Бироқ, орадан кўп ўтмай, собиқ бозор раҳбари Вали Содиқов бундай ўзбошимчаликларни яна давом эттирган эди. Ишонсангиз, дўконлар орасида ақалли бир қарич ҳам очиқ жойнинг ўзи йўқ эди. Шу қадар тиғиз жойлашган эдики, бири ағдарилиб тушса, иккинчи, учинчи дўконлар ҳам унга қўшилиб, ағдарилиб тушадиган даражада эди. Ёнғин ёки бирор фавқулодда ҳолатларда бундай тор йўлаклардан мутлақо фойдаланиш имкони қолмаганди. Айнан шу ҳолатнинг ўзи ҳам ёнғиннинг бошқа дўконларга ҳам жуда тез ўтиб кетишига сабаб бўлган, деб ўйлайман. Буни кимдир қасддан уюштирмаган, аммо ҳолат бўйича, нафақат, бозор маъмуриятининг, балки туман масъулларининг ҳам айби бор. Ваҳоланки, улар мана шу ўзбошимча қурилмаларни ҳар кун кўришган, аммо эътибор қаратишмаган», — дейди тадбиркорлардан бири дўконларнинг тез ёниб кетишига сабаб нима бўлганини тушунтирар экан.

Ўзини таништиришни истамаган кейинги тадбиркорнинг айтишича, 90000 кв.м, 9 гектар бозор ер майдонига эски бозорнинг 25000 кв.м 2,5 гектар ерини қўшиб берилиши эвазига вилоят ҳокимининг 03.04.2018 йилдаги 199-сонли қарори билан тадбиркор Вали Содиқовга шу ҳудудда  60676,6 кв.м 6,7 гектар ер майдони  ажратиб берилган бўлган. 2022 йил 2 августдаги вилоят ҳокимининг қарорида эса 03.04. 2018 йилги қарор бекор қилиниб, ҳудудни давлат улушига ўтказиш белгиланган. 

Шундан сўнг вилоят ҳокимининг мазкур қарорини ҳақиқий эмас, деб топилиши талаби билан 2022 йилнинг 17 декабрь куни ижтимоий тармоқларда «Бухоро вилоят хокими қарорининг орқасидан мулксиз қолган 392 та тадбиркор» сарлавҳаси остида видеомурожаат тарқалган. Ҳолат маҳаллий суд томонидан ўрганиб чиқилиб, вилоят ҳокими қарори бекор қилинган ва мулк хусусий тадбиркор ҳиссасига қолдирилган.

«Видеомурожаат 17 декабрь куни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган бўлса, 26 декабрда бўлиб ўтган судда тадбиркорлар қўли баланд келди. Ёнғин эса 7 январь тонг саҳарда содир бўлмоқда. Мен аниқ айтолмайману, аммо бу икки ҳолат ўртасида қандайдир боғлиқлик бордек. Яна билмадим. Тегишли органлар жуда қаттиқ текширув олиб боришлари керак»,— дейди тадбиркор.

Фуқаро Гулчеҳра Ҳамроеванинг сўзига кўра, 7 январь тонг саҳар тадбиркорларга савдо дўконларининг ёниб кетгани ҳақида хабар келган.

— Соат 07:00 бозорга етиб келдик. Тандирда қандай олов ёнади, дўконларимиз худди шундай гуммиллаб ёниб ётганди. Ерости расталарида савдо қиладиганлар соат 05:00 да бу ерда «учқун» ҳам йўқлигини айтишди. Бирданига ҳамма жой ёниб кетган. Шундай бўлиши мумкинми?! Бу ерни қасддан ёндиришган. Мени отиб ташлашсаям, тўғрисини айтаман. Ҳоким сизларга ёрдам бераман, юқорига чиқманглар, дегач, кутиб ўтирибмиз. Ундан ташқари, 14 фоизлик кредит маблағлари ажратилишида кўмаклашишини айтди. Ўзимиз ҳам молимизга, ҳам жонимизга куйиб ўтирибмиз. Қайси ҳисобдан тўлаймиз кредит қарздорликларини, — дейди дўкон эгаси.

