• 10769.78
  • 12166.62
  • 146.17
weather Тошкент: +7.3°C
Detail image
Ўзбекистон халқи муҳим сиёсий жараён арафасида турибди – президентликка сайлов бўлиб ўтадиган кун тобора яқинлашмоқда.

Бугунги кунда демократик сайловларни нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айни пайтда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган Нодавлат нотижорат ташкилотлари Президентлик сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида барча иштирокчиларнинг ҳуқуқий ҳамда электорал маданиятини оширишга доир кенг миқёсдаги тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Яқин тарихдан маълумки, нодавлат нотижорат ташкилотлари эҳтиёжлари тизимли таҳлил қилинмагани, давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида конструктив мулоқот йўлга қўйилмагани, давлат ва жамият ҳаётига доир муҳим масалалар бўйича ўзаро фикр алмашиш учун майдонлар яратилмагани уларни номигагина фаолият юритувчи ташкилотларга айлантириб қўйган эди.

Уларнинг ижтимоий мавқеини ошириш у ёқда турсин, минглаб ННТларнинг ҳатто ўтириб ишлайдиган жойи ҳам йўқлиги ҳеч кимни ўйлантирмас эди. Аксари ННТ раҳбарлари ташкилот муҳрини ёнида олиб юриб, фаолият юритгани ҳеч кимга сир эмас.

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида ижро ҳокимияти учун жамоат ташкилотлари жиддий ва тенг ҳуқуқли, шу билан бирга, ҳурматга лойиқ ҳамкор сифатида намоён бўла бошлади. Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг нуфузи орта бошлади. Бугун ННТлар жамият ҳаётидаги энг долзарб, аҳолини ўйлантираётган, уларнинг муайян қатламини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишда давлат ҳокимияти органларига елкадош бўлиб келмоқда.

Айни пайтда мамлакатимизда фаолият юритаётган 10 мингдан ортиқ ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал этишда маҳаллий давлат бошқаруви ва ижро органларига кўмакдош бўлиб келмоқда. Мазкур институтлар фуқароларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллигини ошириш, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашда муносиб ўрин тутади.

Турган гапки, Янги Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларига қаратилаётган эътибор, янги ташаббус ва таклифлар уларни фаолликка, ташаббусларга ундамоқда.

Буни сўнгги йиллар ичида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерация тизимида амалга оширилган ишлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Бугунги кунда тизимда 14 ҳудудий бирлашма, 197 туман (шаҳар) жамиятлари фаолият кўрсатиб, ходимлар умумий сони 1218 нафарни ташкил этади. Шунингдек, Федерациянинг ташкилот, корхона, муассаса, ўқув юртларида 4986 та «Таянч гуруҳ»лари ташкил этилган бўлиб, федерация аъзолари сони 578 162 нафарни ташкил этади.

2017-2021 йиллар давомида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан қарийб 50 миллиард сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига ҳал этилган.

Жамоат ташкилотлари ичида биринчилардан бўлиб Федерациянинг ягона 1091 қисқа рақамли «ишонч телефони» ташкил этилди. 2018 йилда Федерация Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International)нинг тўлақонли аъзолигига қабул қилинди.

Федерация мамлакатни социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан янада ривожлантириш бўйича инновацион ғоялар ва ташаббусларни илгари суриб, турли ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Албатта, илгари сурилган таклифлар, ўртага ташланган ҳар бир ташаббус олдимизда турган мақсад ва вазифалар ҳақида аниқ тасаввур бериш баробарида, масъулият ҳиссини ҳам юклайди. Жумладан, «Обод хонадон – юрт кўрки», «Оролбўйини обод этайлик» лойиҳалари ишлаб чиқилди ва муваффақиятли амалга оширилди.

Юртимизнинг турли гўшаларида, туман ва шаҳарларида 50 дан ортиқ «Истеъмолчи кутубхоналари» ва «Истеъмолчилар уйи» қуриб фойдаланишга топширилди.

2019 йил 14-19 январь кунлари «Биринчи Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилари Форуми»нинг республикамизнинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида юқори савияда ўтказилди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерация жамоаси 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови фаол иштирок этади ва Ватан тақдири, истиқболи учун бефарқ эмаслигини намойиш этади.

Жаҳонгир САРИМСОҚОВ,

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси

Ўхшаш янгиликлар