• 10809.74
  • 12317.70
  • 141.04
weather Тошкент: +7.6°C
Detail image

Шавкат Мирзиёев ДХХ ҳарбий таълим муассасалари мажмуасини бориб кўрди — фото

Президент Амир Темур меросини ўрганиш марказида шу лицей ҳамда видеоконференция орқали бошқа шаҳарлардаги Темурбеклар мактаби ўқувчилари билан суҳбатлашди.
Шавкат Мирзиёев ДХХ ҳарбий таълим муассасалари мажмуасини бориб кўрди — фото
Фото: president.uz
Шавкат Мирзиёев бугун, 7 январь куни Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий таълим муассасалари фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.


Давлат хавфсизлик хизматининг Темурбеклар мактаби учун Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида янги бино қурилди. Ташриф чоғида Президентга ҳарбий-академик лицейдаги ўқитиш тизими ҳақида маълумот берилди.

Давлат раҳбари 2020 йил октябрда бу ерга келганида ҳамда Хавфсизлик кенгашининг 2021 йилги йиғилишида ҳарбий таълимни такомиллаштириш, ёшларни Ўзбекистон тарихи ва аждодлар жасорати асосида ватанпарвар этиб тарбиялаш бўйича кўрсатмалар берганди.



Темурбеклар мактабида ўқиш шундай ташкил этилган. Бунинг учун бешта кафедра: аниқ фанлар, ижтимоий-гуманитар фанлар, хорижий тиллар, психология ва тарбия фанлари ҳамда касбий-амалий фанлар кафедралари очилган. Уларга юқори малакали педагоглар очиқ танлов асосида қабул қилинган.

Лицей тарих фани ва хорижий тилларга ихтисослашган. 2021/2022 ўқув йилида 5 минг 600 нафар талабгордан энг билимли 100 нафари саралаб олинган. Бугунги кунда 220 нафар ўқувчи сабоқ олмоқда.

Президент лингафон, психодиагностика ва маънавият хоналарини кириб кўрди. Амир Темур меросини ўрганиш марказида ёшлар билан суҳбатлашди.

"Мана шундай илғор мактабда ўқиётганингиз билан сизларни, ота-оналарингизни табриклайман. Сизлар янги Ўзбекистоннинг қанотисизлар. Бу қанотлар нима билан кучли бўлади? Билим билан! Камида икки-учта тилни, аниқ фанларни ва тарихимизни мукаммал билишингиз керак. Мана, бу мактабда психология фанини ҳам киритдик, униям яхши ўрганинг. Сизларда ҳамма имконият бор", - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда видеоконференция орқали Тошкент, Нукус, Фарғона ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги Темурбеклар мактаби ўқувчилари билан ҳам мулоқот бўлди. Ушбу мактаблар ўқувчилари ўртасида маънавият бўйича танлов ўтказиш, Темур тузукларининг ҳар бир тузуги бўйича илмий шарҳлар ёзиш муҳимлиги таъкидланди.


Давлат раҳбари лицей кутубхонасида ҳам бўлди. 

У ерда китоб ўқиб ўтирган йигитлар таълим масканида яратилган шароитлар, ўқувчилар ўртасидаги дўстона муҳит ҳақида сўзлаб берди. Улар орасида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳам бор.

"Мамлакатимизда ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди, ҳаммасининг ривожланиши учун шароит яратаяпмиз. Фақат қайси ёш ўзини қийнаб, вақтини бекор ўтказмай, кўпроқ билим олса, келажакда муваффақиятга эришади. Ҳамма буюклик ниятдан келади, меҳнатдан келади", - деди президент.

Лицейнинг ўқув биноси, спорт зали, ётоқхона, ошхона, тиббий хизмат марказида энг замонавий шароитлар яратилган. Шунингдек, мажмуа ҳарбий машғулотлар майдони, стадион, сув ҳавзаси, автодром ва пласни ўз ичига олган.

Президент Амир Темур номидаги Давлат хавфсизлик хизмати академиясидаги шароитларни ҳам кўздан кечирди.



Ўхшаш янгиликлар