• 10657.35
  • 12572.48
  • 143.91
weather Тошкент: +29.5°C
Detail image
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан

Оҳанг ва қалб уйғунлиги, кўз, қош, қўйингки, ҳар бир ҳаракатдаги яширин маъно. Гоҳида шодлик, гоҳида қайғу, баъзида бахт ва баъзида айрилиқ ифодаси. Дилларни-да сел қилгувчи маҳорат. Истеъдод ва ижрочининг ўзига хос услуби эса томошабинни маҳлиё этади. У ҳамма учун тушунарли, ҳиссиётларга бой, миллат ва тил танламайдиган мўъжиза.

Сўз халқнинг миллий маданиятини жаҳонга танитадиган рақс санъати ҳақида кетаётганини англаган бўлсангиз керак. Айтишларича, у даставвал калом ва оҳангга боғлиқ бўлиб, кейинчалик мустақил санъат тури сифатида шаклланган. Зеро, раққосанинг нафис ҳаракатларию либоси бир бутун уйғунликни ташкил этган.

Ўзбек рақси тарихини биласизми?

Дунёда мавжуд ҳар бир элатнинг турмуш тарзи, маданиятини акслантирувчи миллий рақси мавжуд. Бундай олтин қадрият ўзбекларга ҳам хос ва мосдир. Юртимизда топилган археологик топилмалар рақс бизда қадимий санъат турларидан бири бўлгани ҳақида гувоҳлик беради.

ХХ асрда ўзбек миллий рақс санъати замонавий саҳна санъати талаблари асосида қайта ишланган шаклларда, анъанавий ва замонавий рақс услубларини ўзаро уйғунлаштирган ҳамда байрам ва маросимлар билан узвий боғлиқ ҳолда ривожланди. Элга танилган Уста Олим Комилов ва Тамарахоним Фарғона, Исоҳор Оқилов Бухоро, Гавҳар Раҳимова Хоразм халқ саҳна рақси мактабларининг шаклланишига муносиб ҳисса қўшган санъаткорлардир.

Йиллар давомида бир нечта ривожланиш босқичларини босиб ўтган, ўз шакл-шамойили ва мазмунига эга ўзбек миллий рақси ўтган асрда жаҳонга танила бошлади. Бу давр Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Розия Каримова, Қундуз Миркаримова каби маҳоратли раққосаларни кашф қилди. Ўзбек миллий рақси жозибаси билан кўплаб мухлислар орттира бошлади.

Мустақиллик даврига келиб рақс санъатига катта эътибор қаратилди. Мукаррама Турғунбоева номидаги “Ўзбекрақс” ижодий бирлашмаси ташкил этилди. Аммо йиллар силсиласида унинг қадр-қиммати тушиб борди. Нега? Чунки соҳани ривожлантириш учун аниқ механизм яратилмаган, унинг истиқболини белгилаб берувчи режалар тузилмаганди. Натижада инсонга эстетик завқ берадиган, жўшқинлик улашадиган, ўйлашга ундайдиган санъат тури деярли тараққий этмай қолди, халқаро миқёсдаги тарғиботида узилишлар кузатилди.

Тизимдаги муаммолар қандай ҳал этилмоқда?

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда маънавият, маърифат, маданият ва санъатга бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Давлат раҳбарининг ўзи ушбу соҳаларда йиғилиб қолган муаммолар, аччиқ ҳақиқатлар ҳақида очиқ-ойдин гапирди. Жамият дунёқараши, дидини юксалтиришда муҳим роль ўйнайдиган жабҳаларда қотиб қолган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ ечимлар ўртага ташланди, топшириқлар берилди. Пировардида эсган ўзгариш эпкинлари ўзбек миллий рақси эшикларидан ҳам кириб борди, унга янгиланиш ҳавосини бахш этди. Бинобарин, Президентимизнинг “Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда “Рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари шу каби муаммолар ечимида айни муддао бўлди. Ҳар иккала қарорда халқимизнинг маънавий бойлиги — рақс санъатини ривожлантириш, жаҳон маданиятида тутган ўрнини илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш ва таҳлил этиш, унинг янгидан-янги миллий намуналарини яратиш, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш вазифалари белгилаб берилди.

Узоқ муддатли, мақсадли дастурлар тайёрлаш, малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қоплашда мазкур қарорлар дастуриламал бўла олади. Очиғини айтганда, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабининг маданий ҳаётимиздаги ўрни, обрў-эътибори ва таъсири йўқолиш арафасида турганди. Таълим даргоҳи замон талабларидан анча орқада қолиб кетди. Ўқув ва амалий жараён соҳанинг ўзига хос хусусиятлари асосида тўғри ташкил этилмаслиги, ўқув дастурлари ва методикасининг мукаммал эмаслиги, дарслик ва қўлланмалар етишмаслиги, профессор-ўқитувчилар, илмий ва ижодий ходимлар салоҳияти талабга жавоб бермаётганлиги оғриқли масала бўлиб турарди.

