• 10683.68
  • 12410.16
  • 154.09
weather Тошкент: +13.2°C
Detail image
Президент Шавкат Мирзиёев жойлардаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 13 октябрь куни Навоий вилоятида бўлди.

Шавкат Мирзиёев дастлаб навоийлик сайловчилар билан учрашди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Навоий шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказини бориб кўрди.

Марказ Президентимизнинг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Бу ерда меҳнат бозори талаблари асосида хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва техника соҳаларидаги ўттизга яқин касбга тайёрлаш йўлга қўйилган.

Мономарказда кутубхона, мажлислар зали, 30 та ўқув, компьютер ва амалиёт хонаси, 200 ўринли ётоқхона, автотураргоҳ мавжуд. Ўқув ва машғулот хоналари тегишли ускуна, компьютер, муляж ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган.

Йиллик ўқитиш қуввати 3 минг 400 нафарни ташкил этадиган ушбу марказда 97 иш ўрни яратилган.

Давлатимиз раҳбари марказдаги машғулотларни кўздан кечирди, ёшлар билан суҳбатлашди.

– Ишсиз фуқароларимизни касб-ҳунарли қилиб, ҳаётга йўлланма бериш учун мана шундай шароитларни ташкил қилаяпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бундан унумли фойдаланиб, касбни яхши ўргансангиз, сизлар иш эмас, иш сизларни излайди, даромадингиз юқори бўлади. Нечa ёшга киришидан қатъи назар, ўқиган, изланган, касб эгаллаган одам қадрли бўлади. Мен сизларнинг шундай қадрли бўлишингизни истайман.

Иқтисодиёт тармоқларида малакали мутахассисларга талаб ошиб бораётгани, бу ерда ўқиган ёшлар келгусида ишга олиниши қайд этилди.

– Катта-катта корхоналар қуряпмиз, кўпида чет элдан келган мутахассислар ишлаяпти. Бизнинг мақсадимиз – ўзимизнинг ёшларни ишлатиш, халқимизга ойлик бериш. Бунинг учун вақтни бекор ўтказмай, ўзларингни ҳам, устозларингни ҳам қийнаб, касбни мукаммал эгаллашингиз керак, – деди Президент.

Муассаса давлат-хусусий шериклик тизимида ишлайди. Давлат шароит яратиб, илмий ва моддий жиҳатдан таъминлайди. Машғулотларни амалиётчилар, тадбиркорлар, заводлар вакиллари олиб боради ва кейинчалик битирувчиларни ишга олади. Мономарказ дипломи касб-ҳунар мактаблари дипломи билан бир хил даражага эга.

Шунингдек, марказда инглиз, рус, япон, корейс тилларини ўқитиш курслари ҳам очилган.

Бугунги кунда 300 нафар тингловчи 26 касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Уларнинг 62 нафари “Аёллар дафтари”, 71 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ва иш қидираётган фуқаролар ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида вилоятдаги миллий маданий марказлар вакиллари билан мулоқот қилди.

– Сизларга маълумки, юртимиздаги аҳиллик, тотувликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор бераяпмиз. Бунинг натижасида ҳаётингизда нималар ўзгарди? Нима муаммолар, қандай таклифлар бор? Шулар ҳақда сизлар билан юракдан гаплашгани келдим, – деди Президент.

Кўп миллатли Навоий вилояти – халқлар дўстлиги ва ўзаро англашувининг ёрқин ифодаси. Ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, тожик, рус, корейс ва кўплаб бошқа миллат вакиллари бир оила аъзоларидек яшаб, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Вилоятда 8 та миллий маданий марказ фаолият юритмоқда. Мактабларда ўқитиш 7 тилда йўлга қўйилган.

Учрашувда қатнашган турли миллат ва элат вакиллари уларнинг ўқиб, ишлаши, маданиятини сақлаши учун кенг шароит яратилганини таъкидлашди. Ўзлари, фарзандлари эришаётган муваффақиятларни сўзлаб беришди. Маданий марказлар учун бинолар ажратилгани, 30 июль мамлакатимизда Халқлар дўстлиги куни этиб белгилангани қайд этилди.

– Бугун сайловчилар билан учрашувда бу қутлуғ байрамни келгуси йили Навоий вилоятида катта тантана билан нишонлаш таклифини билдирдим, – деди Шавкат Мирзиёев. – Шунингдек, 2022 йилда Навоийда кўп миллатли халқимиз бирлигининг рамзи сифатида Дўстлик боғини барпо этишни режалаштирганмиз.

Президент юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, турли диний конфессиялар учун зарур шароитлар яратишга қаратилган сиёсат изчил давом эттирилишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари шу билан Навоий вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Абдували БЎРИЕВ,

ЎзА мухбирлари

Ўхшаш янгиликлар