• 11269.82
  • 12205.22
  • 159.78
weather Тошкент: +4°C
Detail image

Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, ҳозирда бу мамлакатда 10 мингга яқин ишлаш ҳуқуқига эга ўзбекистонлик бор. Уларнинг қарийб 85 фоизи хотин-қизлардир. Юртдошларимизнинг деярли барчаси бемор ва қарияларга қарайди.

Исроилда Ўзбекистондан фақат самарқандликлар ишлайдими?

Тель-Авивдаги хонадонлардан бирида ёши улуғ аёлга қараётган Асиланинг (исми ўзгартирилди) айтишича, Исроилда ишлаётганларнинг 99,999 фоизи самарқандлик. Бугунда Самарқанд шаҳрининг асосий қисмини ташкил этаётган уч миллат — ўзбек, тожик ва озари эронийлар қаторида бошқа кичик миллат вакиллари ҳам «Исроил йўли»ни ўрганишган. Қолаверса, эндиликда Самарқанд атрофидаги туманлардан ҳам Исроилга учаётганлар бор. Нега фақат самарқандликлар? 

Бир вақтлар Самарқандда бутун бошли йирик маҳаллада яҳудийлар яшарди. Улар 2000 йилга қадар Исроилга оммавий кўчиб ўтишди. Эҳтимол, қадимий шаҳарда яшаш ҳудуди алоҳида бўлгани билан ўқишда, меҳнат жамоаларида, жамоат даргоҳларида бошқа миллат вакиллари билан ҳамжиҳатлик натижаси ўлароқ самарқандлик муҳожирлар биринчилардан бўлиб Исроилни «забт этишгандир». Балким, Исроил учун қария ва беморларга қаровчиларни тайёрловчи тадбиркорлар айнан Самарқандда экани маҳаллий аҳоли учун енгиллик яратгандир. Хуллас, Самарқандда Исроилга бориб беморларга қараш иши ибтидоси бундан ўн беш йилларча аввалга бориб тақалади. Бугунда Самарқанд шаҳридаги ҳар бир маҳалладан камида ўн-йигирма нафар инсон Исроилда ишлаётган бўлиб чиқади. Масалан, уч ярим минглик аҳолиси бўлган «Ғафур Ғулом» маҳалласидан 16 нафар киши Исроилда.

 — Исроилда ишлаётган одамларимизнинг 10 нафари аёл, 6 нафари эркак. Бу оилалар ўзига тинч ҳисобланади. Моддий эҳтиёж борасида мурожаат қилмайдилар. Иморат кўтарадилар, тўй қиладилар, болаларини ўқитадилар, яқинларини даволатадилар. Кимдир тадбиркорликни йўлга қўяди. Хуллас, бировга оғирликлари тушмайди. Бирортасининг ишида нохуш бир ҳаракатни эшитмадик. Қари ва беморларга қараш савоблигини ҳаммамиз биламиз, — дейди «Ғафур Ғулом» маҳалласи қўмитаси раиси Олимжон Ғафуров.

Самарқандда Исроилга боришни орзу қилганларнинг ҳаммаси шунчаки чиптани сотиб олиб, жўнаб, иш бошлай олганида эди, 10 минг деб айтилаётган рақам бир неча баробарга ошиб кетар эди. Лекин Исроилга йўлнинг ўзига яраша «аммо»си ҳам бор...

Пулингиз бўлса, ишга марҳамат!

Самарқандда бир қисм одамларнинг наздида Исроил уларни барча муаммолардан қутқарадиган манзил. Чунки, Америка ёки Кореяга юборишни ҳеч ким кафолат беролмайдиган бир пайтда, Исроилга бориш борасида бир неча тадбиркор аниқ-тиниқ ваъда беради. Фақат улар хизмати эвазига каттагина маблағ талаб қилишади. Бугунда аёллар учун 15-18 минг доллар ва эркаклар учун 20 минг долларгача тўлов керак бўлиши айтилади. Дейлик, 6-7 йил аввал аёллар 8-10 минг доллар, 3-4 йил муқаддам эса 12-14 минг доллар билан жўнаш мумкин бўлган. Гарчи бу нархлар борасида расман ҳеч қаерда айтилмайди, ёзилмайди ҳам. Лекин ижтимоий тармоқларда Исроилга бориш йўлларини сўраган кишиларга ўша ерда ишлаётганлар очиқ-ойдин тушунтиради. 