— Қандай ва ким томонидан уюштирилган бўлиши мумкин, сизнинг-ча? — сўраймиз.

— Ман қаердан биламан? Энди шунақа дейишяпти-да! Электр токдан битта, иккита, учта дўкон куяр, аммо ярим соат ичида 70 та дўкон куядими? Ҳозир ноиложликдан музлаган лоток бўйида савдо қилишга мажбурмиз. Шунгаям ёйма қилиб, савдога рухсат беришаётганидан хурсандмиз. Ўзимнинг 230 миллион ва аммамнинг эса 27 миллион сўмлик товари, шунингдек, 14 миллион нақд пулларим куйиб кетди. Энг кам савдо қиладиган савдогарларданман. Аммо биласизми, шерикларимнинг қанчадан-қанча мол-мулклари куйиб кетди,— деди Гулчеҳра Ҳамроева.

Гулчеҳра Ҳамроева ярми куйиб, ярми чала куйган 14 миллион сўм миқдоридаги пулларни уйида сақлаб келаётганини билдирган.

— Менинг юз миллиондан ортиқ товарларим, 20 миллиондан ортиқ пулларим, ундан ташқари, қарз дафтарларимиз ҳам ёниб кетди. Кимлар биздан маҳсулотларни қарзга олишган, ўзимиз кимлардан қарзга товар олиб келганмиз ҳамма-ҳаммаси қайд этилган дафтар эди у. Энди сўраб келишаяпти. Лекин, биз ҳали-вери ўзимизни ўнглаб олишимиз мушкул,— дейди кейинги тадбиркор.

Бошқа бир тадбиркор ўзининг озиқ-овқат дўконидаги 7 та музлатгич ва маҳсулотлар «кўмир»га айланганини билдирган. Барча дўконлардаги касса аппаратлар ҳам куйиб кетган.

Манбаларга кўра, туман ҳокими ҳолат юзасидан ўказилган йиғилишда тадбиркорларга ёрдам беришини билдирган.

— Албатта, туман ҳокими биз билан учрашиб, имкон даражасида кўмак беришини билдирди. Дўкон давлатники бўлмасаям, ҳоким бечора ёрдам берди-ку!

— Қандай ёрдам берди?—сўраймиз.

— Ун, ёғ, гўшт берди, картошка-пиёз берди. Бундан ташқари, тирикчилигимиз, рўзғор тебратишимизни ўйлаб, ноқонуний бўлсаям, ерда ёйма савдо қилишга рухсат берди!

— Ун, ёғ, гўшт, картошка-пиёз ёрдами яхши. Аммо биз бошқа кўмакни назарда тутгандик.., — таъкидлаймиз.

Биз савдо қилган ва ёниб кетган бино аслида хусусий тадбиркорга тегишли. Ҳоким ўз вақтида биз, тадбиркорларга ёрдам қўлини чўзиб, «Саховат ва кўмак» ҳисобидан солиқдан қарздорлигимизга қараб, маблағ ажратди. Шу орқали солиқдан қарздорликларимизни сўндирдик. Буям катта кўмак бўлди биз учун. Раҳмат ҳокимга. Бироқ, хусусий тадбиркорнинг ўзи қани?! — сўзлайди кейинги тадбиркор.

— Ер давлатники, бино ҳам вақтида тадбиркорлар ҳисобидан тикланган. Ундан ташқари, акцияда давлатнинг 51 фоиз улуши бор!

