• 10803.97
  • 12194.44
  • 136.82
weather Тошкент: +2.4°C
Detail image
Эртага пойтахтимизда оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги 86-жаҳон чемпионатига старт берилади.

Бугун, 6 декабрь куни шу муносабат билан матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Халқаро оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Жалуд, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шахрулла Маҳмудов ҳамда терма жамоа бош мураббийи Баҳром Миндибоев қатнашиб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Тадбир давомида мутасаддилар жаҳондаги минглаб оғир атлетика мутахассислари, ишқибозлари диққат-марказида бўлган мазкур нуфузли чемпионатга кўрилаётган тайёргарлик, унда иштирок этаётган давлатлар, мусобақалар билан боғлиқ жараёнлар хусусида сўзлаб беришди.

– Чемпионатга ҳар тамонлама пўхта тайёргарлик кўрилди. Бугунгача дунёнинг 50 га яқин давлатидан 500 нафарга яқин спортчи ва мутахассислар, оғир атлетика федерацияси вакиллари, ҳакамлар, техник комиссия вакиллари Тошкентга етиб келишди. 

Мусобақаларда умумий ҳисобда дунёнинг 74 та давлатидан 187 нафар хотин-қиз ва 245 нафар эркак оғир атлетикачилар жаҳон чемпионлиги учун ўз вазнларида беллашишади. Эртадан бошлаб мусобақаларнинг халқаро транслияцияси дунёнинг 50 дан зиёд давлатига тўғридан-тўғри намойиш этилади, – дейди Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шахрулла Маҳмудов.

[gallery-4967]

Журналистларнинг саволларига жавоб бериш асносида терма жамоа бош мураббийи Баҳром Миндибоев, мамлакатимизнинг 4 нафар хотин-қиз ва 10 нафар эркак оғир атлетикачилари 86-жаҳон чемпионатида қатнашишини айтиб ўтди.

Халқаро оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Жалуд жаҳон оғир атлетикаси учун тарихий чемпионатнинг Ўзбекистонда ўтказилаётганлиги катта аҳамиятга эгалигини билдириб, мазкур мусобақаларни ёритиш учун дунёнинг бир қатор халқаро оммавий ахборот воситалари Тошкентга келганлигини ўрғулади.

Яна бир эътиборли ҳолат. Мазкур жаҳон чемпионатида фахрий меҳмон сифатида қатнашиш учун дунё оғир атлетикасининг бир қатор машҳур спортчилари қаторида, Ўзбекистон номидан нуфузли мусобақаларда иштирок этган фахрий оғир атлетикачилар ҳам Тошкент мусобақаларига таклиф этилган.

Анжуманда таъкидланганидек, эртанги саралаш беллашувлари соат 9:00 да бошланади. Чемпионат дастурига биноан аёллар 45, 49 килограмм вазнларда, эркаклар 55 килограмм вазнда баҳсларга киришишади.

Тарихий 86-жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими эртага, 7 декабрь куни соат 16:00 да бўлиб ўтади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА

Ўхшаш янгиликлар