Шу боис, Президентимиз қарори билан Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби негизида давлат олий таълим муассасаси шаклида Ўзбекистон давлат хореография академияси ташкил этилди. Шу билан бирга, академия учун замонавий ўқув биноси ҳамда талабалар турар жойи қурилиб, шахсан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан тантанали тарзда очиб берилди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда олдимизда турган вазифалар талайгина. Булар — кадрлар тайёрлаш жараёнига соҳанинг етук ва малакали мутахассисларини жалб қилиш орқали илм-фан ва таълимнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш, рақс санъати бўйича юқори малакали бакалавр ва магистрларни, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, илмий тадқиқотлар натижалари бўйича маънавий-маърифий ва илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий ва халқаро грантлар асосида уларнинг хорижда таълим олиши, илмий-ижодий ишлар олиб боришини самарали йўлга қўйиш, ҳамкорликдаги концерт дастурларини ташкил этиш, кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, илмий-ижодий фаолиятни янада ривожлантириш, иқтидорли талаба-ёшларни ушбу йўналишга кенг жалб этиш, соҳа мутахассисларини хорижий турдош олий таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, стажировка ўташ тизимини ташкил этиш, талабаларнинг илмий-тадқиқот муассасалари базаларида ҳамда хорижий мамлакатларнинг етакчи ташкилотларида тизимли равишда қисқа ва узоқ муддатли амалиётларни ташкил этиш каби ишларни бажаришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

Бундан ташқари, эндиликда узлуксиз таълим тизими ҳам жорий қилинган. Республикамиздаги барча мактабгача талим муассасаларида хореография санъатидан дарс бериш учун алоҳида ўринлар ажратилган. Кейинчалик эса рақсга қизиқувчи барча ёшлар мактаб ва бизнинг рақс академиямизда таълим олиш ҳуқуқига эга бўлади. Мазкур соҳада яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, қизғин жараёнлар давом эттирилмоқда.

Академия ва мактаб-интернатларнинг профессор-ўқитувчилари, талабалари ва ўқувчилари ижодий фаоллигини янада ошириш, таътил давомида уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш мақсадида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида замон талаблари асосида 50 ўринли оромгоҳ ташкил қилинди. Бундан ташқари, жаҳондаги илғор тажрибаларни атрофлича ўрганган ҳолда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув жараёнини сифатли ташкил этиш, академиянинг илмий-педагог кадрлари таркибини асосан мамлакатимиздаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ҳамда Маданият вазирлиги тизимида фаолият кўрсатаётган, хорижий таълим ва илмий муассасаларда малакасини ошириб келган, юқори савияли профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар, соҳанинг салоҳиятли етук мутахассислари – амалиётчилар билан шакллантириш, республикада мавжуд болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатларда рақс санъатини ўқитиш фаолиятини янада ривожлантириш, рақс санъатининг ижодий, илмий-услубий ва ижро анъаналарини пухта ўзлаштириш ва муносиб давом эттириш, бунда таълим муассасаларига моҳир рақс усталарини бириктириш ва шу асосда “устоз-шогирд” мактабларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

Соҳанинг турдош хорижий олий таълим муассасалари, яъни Москва давлат хореография академияси, А.Я.Ваганова номидаги Рус балети академияси, Қозоғистон миллий рақс академияси, Беларусь давлат маданият ва санъат университетлари билан ҳамкорликда “Хореография санъати” ва “Санъатшунослик” таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликларининг қиёсий таҳлили амалга оширилди. Хусусан, бакалавриат таълим йўналиши бўйича “Классик рақсни ўқитиш услубиёти”, “Тарихий-маиший рақсини ўрганиш услубиёти”, “Халқ саҳна рақсини ўқитиш услубиёти”, “Мерос ва репертуар”, “Жаҳон хореография санъати тарихи”, “Бадиий танқид”, “Театр тарихи” фанлари, “Хореография ва хореография санъати”, магистратура мутахассислиги бўйича “Классик рақс педагогикаси”, “Классик мерос ва репетиторлик маҳорати”, “Санъат назарияси ва тарихи”, “Драма назарияси ва режиссура”, “Балетшунослик” фанларидан назарий ва амалий машғулотлар мавзулари янги маълумотлар билан бойитилди.  

