• 10581.03
  • 12645.39
  • 145.92
weather Тошкент: +30.1°C
Detail image
Бутун дунёда таълим ҳамда илм-фанга эътибор борган сари ошиб бормоқда.

Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда бу борада сезиларли қадамлар ташланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилиши билан юртимизда таълим муассасалари сифат самарадорлигини ўрганиш ҳамда улар рейтингини тузиш йўлга қўйилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад сифатида юртимизда фаолият олиб бораётган олий таълим муассасаларини танқидий ўрганиш, улардаги таълим сифатига шаффоф баҳо бериш, бошқа олий таълим муассасалари билан рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда уларни дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари даражасига кўтариш белгиланган.

Олий таълим муассасасидаги таълим жараёнларининг олиб борилишига ташқаридан холисона баҳо бериш, ўз навбатида, мазкур муассаса раҳбарлари ва жамоанинг ижобий ҳаракатларига туртки бўлади, албатта.

2018 йилдан жорий этилиб, эълон қилиб келинаётган олий таълим муассасалари миллий рейтинги индикаторларини ишлаб чиқишда дунёнинг нуфузли рейтинг агентликлари – THE, QS ҳамда ARWU тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди.

Миллий рейтингда олий таълим ташкилотлари фаолияти қуйидаги йўналишларда баҳоланиши белгиланди:

- профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолияти – 40 фоиз;

- ўқув-услубий ишлар ва таълим сифати - 30 фоиз;

- талабалар билими ва иш берувчиларнинг фикрлари - 27 фоиз;

- жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш - 3 фоиз.

Пандемик вазиятга қарамасдан бу йил тўртинчи бор олий таълим ташкилотлари миллий рейтингини аниқлаш устида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Хусусан, миллий рейтингнинг энг асосий йўналишларидан бири бўлган талабалар билими ва иш берувчиларнинг фикрларини ўрганиш мақсадида 13 та ишчи гуруҳ шакллантирилиб, ҳудудларга сафарбар этилди.

Ушбу йўналиш доирасида битирувчи босқич талабаларидан мутахассислик фанларини билиш даражасини аниқлашга қаратилган тест синовлари ва олий таълим муассасаларида таълим сифатини ўрганиш юзасидан сўровнома ўтказилади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, дунё бозорига фаол кириб бориши, барча соҳаларда халқаро ҳамкорлик кенгаяётгани хорижий тилларни билишга эҳтиёжнинг ошиб бораётгани алоҳида эътироф этиб ўтилди. Шуни инобатга олган холда олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг чет тилларини билиш даражасини аниқлашга қаратилган назорат синовлари ҳам ташкил этилди. Мазкур жараёнларга республикамиз бўйича жами 91 та олий таълим муассасасидан 10 минг 598 нафар талаба ҳамда 30 минг 802 нафар профессор-ўқитувчи жалб этилмоқда.

Олий таълим муассасалари рейтинг баҳолаш тизимининг асосий индикаторларидан бири - бу профессор-ўқитувчиларнинг “Хорижий тиллар” ва талабаларнинг “Мутахассислик фанларидан” билим даражасини аниқлашдир.

Ҳозирги вақтда республикамизнинг барча ҳудудларида, белгиланган олий таълим муассасаларида тест жараёнлари бўлиб ўтмоқда. Бу йилги тест жараёнларида профессор-ўқитувчилар “Хорижий тиллар” бўйича, юқори босқич талабалари эса “Мутахассислик фанлари”дан имтихон топширмоқда. Профессор-ўқитувчилар учун хорижий тиллар бўйича жами 20 та тест саволи, юқори босқич талабалари учун эса иккита мутахассислик фанидан 20 тадан, жами 40 та тест саволи берилмоқда ва ушбу жараёнлар онлайн (аниқ вақт режимида) ўтказиляпти.

Тест синовлари барча ҳудудларда 2021 йилнинг 31 май санасидан 9 июнь санасигача бўлиб ўтади.

Олий таълим соҳасини янада ривожлантириш бевосита кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлашга боғлиқ. Шу боис миллий рейтинг тизимини янада такомиллаштириш мақсадида иш берувчилар билан олий ўқув юртлари ўртасида интеграцион алоқаларни баҳоловчи индикаторлар жорий этилган.

Шу йилнинг май-июнь ойларида Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган барча вазирлик ва идоралар, корхоналар, давлат ҳамда нодавлат ташкилотлар, барча турдаги муассасалар, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар, хусусий фирмалар билан олий таълим муассасаларининг битирувчиларига баҳо бериш мақсадида иш берувчилар сўровномаси ташкил этилди.

Ушбу сўровномани таълим инспекциясининг расмий сайти https://tdi.uz/ ёки https://bit.ly/3waWAxR ҳаволаси орқали кириб тўлдириш мумкин бўлади.

Юқоридаги тадқиқотлар якунига етганидан сўнг янги ўқув йили бошланишидан олдин олий таълим муассасаларининг янги рейтинги эълон қилинади.

Умид қиламизки, мамлакатимиз олий таълим муассасалари ўз натижаларини тобора яхшилаб, соғлом рақобат орқали миллий рейтингда юқори ўринларни эгаллайди ҳамда яқин келажакда дунёнинг ТОП университетлари қаторига киради.

Анваржон МАҲМУДОВ

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Таълим сифатини назорат қилиш

давлат инспекцияси бош бошқарма бошлиғи

Ўхшаш янгиликлар