• 10650.06
  • 12497.85
  • 146.08
weather Тошкент: +19.8°C
Detail image
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар дастлаб “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 2021 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини эшитди.

Фракция аъзолари Давлат дастури ижроси муҳокамасида партия мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда мактабгача таълим, халқ таълими ва олий таълим соҳасида белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратди.

– ЎзМТДП ташаббуси билан мактабларда “Тарбия” дарси жорий қилинди ва партия бу фан бўйича етук мутахассисларни тайёрлаш масаласини ҳам кўтарган эди, – деди фракция раҳбари Алишер Қодиров. – Олий таълимда ушбу фан бўйича бу йилдан бошлаб мутахассислар тайёрлаш ҳам кўзда тутилган эди. Аммо бу йилги қабул жараёнидан кўриняптики, амалда бу вазифа бажарилмади. Тегишли вазирликлар буни қандай изоҳлайди?

Олий таълим вазирлиги вакили бундай мутахассисларни тайёрлаш бўйича бу йил қабул бўлмаганини очиқ айтдию, лекин сабабини аниқ изоҳлай олмади. Халқ таълими вазирлиги вакили эса вазирлик ўз имкониятларидан келиб чиқиб, янги дастурга мос равишда ўқитувчилар малакасини ошираётганини маълум қилди. Табиийки, фракция аъзолари бу жавоблардан қониқмади.

Депутатларнинг таъкидлашича, “Тарбия” фани бўйича махсус мутахассислар тайёрланмас экан, яъни унга иккиламчи фан сифатида қараш давом этар экан, бу йўл билан мақсадга эришиб бўлмайди. Чунки бу фан профессионалликни талаб қилади. Тегишли вазирликларнинг жавобидан маълум бўлдики, бу фан бўйича етук мутахассисларни тайёрлашда бир йил йўқотилди. Йиғилишда “Миллий тикланиш” бу масала билан жиддий шуғулланишда давом этиши, керак бўлса, парламент эшитувини ташкил қилиши алоҳида қайд этилди.

 

Фракция аъзолари, шунингдек, Мактабгача таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 августга қадар болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлаш ҳамда бошланғич таълим ўқув дастурларининг ўзаро узвийлигини таъминлаш чораларини кўриш белгиланган бўлса-да, жойларда бу борадаги ишлар қониқарли ташкил этилмаганлигини танқид остига олди. Ҳукумат вакиллари ҳар иккала масала бўйича ўз муносабатини билдириб, ижросини назоратга олишини билдиришди.

Фракция йиғилишида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимча киритишга оид қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан “Covid-19” юқиш даражасини пасайтириш ва ижтимоий иммунитетни ташкил этиш мақсадида аҳолини вакцинация қилиш ишларини жадаллаштириш таклифи билдирилган эди. Таъкидлаш жоиз, ушбу таклифдан келиб чиқиб, тегишли қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун лойиҳасида “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилмоқда. Шунингдек, Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлиги кўзда тутилмоқда.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасининнг қабул қилиниши натижасида коронавирус инфекцияси янги тўлқинларининг олдини олиш учун аҳоли ўртасида оммавий вакцинацияни ташкил этишнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланади. Юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлаш ўтказишни жорий этиш юзасидан амалдаги қонунчиликдаги мавжуд зиддиятлар бартараф этилади.

Мутахассислар томонидан бугун бу офатдан ҳимояланишнинг ягона йўли эмланиш экани таъкидланаётган бўлса-да, фуқароларнинг вакциналарга бўлган ишончсизлиги оқибатида шу пайтгача 1 миллион 27 минг киши эмланган, холос. Бу 18 ёшдан ошган аҳолининг 4,8 фоизини ташкил қилмоқда. Жамоавий иммунитетни шакллантириш учун эса аҳолининг 60-80 фоизи эмланиши талаб этилади. Хитойда вакциналарга бўлган ишонч 90 фоиз, Бразилияда 80, Ҳиндистон, Индонезия ва Таиландда 70, Туркия ва Мексикада эса 60 фоизни ташкил этмоқда. Франция, Греция, Австралия, Италия, Латвия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда мажбурий вакцинация амалиёти жорий этилган.

Депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг айни кундаги аҳамияти ҳамда касаллиликнинг юқумлилик кўлами ошиб бораётганлигини эътиборга олиб, қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллади.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА

Ўхшаш янгиликлар