Тадбиркор қандай вазифаларни бўйнига олади? Аввало, бўлажак муҳожирларга иврит тили ўргатилади, ҳамширалик ишидан сабоқ берилади, шунингдек, яҳудий таомлари, урф-одатлари, Исроил географияси, иқлими ва бошқа жиҳатлари борасида тушунчалар сингдирилади. Талабгор жўнатилишга тайёр бўлганда, унинг биографияси, сурати ва қатор маълумотлар махсус базага киритилади. Бир тахлам ҳужжат тайёрланади. Сўнг номзод билан қизиққан иш берувчи видео мулоқотда у билан суҳбатлашади. Бунда қараладиган кишининг хасталиги, у ётоқдами ёки оёқдами, ақли ҳуши жойидами ёки хотирасини йўқотганми (йўқотиб турадими), ўзи овқатлана оладими, тунда ухлайдими, барчаси борасида яқинлари очиқ айтишади.

Шартларни қабул қилса, ишга борувчи Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонасида ҳам бўлади. Сўнгги йилларда бу ерда ҳам суҳбатдан ўтиш лозим бўлаяпти. Кейин авиачипта ва аэропортдан кузатиш масаласини ҳам тадбиркор ва унинг одамлари зиммага олишади. Исроил аэропортида эса муҳожирни қонуний иш берувчи фирма вакили кутиб олади. Бундай фирмаларда албатта инглиз, рус тилидаги ходимлар қаторида, албатта, Ўзбекистонда яшаб кетган яҳудий ходим ҳам бўлади.

Тадбиркор талаб қиладиган тўловнинг катталиги сабаб Исроилга асосан Самарқанддаги аҳолининг ўрта қатлам вакиллари бора олади. Улар орасида аввал Россия ёки Туркияда ишлаб жамғарма қилганлар кам эмас. Пули йўқлар эса истаса, гаровга қўядиган нарсаси бўлса, қарз берувчилар ҳам топилади. Қарз маошдан бир йилга етар-етмас вақтда узилади.

Ўтган йили Исроил ҳукумати иш билан таъминлаш борасида Ўзбекистон билан расман келишувни амалга оширганидан буён кўпчилик бу мамлакатга ортиқча харажатсиз бора олишига умид қилмоқда. Лекин ҳамон тадбиркорлар ишчи тайёрламоқда.

«Бу ерда ишчининг қадри бор»

Одамлар, камида 15 минг доллар сарфлаб Исроилга оддий уй хизматкорлигига боришида маъни борми? «Самарқандликлар Исроилда» фейсбук канали орқали тахминий мессенжерга боғланаман. 

Асила, Исроилга келган муҳожир вазифасини кераклича бажарса, қинғирлиги бўлмаса, бир йилда харажатини қоплаб бўлгач, ундан кейинги йилларда топгани ўзига қолишини айтади. Қонуний иш билан таъминлангач, маошида узилиш бўлмаслиги аниқ. «Йилда бир марта қонуний меҳнат таътили берилади. Кўпчилик таътилида Ўзбекистонга бориб қайтади. Фақат янгилар қарзини ёпиш ёки харажатини қоплаш учун бир-икки йил бормай туришади».

— Аввалроқ хотин қизларимиз ўн йилдан ортиқроқ ҳам ишлашган. Аммо қонунлар ўзгараяпти. Ҳозирда 5 йилу 3 ой ишлаш имкони бор. Агар алоҳида талаблар бўлганида метапелет яна узоқроқ қолиши мумкин, — янгилик билан ўртоқлашади аёл.

Боқувчини «метапелет» дейишар экан. Метапелетнинг маоши ўртача 1500 дан 2000 долларгача. Иши оғирроқ бўлса, кўпроқ, енгилроқ бўлса камроқ.

