• 10674.08
  • 12576.20
  • 146.91
weather Тошкент: +26.5°C
Detail image
Дунёда халқлар ва мамлакатларнинг ҳамкорлик йўналишларини белгилайдиган, ўзаро қўллаб-қувватловчи, ҳаракатларни маълум келишувлар доирасида бирга олиб боришни назарда тутувчи халқаро ташкилотлар, бирлашмалар, уюшмалар жуда кўп. Бундай ташкилотларга қўшилишнинг ягона шарти ҳар бир аъзо мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий манфатларига тўғри келиши, уларнинг тараққиётига, халқлари фаровонлигига хизмат қилиши керак.

Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрнини топган Ўзбекистон ҳам ўз мустақиллигини эълон қилгандан кейин кўплаб халқаро ташкилотларга аъзо бўлди. Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёвнинг шахсий ташабуслари билан дунё аҳлининг ривожланишига, тараққиётига хизмат қиладиган глобал лойиҳаларда фаол иштирок этаётгани мамлакатимизнинг обрўсини тобора оширмоқда. Ана шундай ташкилотларнинг бири Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашидир.

Тузилмага 2009 йил 3 октябрда Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида асос солинган. Туркий кенгашнинг асосий вазифаси аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий ва маданий алоқаларини мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлаш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишдан иборат.

Давлат раҳбарлари даражасидаги саммитлар Ташкилотнинг олий тузилмаси бўлиб, 2011 йилдан бошлаб ҳар йили бир маротаба ўтказиб келинмоқда.

Яқинда Озарбайжон ҳукумати Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлардан бир гуруҳ журналистларни Озарбайжонга таклиф этди. Ўзбекистон Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ҳамда кузатувчи мақомида бўлган Венгриядан келган журналистлар Боку шаҳрида қатор тадбирларда иштирок этди.

Мазкур сафардан мақсад 2020 йил кузида Озарбайжон қуролли кучларининг жанговар ҳаракатлари натижасида душмандан озод қилинган ҳудудлар, хусусан, Тоғли Қорабоғ чорак аср давомида қай аҳволга келтирилгани, урушнинг вайронкор излари, аччиқ тақдирлар, қадрдон уйларини ташлаб кетган инсонлар ҳаётидан халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш эди.

Сафар давомида қатор учрашувлар, суҳбатлар уюштирилди. Туркий дунёсининг вакиллари, ҳамкасбларимиз билан соҳа бўйича ҳамкорлик қилиш истиқболлари ҳақида суҳбатлашдик. Учрашувлар давомида биз ўзбекистонлик журналистлар шуни чуқур англадикки, Ўзбекистон мазкур тузилмада ўз ўрнига, нуфузига эга. Буни биз давлатимиз раҳбарининг тузилма доирасида бўлиб ўтаётган олий даражадаги учрашувларда фаол қатнашиши, ҳаётий долзарб масалаларда илгари сураётган ташаббуслари ташкилотга аъзо мамлакатлар томонидан юқори баҳоланаётганидан ҳам яхши англадик.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўшни ва қардош давлатлар ва қатор минтақавий ташкилотлар билан очиқ ва конструктив ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган оқилона ташқи сиёсати Туркий кенгаш доирасидаги алоқаларни янада чуқурлаштиришда ҳал қилувчи роль ўйнамоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг ташкилот доирасидаги саммитларда ҳар сафар иқтисодий, сармоявий, савдо-сотиқ, транспорт-коммуникация ва логистика тизимларини ривожлантириш, инновациялар, ёшларни қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, саноат кооперациясини ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва зиёрат туризми бўйича қатор ташаббусларни фаол илгари суриб келаётгани бежиз эмас.

Бу ҳақда Бокуда журналистлар билан ўтган учрашувда Озарбайжон Президенти ёрдамчиси – Президент маъмуриятининг ташқи сиёсат масалалари бўлими раҳбари Ҳикмат Ҳожиев ҳам алоҳида таъкидлади. У ўзбекистонлик журналистларга Ўзбекистон – Озарбайжон ҳамкорлигини янада сермаҳсул қилиш имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.

Дарҳақиқат, мамлакатларимиз ўзаро ҳамда турли халқаро тузилмалар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бунга Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида турли соҳада амалга ошириб келаётган самарали ҳамкорликни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

– Мамлакатларимиз Буюк ипак йўлини тиклаш ва ривожлантириш бўйича ҳам манфаатли қадамларни ташламоқда. Бу борада ҳали ишга солинмаган имкониятларимиз кўп. Бу йўлда журналистларнинг ҳам ёрдамига суянамиз, албатта. Бундай пресс-турлар ижод аҳлининг фикр алмашувига, дўстлашувига, бирлашувига хизмат қилиади, – деди Ҳикмат Ҳожиев.

Ўзбекистон Туркий кенгашга аъзо барча давлатлар билан стратегик шериклик алоқаларини ўрнатган. Бинобарин, мамлакатимизнинг ташкилот доирасида кенг қамровли алоқаларни тобора фаоллаштириб, долзарб ташаббусларни доимий равишда илгари суриб келаётгани, ҳали ишга солинмаган жуда катта имконият ва салоҳиятдан тўлиқ ва унумли фойдаланиш учун мустаҳкам замин яратади.