— Ҳамма тадбиркорлар бирлашиб, тийин-тийин йиғиб, ўз пулига тиклашган. Биз савдо мажмуасининг хусусий тадбиркорга бериб қўйилишига қаршимиз. Улар суд орқали «ютиб» олганмиш. Хўш, айтинг-чи, хусусий нима ёрдам бериб билди? Хусусий эса ўз фойдасига ишлаяпти. Яна давлат, яна ҳокимият бош-қош бўляпти. Биз ҳокимдан розимиз! Миннатдормиз! — дея билдиришди улар.

Мутасаддилар ва тадбиркорлар бинони хусусийлаштириш учун 4-5 ойдан буён судлашиб келишган, бу ҳолатда тадбиркорларнинг қўли баланд келганидан сўнг ёнғин юзага келган, шунга кўра, ёнғин қасддан уюштирилган, деган шубҳага бормоқда айрим тадбиркорлар.

— Мен эса ёнғин уюштирилганига умуман ишонмайман. Ҳар доим ярим кеча товар олиб келсак ҳам қоровул сергак,  эътиборли эди. Бирорта бегона одам кира олмас эди. Ундан ташқари, камералаштирилган. Кимга керак бу ёнғинни уюштириш. Лекин савдо мажмуасининг ёниб, култепага айланишида мутасаддиларнинг ҳам ҳиссаси бор. У қандай ҳисса?! Дўконлар бир-бирига ўзбошимчалик билан енгил қурилмалар орқали бирлаштирилиб, қалаштириб ташланган эди. Битта учқун бўлса бас-да, кийим-кечаклару бошқа савдо маҳсулотлари қуруқ ёниб кетиши ҳеч гап эмас! Ана шу ўзбошимчалик оқибати йирик савдо мажмуаси барбод бўлиб, юзлаб тадбиркорлар касод бўлишди,—деди ўзини Нигора, деб таништирган савдо ходими.

Тадбиркорлар ва савдогарларнинг қарашлари юзасидан Ғиждувон тумани ҳокими Шерзод Ашуров «Xabar.uz» мухбирини қизиқтирган саволларга жавоб берар экан, агар республикадан хусусий тадбиркорга тегишли куйиб кетган савдо мажмуасида фаолият юритган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш амалларига рухсат берилса, кўмак албатта берилишини таъкидлаган.

«Ёнғиндан  жабр кўрганмиз, деб юзлаб тадбиркор келишди. Лекин шулардан фақат 30 нафари рўйхатдан ўтган экан. Сизлар гаплашган савдо ходимлари ўзларини тадбиркор,  деб аташган. Шу ўринда айтишим жоизки, аслида пул бериш тартиби айбдор аниқлангач,  моддий зарарларни қоплаш чоралари белгиланади. Лекин бу бино хусусий тадбиркорга тегишли. Шунга қарамасдан, «Саҳоват ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан фақатгина рўйхатда мавжуд тадбиркорларгагина эмас, балки «Менинг мулким ёниб кетди» дея давлат идорасига умид билан келган барча тадбиркор, савдо ходими ва ижара асосидаги сотувчиларга имкон даражада кўмаклашдик.  Шунингдек, уларга жорий йилнинг 6 январига қадар солиқ тўлмасликларини ҳам билдирган эдик, — дея ҳоким сўзида давом этади,- Бу ёнғин кўп тадбиркорларимизга жуда ёмон оқибат олиб келди. Тушунамиз. Ўрганувлар жараёнида ёнғин содир бўлганда, уни ўчирадиган иккита сув двигатели бўлиши керак эди. Лекин битта сув двигатели борлиги аниқланди. Буям ёнғиннинг авж олиб кетишига туртки бўлмай қўймайди. Айни пайтда ҳолат юзасидан тергов ишлари давом этмоқда».

Вилоят ИИБ ахборот измати раҳбари Шуҳрат Жалоловнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.   
Ёнғиннинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш мақсадида Хадича Сулаймонова номидаги РСЭМга «Судга оид комиссион ёнғин-техникавий» экспертизаси ва «Судга оид кимёвий» экспертизалар тайинланган.

 

Ўхшаш янгиликлар