«Жуҳутлар доно халқ. Пулини бекорга совирмайди, яъни арзимаганда ортиқча пул бермайди. Лекин келишилган, шартномадаги ойликдан кам ҳам бермайди», дея тушутиради Асила.

Маош аслида шекел билан картага ўтказиларкан. Уни долларга айлантириб, сўнг Самарқандга жўнатишаркан.

«Менинг бувим (кампирини шундай атайди) каби енгилроқ беморларга қаровчиларнинг ҳаммасига бир хил миқдорда ойлик берилади. Мен 5300 шекел оламан. Бу 1535 доллар атрофида маблағ», дейди у.

Суҳбатдошимнинг таъкидлашича, Исроилда соғлом кампиру бобойга қаровчиларни олишмайди. Деменция, алцгеймер ва бошқа касалларга қараш учун ишчи ёлланади. Ётоқдаги ва найча орқали овқат бериладиган ёки пешоби махсус халтачада тўпланадиган беморлар билан ишлайдиганлар бор экан. «Бу ерга келишдан аввал асаби мустаҳкам бўлиши керак. Бу ерда жисмонан оғир иш йўқ, ишнинг оғирлиги маънавий жиҳатдан, асабингиз кемирилаверади...», батафсил ҳикоя қилади у.

— Меҳнат муҳожирлиги, дейлик, Россия, Туркия ёки бошқа давлатлардан яна қандайдир фарқли жиҳатлар борми?

— Бу ерда инсон қадри баланд, миллати, дини, ирқидан қатъи назар метапелет бўласизми, бошқами ҳаммага бир хил муносабат. Жуда кам ҳолатда бўлса-да, ёмон оилалар ҳам учрайди. Шунда фирма, қонун, адвокат, консуль бизни ҳимоя қилади. Бу ерда барча метапелетларга шифокор кўриги, дори ҳатто, операция текин. Қонун ҳаммага баробар. Исроилда ишлатиб пулини бермабди, миллатчилик қилибди деган гапларни эшитмайсиз.

Маълум бўлишича, Исроил аэропортида мижозини кутиб олган фирма, мижози янги ишга кўникиб кетиши, лозим бўлса ишини алмаштириши, таътилга чиқиши, ҳуқуқлари бузилганда ва ҳоказо ҳолатларда туриб бераркан. Ҳатто ҳеч бир муаммо бўлмаганда ҳам ҳар олти ойда хонадонда бўлиб, унинг ҳаёти билан яқиндан танишиб, муҳожирни тингларкан. Исроил қонунчилигига кўра, хонадонда метапелет учун етарли шарт-шароит бўлиши керак. Яъни, 12 кв метрдан кичик бўлмаган хона, кондиционер, телевизор ва ҳоказо қулайликлар яратилиши шарт. Ўз навбатида беморнинг ўз фирмаси ҳам вақти-вақти билан келиб метапелет уни урмаяптими, сўкмаяптими, яхши қараяптими деб аҳвол билан танишиб кетаркан.

— Ишдан қолдирмаяпманми? — суҳбатимиз чўзилаётганидан хижолат бўлиб сўрайман.

— Шабатда, яъни шанбада мамлакат бўйича дам олиш куни. Бу кунда ҳатто автобус юрмайди, самолётлар парвози ҳам тўхтатилади, — яна бир қизиқ маълумот беради Асила.

Дам олиш кунларида ватандош аёллар 4-5 нафардан бўлиб тўпланиб, бирор кафеми, денгиз бўйидами ёки хиёбондами биргаликда вақт ўтказишиб, ҳафта давомидаги руҳий чарчоқни енгишар экан.

— Руҳий чарчоқ қандай ҳолатларда пайдо бўлади?

