• 10683.68
  • 12410.16
  • 154.09
weather Тошкент: +13.2°C
Detail image
Фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар халқ ва давлат ўртасида ижтимоий кўприк вазифасини бажаради. Шу нуқтаи назардан қараганда, демократик сайловларни уларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Жорий йилги сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларида ҳам улар фаоллик кўрсатмоқда.

Биргина Қашқадарё вилояти мисолида, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси ва ҳудуддаги 1001 та участка сайлов комиссияси таркибига энг фаол нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг сони 3 минг 520 нафарни ёхуд жами аъзоларнинг 24 фоиздан ортиғини ташкил қилади. Улар орасида 2 минг 158 нафар фуқаронинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, 856 нафар миллий-маданий марказлар фаоллари, 159 нафар ногиронлик жамиятлари аъзолари ҳамда 349 нафар бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари – аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган инсонлар бор. Улар нафақат сайловга тайёргарлик жараёнларидаги ташкилий масалаларда фаол, балки аҳолининг, шу жумладан аёллар ва ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини, сайлов қонунчилигига оид билимини юксалтиришга қаратилган тадбирларнинг ҳам асосий ташкилотчилари бўлмоқда.

Шунингдек, сайлов кампаниясини ташкил этиш ишларига Волонтёрлар ассоциациясининг аъзолари ҳам яқиндан ёрдамлашаяпти. Мингдан зиёд волонтёр комиссиялар жойлашадиган биноларни танлаш ва жиҳозлашни мониторинг қилиш, сайловчиларнинг дастлабки рўйхатига уйма-уй юриб аниқлик киритишда, фуқароларга сайловларнинг аҳамияти ҳақида тушунтиришлар бериш ва унда фаол иштирок этишга чақиришда комиссия аъзоларига кўмакчи бўлмоқда.

Жорий сайловда фуқаролик жамияти институти бўлган сиёсий партияларнинг Қашқадарё вилоятидаги туман-шаҳар ташкилотларидан ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 6 мингдан ортиқ кузатувчи ва партияларнинг 5 мингдан зиёд ваколатли вакилига мандат берилди. Улар сайлов кодексига мувофиқ сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг бориши, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилиши ва сайлов қутиларининг муҳрланиши, фуқароларнинг рўйхатга олиниши, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш, овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш, сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш ваколатларига эга. 

Уларга участкада Сайлов кодексининг талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, сайлов комиссиясига бу ҳақда маълум қилиш ваколати ҳам берилгани сиёсий жараённинг шаффоф ўтишини таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Бир сўз билан айтганда, Қашқадарёда сайловга тайёргарлик ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнлар фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларининг бевосита иштироки ва назорати остида кечмоқда. Бу эса сайловнинг демократик тамойиллар асосида ва ошкоралик руҳида ўтишини кафолатлайди.

Даврон Шодмонов,

13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари, 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳудудий бўлинмаси раҳбари.

ЎзА

Ўхшаш янгиликлар