• 10683.68
  • 12410.16
  • 154.09
weather Тошкент: +11.7°C
Detail image
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташаббуси билан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида журналист ва блогерлар учун Термиз туманидаги балиқчилик хўжаликларига пресс-тур ташкил этилди.

Бугунги кунда вилоят ҳудудининг 6230 гектар майдонида 296 та балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларнинг 288 таси 1214 гектар сунъий сув ҳавзаларида ва 8 таси ижарачи корхона сифатида 5016 гектар табиий сув ҳавзаларида балиқ етиштиради.

2020 йилда вилоятда 15 минг тонна балиқ етиштирилди. Шу билан бирга, умумий қиймати 27 миллиард сўм бўлган 35 та янги балиқчилик лойиҳалари амалга оширилди. Жорий йилда эса балиқ етиштириш ҳажмини 20 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

Пресс-тур қатнашчилари дастлаб Термиз туманидаги “Termiz agro fish export” МЧЖ фаолияти билан танишди. Ушбу балиқчилик хўжалиги 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, 24 гектар сунъий майдонда ярим интенсив, Хитой ва Европа технологияларига асосланган ҳолда балиқнинг карп, оқ дўнгпешона, оқ амур ва тиляпия турларини етиштиришни йўлга қўйган. Айни дамда мазкур балиқчилик хўжалигида 18 киши доимий иш билан банд. 2020 йилда хўжаликда балиқ етиштириш 160 тоннани ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 200 тоннага етказилиши кутилмоқда.

Журналист ва блогерларга Хитой ва Европа тажрибаси асосида балиқ етиштиришнинг афзалликлари, балиқ боқишнинг инновацион усуллари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тумандаги “Surxon fish agro prom co” MЧЖ фаолияти ҳам пресс-тур иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. 2017 йилда ташкил этилган балиқчилик хўжалигида сазан, оқ амур, оқ дўнгпешона ҳамда лаққа балиқ парваришлаш йўлга қўйилган. Ушбу хўжаликда 2020 йилда 20 тонна, жорий йилнинг 9 ойи давомида эса 52 тонна балиқ етиштирилди. Келгусида балиқ етиштириш ҳажмини 500 тоннага етказиш, савдо шахобчалари ва қайта ишлаш цехларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, мазкур хўжалик томонидан 6 гектар ҳудудда экотуризм майдони ташкил этилган. Бу ерда хўжаликнинг ўзида етиштирилган 4 турдаги балиқдан кабоб, чихохбили, шўрва, қовурилган ва димланган таомлар тайёрланади. 250 кишига мўлжалланган экотуризм маскани сиғимини келгусида 400 кишига етказиш режалаштирилган.

Пресс-тур давомида журналистларга вилоятда аҳолига парҳезбоп ҳамда витаминларга бой маҳсулотлар етказиб бериш, балиқ таомларини тайёрлашга ихтисослаштирилган ошхоналар ҳамда махсус балиқ бозорларини ташкил этиш сингари вазифаларни ўз ичига олган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

[gallery-4257]

ЎзА фотомухбири

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА

Ўхшаш янгиликлар