— Биз қарайдиган одамлар бемор, бўлмаганда жуда қари инсонлар. Дейлик, хотирасини йўқотиб турадиган киши овқатини вақтида берсангиз ҳам, болалари келганда «менга овқат бермади» дейиши мумкин. Ёки деразани «оч-ёп» қилиб «жинни» қилиши мумкин. (Яхшиям, камералар бор). Ҳатто онги соғлом, фақат қўл-оёғи ҳаракатида муаммоси бўлгани ҳам гоҳо ёш болага ўхшаб инжиқлик қилаверадиган жойлари бўлади. Хуллас, бу омадми, пешонами, кимлардир кампири билан дугона бўлиб биргаликда табиат қўйнида, музейларда сайр қилиб, ўзимиздаги саранжом келиндек хизмат қилиб юрганлар бор. Шунда ҳам ювинтирасиз, овқатлантирасиз, уйини тозалайсиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ишимиз 24 соат масъулиятни талаб қилади.

Маълум бўлишича, Исроилда ишлаётган самарқандликлар орасида турли мутахассисликдаги олий маълумотли инсонлар кам эмас. Лекин, Исроилдан ташқарида олинган диплом нечта тил билганда ҳам қўл келмаслиги таъкидланади. Шартнома билан борганлар фақат касал ва қарияларга боқувчи бўлиб ишлай олади.

Фейсбукдаги гуруҳларида турли мавзудаги видеолар, хабарларни фаол муҳокама қилишади, янгиликлар улашилади, бир-бирларига маслаҳат беришади, ўрни келганда хайрия қилишади. Лекин Исроил сиёсати, давлатчилиги билан боғлиқ гаплардан четда туришади.

«Мени қамаманг, илтимос...»

Ўтган ойда, 2 декабрда ўзбекистонлик боқувчи аёлнинг қилмиши Исроилнинг барча оммавий ахборот воситалари бўйлаб тезкорлик билан ёйилди.

Метапелет Г.Р. ўзи қараши, кўз-қулоқ бўлиб туриши керак бўлган вақтда, 83 ёшли ногирон аёлни зах ва ифлос, бошқа бир дом подъездидаги омборхонада 3 соат давомида ёлғиз қолдириб кетган. Бу пайтда боқувчи қўшимча пул ишлаш мақсадида шу домдаги хонадонда тозалик ишлари билан шуғулланган. 

Айблов хулосасида бу ҳолат «ҳимоясиз инсонни масхара қилиш» деган модда билан ифодаланган.

Айблов хулосасида ёзилишича, Г.Р. 2019 йилдан буён мустақил ўзи ейиш, юриш ва мулоқот қилишдан мосуво қилган деменция касаллигининг оғир тури ташхиси қўйилган аёлга қараб келган. Гумонланаётган аёл 37 ёшда. Тель-Авив округи прокуратураси адвокати Ура Гольдштейннинг маълум қилишича, ногирон аёл аввалроқ ҳам жароҳат олган ва боқувчи унга тиббий ёрдам бериш ҳақида ўйламаган. Фақатгина яҳудий аёлнинг ўғли 3 кундан сўнг келганида онасининг моматалоқ бўлган жойларига эътибор берган ва тиббий хизматга мурожаат қилишган.

Кампир шифохонадан жавоб берилганининг эртасидаёқ айбланувчи уни ногиронлар аравачасида сайрга олиб чиққанича бошқа манзилга олиб борган. Подъезддаги икки квадрат метрлик, турли майда-чуйдалар билан лиқ тўла, қоронғу омборчада қолдирилган аёлни шу домда яшовчи Шмоло Бахар исмли ёши улуғ киши кўрган. «Эшикни очиб қўрқиб кетдим. Ногиронлар аравачасидаги боши шарф билан ўраб ташланган кишининг юзи деворга ўгириб қўйилган эди».

Полицияга хабар беришган. Тиббий ёрдам хизмати чақирилган. Шундан кейингина ногирон аёлни юқорида қайсидир хонадонни тозалаётган ўзбекистонлик аёл олиб келгани маълум бўлган.

Уч фарзанднинг онаси, муҳожир аёл 2 декабрдан буён вақтинчалик сақлаш манзилида тутиб турилибди. Воқеа билан боғлиқ маҳкама жараёни давом этмоқда. Ҳукм қандай бўлиши ҳозирча номаълум. Асиланинг айтишича, у ишлаётган беш йил оралиғида метапелетлар томонидан кампирини урган, ўғирлик қилган каби ҳолатлар аниқланган. «Аммо, ҳозиргача бирорта ишчи қамалган ҳолат кузатилмади. Депорт қилиб юборишарди. Лекин, энди қонунлар ўзгариб бораяпти. Ҳаммамиз шу аёлни ҳам депорт қилишларини истаб, жараён якунланишини кутаяпмиз», дейди у.

