• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27.1°C
Detail image

Қашқадарё вилоятида туман солиқ инспекцияси бош инспектори тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузганлик учун жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) маълум қилди.

Айтилишича, Деҳқонобод туман солиқ инспекцияси бош инспектори 2021 йилда якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказилганлиги сабабли, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241 прим 2-моддаси (тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш) билан маъмурий жарима жазоси қўлланилган.

“Шунга қарамасдан, масъул ходим томонидан такрорий тарзда жами 3 та тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширишларда белгиланган талабларга риоя қилмаган.

Ушбу қонун бузилиш ҳолати Вакил девонининг Қашқадарё вилоятидаги шўбаси томонидан Деҳқонобод туман прокуратурасига алоқа хати орқали маълум қилиниб, тегишли ҳужжатлар тақдим қилинган.

Ҳолат юзасидан Деҳқонобод туман прокуратураси томонидан масъул ходимга нисбатан Жиноят кодексининг 192 прим 2-моддаси (Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш) иккинчи қисми “а” (кўп миқдорда зарар етказган ҳолда) банди билан жиноят иши қўзғатилган”, - дейилади Бизнес-омбудсман ахборотида.

Жиноят ишлари бўйича Миришкор туман судининг ҳукми билан Солиқ инспекцияси масъул ходими жиноят содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 45-моддасига (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) билан 1 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари (33 миллион сўм) миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 192 прим 2-моддаси (Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш) иккинчи қисми “а” (кўп миқдорда зарар етказган ҳолда) банди — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўхшаш янгиликлар