• 10692.00
  • 12447.63
  • 150.46
weather Тошкент: +6.8°C
Detail image
Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён – Президент сайловига ҳам саноқли кунлар қолди. Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси, туман ва шаҳар Давлат хизматлари марказларида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик қизғин олиб бориляпти.

Хусусан, Зангиота, Қибрай, Ўрта Чирчиқ, Оққўрғон, Чиноз, Янгийўл туманлари, Нурафшон, Чирчиқ, Бекобод ва Оҳангарон шаҳар Давлат хизматлари маркази биноларида сайлов участкаси ташкил этилган. Шундан 7 тасида марказ ходимлари сайлов участкаларига бириктирилган.  

Ҳар бир сайлов участкаси сайловга тўлиқ шай ҳолатга келтирилган бўлиб, миллий сайлов қонунчилиги ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос жиҳозланди. Сайловни демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказилиши учун барча шароитлар яратилиб, замонавий жиҳозлар ва ахборот технология ускуналари билан таъминланди.

Сайлов участкасига бириктирилган ходимларнинг сайлов қонунчилигига оид билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида, бошқарма, ҳокимлик, туман ва шаҳар адлия бўлимлари ҳамкорлигида Ўрта Чирчиқ, Чиноз, Оққўрғон, Зангиота ва Янгийўл туманларида ўқув-семинарлар ташкил этилди. Бошқарма раҳбарияти томонидан сайлов участкаларининг ташкилий жиҳатдан тайёргарлиги мунтазам ўрганиб борилмоқда.

– Марказларда сайловчилар учун барча қулайликлар яратилган, – дейди ДХА Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Илҳомжон Абдусатторов. – Жумладан, сайлов қонунчилигига оид плакатлар, сайловчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Президентликка номзодлар тўғрисидаги тарғибот воситалари, сайловчиларнинг рўйхати жойлаштирилган. Шунингдек, тиббий пунктлар ҳам ташкил этилган. Қолаверса, ташкил этилган болалар майдончалари фарзандлари билан келган сайловчиларга қулайлик яратади.

Бугун, 14 октябрдан бошлаб сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз бериш бошланди. Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади.  

Муҳими жойларда сайловга келган фуқаролар карантин қоидаларига риоя қилиши, ижтимоий масофани сақлашига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг кўплаб марказий бозорларида Давлат хизматлари агентлиги ташаббуси билан, “Ўзимиз келдик” лойиҳаси доирасида аҳолига давлат хизматлари сайёр тартибда кўрсатиляпти. Унда сайлов қонунчилиги бўйича ҳам тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

 

А.Мусаев, ЎзА

Ўхшаш янгиликлар