• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +10°C
Detail image

Узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистонда ерга нисбатан хусусий мулкнинг тўлақонли жорий этилмаганлиги ҳақиқий мулкдорлар қатламини етарлича шаклланмаслигига, ерни ҳақиқий товар сифатида бозор муомаласига киритилмаслигига ҳамда хорижий инвесторларни миллий иқтисодиётга нисбатан ишончини пасайишига олиб келди.

Шу боис, ушбу норма янги Конституциядаги ҳақиқий инқилобий ўзгаришлардан бири сифатида мулкчилик муносабатлари ривожига хизмат қилади.

68-модда.

Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин.

Ерни хусусий мулк сифатида эътироф этилиши бевосита мулкдорга қандай манфаат беради?

Хусусийлаштирилган ер участкаси мулкдори ерни сотиш, ҳадя қилиш, айирбошлаш, гаровга қўйиш, мерос қилиб қолдириш каби ҳуқуқларни қўлга киритади.

Хусусий мулк бўлган ерни давлат фақат мулкдорни розилиги билан, шартнома асосида, бозор нархида жамоат эҳтиёжлари учун қайта сотиб олиши мумкин. Яъни, ер «снос»га тушиб кетмайди, давлат ерни келишилган нархда сотиб олсагина, ер бегоналаштирилиши мумкин.

Ерга нисбатан хусусий мулк тадбиркорларнинг кредит лаёқатлилик даражасини ортишига ҳам хизмат қилади ҳамда мол-мулкни оқилона бошқариш орқали даромадларни кўпайтириш имконини беради.

Ернинг хусусий мулк сифатида эътироф этилиши мулкдорлар қатламини кенгайишига, ер бозорининг ривожланишига, ер участкаларидан фойдаланиш бўйича иқтисодий самарадорликни ошишига хизмат қилади.

Ердан фойдаланиш соҳасида бозор механизмларини жорий этиш, ушбу соҳадаги мулкий ва ҳуқуқий муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида бу норма жуда муҳим.

Ушбу норманинг Конституцияга киритилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ерга бўлган мулк ҳуқуқини конституциявий даражада мустаҳкамлашга имкон яратади. Бу, ўз навбатида, мулкдорларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва кафолатлашга хизмат қилади, шунингдек, уларнинг ерга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбуриятини мустаҳкамлайди.

Шу билан бирга қонунда назарда тутилган ҳолатларда ерни хусусий мулк қилиб бериш механизмлари амалиётга жорий этилади. Буни халқимиз анчадан буён кутаётган эди.

Ўхшаш янгиликлар