Г.Р.нинг адвокати Хагит Раҳмани унинг ҳимоясидаги шахс қарамоғидаги аёлни урмагани ва унга зарар етказмаганини таъкидлайди. Судланувчи ногирон аёлни омборхонада фақат икки марта қолдирганини айтган.

Ўтган йил бошида яна бир аёлга «масхара қилиш» айби қўйилилиши ҳақида хабар тарқалди-ю, аммо, айнан қайси ҳолат очиқ айтилмади. «Xabar.uz»га тақдим этилган «Тик Ток» даги тўғридан-тўғри эфир тасвири шу айбловга ишора қилинади.

Видеода боқувчи аёл ўзи қараётган кампирини уятли ҳолатда қолдириб, ишини давом эттираверган. Бу айбловнинг натижаси оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмаган.

Яна бир хабар. Тират-Кармелдаги болалар боғчасида бундан тўрт йил аввал «Болаларни масхара қилиш» айби билан тергов иши очилган. Ўшандаёқ Ўзбекистонга қочиб кетган энага Ирина Шакирова яқинда Тбилиси аэропортида қўлга олингани Исроилдаги ижтимоий тармоқларда роса айланди. 

Бу ҳақдаги хабарда Шакированинг Ўзбекистон фуқароси деган жойи йўқ. Ўзбек муҳожирлари эса бир овоздан, боғчада энага сифатида ишлаб, болаларни урган, қийнагани айтилаётган Ирина Шакирова Ўзбекистон фуқароси бўлиши мумкин эмас дейдилар. «Чунки, ўзбекистонликни боғчага фаррошликка ҳам олишмайди, фақат касал кампир-бобойларга қарашимиз мумкин», таъкидлашади улар.

Эҳтимол бу аёл қачонлардир Ўзбекистонда яшаб Исроил ёки бошқа бир давлат фуқаролигини олгандир. Балки, Исроил ва Ўзбекистон ўртасида айбланувчилар экстрадицияси ҳақида келишув йўқлиги учун фуқароси бўлмаса ҳам, айнан Ўзбекистонга қочгандир. Ҳар ҳолда расмий Тбилиси билан худди шундай шартнома борлиги учун 30 декабрда у Грузиядан Исроилга олиб ўтилди.

Хуллас, 10 минг муҳожирнинг орасидан иккита жиноят ҳам ўзбекистонликлар шаънига таъсир қилишини Исроилдаги ватандошларимиз куйиниб гапиришади.

«Метапелетларимиз нафақат бу ерда, Ватанда ҳам ўзларини муносиб тутишларини истайман. Пулни кўриб, янги-янги, ортиқча урф-одатларни ўйлаб топиш, йўқчил оилаларни менсимаслик каби иллатлардан халос бўлишларини истайман», дейди Асила.

***

Ўтган йили ёзда Ўзбекистон делегацияси Исроилда бўлиб, бу икки давлат ўртасида меҳнат миграциясига оид иккита ҳужжат имзоланди. Улардан бири Исроил давлатининг меҳнат бозоридаги махсус секторларда ўзбекистонликларни вақтинча иш билан таъминлаш тўғрисида битим ва иккинчиси ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Исроил Ички ишлар вазирлигининг Аҳоли ва иммиграция бошқармаси ўртасида ушбу битимни «Уйда парваришлаш соҳасида» амалга ошириш Баённомаси эди.

Мана шу саъй-ҳаракатлар меҳнат муҳожирининг Исроилга бориши арзонроққа тушишига умид уйғотади.

Исроилда бемор ва қарияларга қарашга Ҳиндистон ва Африкадаги қатор давлатлардан, шунингдек, айрим ҳамдўстлик мамлакатларидан ҳам метапелетлар жалб қилинган.

Ўхшаш янгиликлар