• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +9°C
Detail image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикасига давлат ташрифи 2-кунида икки томонлама қатор ҳужжатларни имзолаш тадбиридан сўнг президент Садир Жапаров ОАВ вакиллари учун баёнот берди.

У ўз баёнотида икки давлат халқларининг азалий дўстлиги, савдо-иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги ўзаро алоқалари ҳақида тўхталиб, Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация қилиш жараёнини якунланганини маълум қилди.

«Биз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифига алоҳида эътибор қаратаётганимизни қайд этмоқчиман. Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Биз сиёсий, иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги кенг кўламли масалаларни атрофлича муҳокама қилдик. Икки томонлама муносабатларимизни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришга қаратилган қатор келишувларга эришилди.

Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзоланди.

Шунингдек, бугун биз учун тарихий кун. Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация қилиш жараёнини якунлади, ратификация ёрлиқларини алмашди, қирғиз-ўзбек давлат чегараси бўйича шартнома тузди ва шу билан чегара масалаларига чек қўйди.

Ишончим комилки, чегара масаласининг якуний ҳал этилиши қардошлик муносабатларини янада ривожлантириш, чегарадош алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Жорий йилда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Биз ушбу муҳим юбилейни қардош давлатларга муносиб тарзда кенг миқёсда нишонлашга келишиб олдик», – деди Қирғизистон Президенти Садир Жапаров.

Ўхшаш янгиликлар