Президентимиз Тоғли Қорабоғ масаласида ҳам мамлакатимизнинг очиқ ва қатъий позициясини айтиб ўтган. Давлатимиз раҳбари Озарбайжон халқи ва Президенти Илҳом Алиевни Тоғли Қорабоғ ҳудудини қайтариб, тарихий адолатни тиклаш йўлидаги ғалабаси билан муборакбод этиб, Ўзбекистон Тоғли Қорабоғ заминидаги кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирган эди. Қадимий обидаларни қайта тиклаш ва таъмирлаш борасида юртимизда катта тажриба мактаби шакллангани инобатга олинса, Президентимизнинг фикрлари аниқ асосга эга эканини билиш қийин эмас.

Президентимиз, шунингдек, Туркий кенгаш тараққиётини таъминлашда унга аъзо мамлакатларда жуда катта салоҳият мавжудлигини ҳам алоҳида таъкидлаб келади. Яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини тайёрлаш, Туркий кенгашнинг ўз Инвестициявий жамғармаси ҳамда Тараққиёт банкини таъсис этиш, минтақанинг транспорт ва транзит салоҳиятини ошириш, Марказий Осиё ҳудуди орқали дунёнинг асосий савдо бозорларига, хусусан, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ҳамда Осиёнинг бошқа мамлакатларига, Озарбайжон ва Туркия орқали Европа Иттифоқи давлатларига чиқиш имкониятлари бўйича илгари сураётган ташаббуслари бунга яққол мисол. Қолаверса, давлатимиз раҳбари туркий халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни тиклаш, қардош халқларимиз умумий моддий ва маданий меросини келажак авлодларга безавол етказишни, ижод аҳли ўртасида ўзаро фаол алмашувларни амалга оширишни ҳам ўта муҳим масалар қаторига қўшган.

– Ўзбекистондаги ўзгаришларни мен ҳам кузатиб бораман. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, дунё оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ҳақида яхши хабарларни кўп ёзмоқда. Бу – ҳақиқат. Зеро, Ўзбекистон кенг имкониятларга бой мамлакат. Халқингиз меҳнаткаш, энг муҳими, юртингизда тинчлик. Бундай мамлакатда интилиш, юксалиш ҳам катта бўлади. Ўзбекистоннинг янги-янги марраларни эгаллашига ишонаман. Бизни қийин кунларда қўллаб-қувватлаб турган қардошларимиздан миннатдормиз, – дейди сиёсий шарҳловчи Азер Ҳазрат.

– Мен Ўзбекистонда бўлмаганман. Лекин юртингиздаги ўзгаришларни оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб бораман.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда жуда катта ислоҳотлар амалга оширилди, мамлакатингиз дунёга очилди. Қардош миллат вакили сифатида эришаётган ютуқларингиз мени қувонтиради. Мамлакатингиз бениҳоя гўзал, халқингиз меҳмондўст эканига асло шубҳа қилмайман. Туркий тилли мамлакатлардан келган бир гуруҳ журналистлар Озарбайжон бўйлаб ташкил этилган тадбирда қатнашиб, Тоғли Қорабоғдаги уруш даҳшатларини кўриб, тинчлик ҳар бир халқ учун қанчалик азиз, уни асраб-авайлаш ҳар биримиз учун муқаддас бурч эканини чуқур англадик, – дейди яна бир ҳамкасбимиз, Туркиянинг “Сабаҳ” газетаси мухбири Кенан Киран.

Маълумки, туркий халқлар бутун инсониятнинг бойлиги ҳисобланган бебаҳо маданий меросга эга. Мамлакатларимизда туркий ва ислом цивилизациясининг тарихий ёдгорликлари, буюк олимлар, шоир ва мутафаккирлар, рассомларнинг мероси асраб-авайланади. Бу бебаҳо бойлик бутун инсоният мулки бўлиб, ундан дунё аҳли баҳраманд бўлиши керак. Бу борада зиёрат туризмини фаол ривожлантириш жуда муҳим. Зеро, маданий-гуманитар ҳамкорлик давлатлар ўртасидаги муносабатлар муҳитини шакллантиришга, инсонларни бирлаштиришга хизмат қилади.

Шу мақсадда 2019 йили Ўшда бўлиб ўтган ТУРКСОЙнинг доимий кенгаши ўтказган 37-мажлисида Хива шаҳри Турк дунёсининг 2020 йилда маданий пойтахти, деб эълон қилинган эди.

Жорий йилнинг июнь ойида эса Қўқон шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар туризм вазирларининг 6-йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистонда илк бор бўлиб ўтган ушбу йиғилишда Қўқон шаҳри Туркий кенгашнинг илк туризм пойтахти деб эълон қилинди.

Икки минг йиллик шонли тарихга эга бу шаҳар Туркий дунёнинг маданият, санъат, илм-фан, адабиёт, дин, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик марказларидан бири саналади.

Ўзбекистон ана шундай қадимий маданият ўчоқларига бой мамлакат. Юртимизнинг қайси ҳудудида борманг, етти иқлимга донғи кетган Қўқони латифдек гўзал ва қадимий обидаларга бой шаҳарларни учратасиз.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган оқилона ташқи сиёсати туфайли ўтган икки йилда Ўзбекистон Туркий кенгашнинг фаол иштирокчиси, ташкилотнинг қатъий сиёсий позициясига эга бўлган мамлакатига айланди.

Саидмурод Раҳимов, ЎзА

Ўхшаш янгиликлар