• 10830.17
  • 11391.17
  • 203.96
weather Тошкент: +24.7°C
Detail image
Бугун аксарият юртдошларимиз томорқа оила учун ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи эканини яхши билади.

Ғайрат Мавлонов Кармана туманидаги “Аллон” маҳалласида истиқомат қилади. 3 нафар фарзанди – икки ўғил, бир қизи бор. 2014 йилдан буён ҳовлисидаги 6 сотих майдонда иссиқхона хўжалиги билан шуғулланади.

– Асли касбим ҳайдовчилик, 27 йил турли ташкилотларда ишладим, – дейди Ғайрат ака. – Қарийб 8 йилки ҳовлимизда иссиқхона ташкил қилиб, халқимиз дастурхонига бодринг, помидор, турли кўкатлар етказиб бермоқдамиз. Биз яшайдиган Жалойир ҳудуди азалдан деҳқончилик маҳсулотлари етиштириш учун қулай ва унумдор тупроққа эга. Қайси хонадонга кирманг, барчасининг ҳовлисида турли деҳқончилик маҳсулотлари етиштирилмоқда. Бир қарич ҳам бўш турган ерни кўрмайсиз. 12 ой бозорга деҳқончилик маҳсулотлари етказиб берилади бу ҳудуддан.

Бугун иссиқхонада бодринг ва помидор кўчатлари ҳосилга кирган. Ҳадемай пишиб етилади. Оила бекасидан “даромад қандай бўляпти?”, дея сўраймиз.

– Даромад меҳнатга яраша, – дейди хонадон соҳибаси. – Нолимаймиз. Фарзандларимиз билан эл дастурхони тўкинлигини таъминлаш мақсадида меҳнат қиламиз. Харидорларнинг ўзлари уйимиздан келиб олиб кетади. Рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин. “Қора қозон”имиз қайнаб турибди. Шу иссиқхонанинг ортидан орзу-ҳавас қиляпмиз. Ўғил уйлантирдик. Қиз чиқардик. Иккинчи ўғлимизни ҳам уйлантириш арафасидамиз.

Ғайрат ака билан суҳбатлашар эканмиз, ҳовлидаги 13 дона ток, бир қанча олма ва гилос дарахтларининг ҳам бу йил ҳосили мўл эканлигини таъкидлайди.

“Яшил макон” лойиҳасига ўз ҳиссамни қўшиш мақсадида йўл ёқасидаги фойдаланилмаётган ернинг бир гектарига 654 туп гилос, ёнғоқ, ўрик, олма каби турли мевали дарахт кўчатлари экиб боғ яратдим. Бу йил айримлари нишона берди. Меҳнатингнинг самарасини кўрганингда барча чарчоқларинг унутилади. Ҳузурланасан киши”, дейди Ғайрат ака.

Карманалик яна бир юртдошимиз томорқасидан унумли фойдаланмоқда.

“Уйрот” маҳалласида яшовчи Ойбек Кенжаев хонадонига кирсангиз гуллар оламига кириб қолгандек ҳис қиласиз ўзингизни.

– Қарийб 18 йилдан буён гул кўчатлари етиштириш билан шуғулланиб келаман, – дейди О.Қиличев. – Бу касбни отамдан ўрганганман. Отам эса 1982 йилдан буён шу касб билан шуғулланади. Ҳозирда 15 сотих майдонда иссиқхонамиз бор. Унда 15 хилга яқин гул кўчатларини етиштирамиз. Ҳар йили вилоят бўйича 110 минг тупдан ортиқ гул кўчатлари сотамиз. Даромадимиз ҳам шунга яраша. Ота-онам оилавий тадбирларга турли гуллардан олиб келиб ҳовлимизни безатишга қизиқарди. Кейинчалик кетган харажатларни ҳисоблаб чиқиб, биз ҳам гул етиштириш бизнесини йўлга қўйсак бўларкан, деган қарорга келишган. Мана қарийб 40 йилдан буён шу касбни ардоқлаб келяпмиз. “Ота касб” деса ҳам бўлади.

[gallery-7245]

О.Кенжаев нафақат гулчилик билан, балки 25 сотих майдонда турли мевали кўчатлар етиштириш билан ҳам шуғулланади. Бугунги кунда унинг қарийб 10 гектар майдонда мевали боғи ҳам бор.

Албатта, кейинги йилларда юртимизда томорқа маданиятини янада юксалтириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Навоий вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, бугунги кунда вилоятда 259 та маҳаллада 143 минг 144 та деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари бўлиб, уларда қарийб 12,8 минг гектар томорқа майдони бор. Бугунги кунда алмашлаб экиш ҳисобига 3 мартагача ҳосил олиш имконияти мавжуд.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА

Ўхшаш янгиликлар