• 10581.03
  • 12645.39
  • 145.92
weather Тошкент: +31.3°C
Detail image
Пойтахтимизда Туркиянинг “Sofuar LTD. ŞTi” корхонаси томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда “Озиқ-овқат технологиялари, қадоқлаш ва иссиқхона ускуналари “AGRO PACK UZBEKISTAN – 2021” халқаро кўргазмаси очилди.

Кўргазмада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш, иссиқхона тизимларини, сув ва сут маҳсулотларини сақлаш ускуналарини ишлаб чиқарувчи 30 дан ортиқ турк корхоналари иштирок этмоқда. 

Мазкур кўргазма хўжалик юритувчи тадбиркорлик субъектлари, жумладан, ўз фаолиятини энди бошлаган тадбиркорлар учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни ички ва ташқи бозорда сотишга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун катта имкониятдир.

Тадбир доирасида ўзбекистонлик ва туркиялик тадбиркорларнинг В2В форматидаги музокаралари ўтказилади ва манфаатли шартномалар имзоланади.

Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири бўлиб, унда чуқур таркибий ўзгаришлар рўй бермоқда. Берилган маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 17 миллион тоннадан ортиқ мева ва сабзавот етиштирилмоқда. 

Бу эса аҳоли жон бошига тахминан 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ва 44 килограмм узум демакдир. Бу жаҳонда қабул қилинган оптимал истеъмол меъёрларидан уч баробар юқори эканини англатади.

Ўтган йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саноат усулида қайта ишловчи 230 та корхона ташкил этилган. Шу билан бирга, 114 та янги совутгич камералари қурилиб, мавжудлари модернизация қилинган. Натижада мева ва сабзавотларни сақлашнинг умумий ҳажми 832 минг тоннага етказилди.

“AGRO PACK UZBEKISTAN – 2021” кўргазмаси замонавий техника ва технологияларни жорий қилиш орқали маҳсулотни қайта ишлаш корхоналарининг хорижий компаниялар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини кенгайтириш йўлидаги платформалардан бири бўлиб ҳизмат қилади.

Кўргазма 12 июнгача давом этади.

Юлдуз ЎРМОНОВА, ЎзА 

Ўхшаш янгиликлар