• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +18°C
Detail image

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Жозеп Боррел Ғазо секторида гуманитар ёрдам тарқатиш чоғида юз берган ҳалокатли ҳолатдан ҳайратда эканини билдирди

"Ғазода гуманитар ёрдамга муҳтож бўлган тинч аҳоли орасида яна бир қон тўкилиши ҳолати ҳақидаги хабар мени даҳшатга солди", деб ёзди у 29 февраль куни кечки пайт Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

"Одамларни озиқ-овқат ёрдамидан маҳрум қилиш халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий бузилишидир", - дея қўшимча қилди Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари ва Ғазо секторидаги аҳоли пунктларига инсонпарварлик ёрдамининг тўсиқсиз киришига чақирди. Ўз хабарида Боррел аниқ айбловларни келтирмади.

Ундан фарқли равишда, Франция президенти Эммануэл Макрон 1 март, жума куни эрта тонгда Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида "тинч аҳоли Исроил аскарлари томонидан нишонга олинган Ғазодан бизга етиб келган суратлар"дан ғазабини билдирди. 

Франция ташқи ишлар вазири Стефан Сежурне 1 март куни France Inter радиоси орқали Франция озиқ-овқат ёрдами келиши пайтида Ғазо шаҳрида юздан ортиқ одам ҳалок бўлганига ойдинлик киритишни талаб қилишини айтди. 

"Нима бўлганини аниқлаш учун мустақил тергов ўтказилиши керак", деди у. 

Айни пайтда, Қўшма Штатлар содир бўлган воқеаларнинг турли версияларини "текширишда иштирок этаётганини" билдирди. Вашингтонда журналистлар билан суҳбатда мамлакат президенти Жо Байден Исроил ва ҲАМАС ташкилоти ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишуви "эҳтимол, душанба (4 март)гача ўрнатилмаслиги" ҳақида фикр билдирди. 

Ғазода ёрдам учун навбатда турган 112 киши ҳалок бўлди. 

Ғазо сектори расмийлари 29 февраль куни инсонпарварлик ёрдами учун навбатда турган 112 кишининг ўлимида Исроилни айблади. Бундан ташқари, 800 га яқин одам жароҳатланган, деди Ғазо секторидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси. Ўз навбатида, Исроил мудофаа кучлари ўнлаб фаластинликлар тиқилинч қурбони бўлганини даъво қилмоқда. 

Исроил куҳлари, Фаластин томони ва ҲАМАС ташкилоти вакилларининг фожиа сабаблари борасидаги баёнотлари турлича. Айни дамда мустақил манбалар орқали содир бўлган воқеа бирон бир версиясини тасдиқлашнинг иложи йўқ. 

AFP'нинг гувоҳларга таяниб хабар беришича, гуманитар ёрдам карвонини қўриқлаётган исроиллик аскарлар юк машиналари томон ошиққан оломонга қарата ўт очган. Отишмаларни тасдиқлаган Исроил хавфсизлик расмийлари ҳарбийлар ёрдам карвонига қараб ҳаракатланган оломонда таҳдидни кўргани учун бу юз берганини билдирди. Ўз навбатида, Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу идораси вакили қурбонларнинг кўпчилигини юк машиналари босиб кетган ёки оломон оёғи остига тушиб қолган.

Халқаро ОАВ Ғазо секторида журналистларни ҳимоя қилишга чақирмоқда 

30 дан ортиқ халқаро оммавий ахборот воситалари очиқ хатда Ғазо секторидаги журналистлар билан бирдамлик билдирди ва уларни ҳимоя қилишга чақирди. 

"Деярли беш ой давомида Ғазо секторидаги журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари мисли кўрилмаган шароитларда ишламоқда", дейилади 29 февралда чоп этилган хатда.

Унга қатор халқаро ахборот агентликлари – AFP, AP ва Reuters – шунингдек, The New York Times, Der Spiegel, BBC News Невс нашрлари ва Исроилнинг Ҳааретз газетаси имзо қўйган. 

Ҳужжатда айтилишича, журналистлар "оила, дўстлар ва ҳамкасбларидан айрилганига, уйлари ва идоралари вайрон бўлганига, доимий кўчишига, алоқа узилишига, озиқ-овқат ва ёнилғи тақчиллигига қарамай" ишлашда давом этган. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотларига кўра, Исроил ва ҲАМАС ҳаракати ўртасида қарийб беш ой олдин бошланган урушда камида 94 оммавий ахборот воситалари ходими, жумладан, 89 фаластинлик ҳалок бўлган.

Ўхшаш янгиликлар