Кредит-модуль тизимининг ижобий томонларини ўрганиш, босқичма-босқич тизимга ўтиш жараёнларини ўзига хос хусусиятлари масаласида Қозоғистон миллий рақс академияси тажрибаси ҳам ўрганилди. Бугунги кунда ушбу тизимни амалиётга татбиқ этиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Ўқитилаётган ҳар бир фан бўйича (тиллар кесимида) ўқув-услубий материалларни такомиллаштириш, тақдимот материалларини тайёрлаш ҳамда хорижий адабиётларда келтирилган янгиликлар билан узвийликни таъминлаш ва бойитишга қаратилган масалалар кўриб чиқилди. Ўқув жараёнида ахборот-коммуникация технологиялари ва янги педагогик технологиялардан кенг фойдаланиш масалалари танқидий ва таҳлилий жиҳатдан ўрганилди. Бугунги кунда соҳа келажагини янада такомиллаштириш ва ёшларнинг талаб-истакларини инобатга олган ҳолда академия негизида янги “Замонавий рақс” таълим йўналиши ташкил этилиб, янги ўқув йили учун қабул эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тасарруфидаги барча мусиқа ва санъатга ихтисослашган мактаблар, Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, маданият марказлари ҳамда умумтаълим мактабларида “Хореография” йўналишидаги гуруҳларда академия профессор-ўқитувчилари, магистрлари, талабалари томонидан ижодий учрашувлар ва “Маҳорат дарслари” олиб борилиши йўлга қўйилди.

Президентимиз томонидан рақс санъатига берилаётган эътибор ҳамда яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланиб, эндиликда соҳа ривожини янада кучайтиришимиз даркор. Шунча шароит бўла туриб, ташаббускор, илмга чанқоқ, зукко бўлмасликнинг иложи йўқ. Айниқса, Ўзбекистон давлат хореография академиясининг ташкил этилиши рақс санъати фидойилари ва жамоамизнинг кўп йиллик орзулари ушалишига замин яратди.

“Баҳор” қайтди

Барчамизга аён, Мукаррама Турғунбоева тимсолида ўзбек рақс санъатининг бутун жилоси ва жозибаси мужассам. У “Баҳор” рақс ансамблини ташкил қилиб, ўзбек рақсларининг саҳнага олиб чиқилишига ўз ҳиссасини қўшган. Айтиб ўтиш жоиз, ансамбль нафақат мамлакатимизда, балки дунё миқёсида ҳам машҳур бўлган. Бадиий жамоа 30 йиллик фаолияти давомида миллий рақс санъати ривожида ўчмас из қолдирди. Бироқ мустақилликнинг илк йилларида “Баҳор”нинг ижодий фаолияти тўхтаб қолди. Очиғини айтиш керак, бу билан рақс санъатимизнинг мумтоз мактаблари қамрови ҳам камайиб борди. Уни келажакка етказиб бергувчи кўприк узилди. Гўёки “Баҳор” билан бирга кўп асрлик бой ва бетакрор маданиятимизнинг ажралмас қисми ҳам йўқликка маҳкум бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг “Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса ўзбек рақс санъатига ҳақиқий маънода ҳаёт бахш этди. Қарор билан миллий рақснинг турли йўналиш ва намуналари, мамлакатимизнинг турли минтақаларида шаклланган мумтоз рақс мактабларини қайта тиклаш, бу борадаги таълим-тарбия ишларини кучайтириш белгиланди.

Миллий рақс санъатида профессионал бадиий жамоалар фаолиятини кенгайтириш, иқтидорли ёшларни излаб топиш, ижодий лабораторияларни ташкил этиш, шу билан бирга, ўзбек рақс санъатининг “олтин фонди”ни яратиш мақсадида Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” бадиий жамоаси қайтадан ташкил этилиши чин маънода ўзбек рақсига баҳорни қайтарди.

Дунё эътирофи

Кейинги уч йилда жамиятнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли оламшумул ислоҳотларнинг самарадорлиги, аввало, бой тарихий меросимизнинг изчил ўрганилиши, умрбоқий анъаналаримизнинг қайта тикланиши, илм-фан, маданият ва санъатнинг ривожи, энг муҳими, юртдошларимиз тафаккур тарзининг янгиланиши билан чамбарчас боғлиқдир. Ахборотлар босими соат сайин ошиб бораётган ҳозирги глобаллашув даврида маънавий меросимизнинг, хусусан, миллий санъатимизнинг ўтмиши ва бугуни хусусидаги ҳақиқатларни, унга оид аниқ ва тўғри маълумотларни билиш, уларнинг ҳаққоний моҳиятидан келиб чиқиб муносабат билдириш зарурати энг долзарб масала сифатида кун тартибига қўйилган.

Меросимиз ҳисобланмиш “Лазги”нинг ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мерос объектлари рўйхатига киритилгани ўзбек миллий рақс мактабининг жаҳон миқёсидаги эътирофидир. Эндиликда бу рақсни сақлаб қолиш, ривожлантириш ва кенг тарқатиш учун янада кўпроқ эътибор қаратилади. Номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг баҳолаш комиссияси аъзолари қадимий “Лазги” ўйинининг Марказий Осиё минтақасидаги бошқа рақс турларидан ажралиб туриши, унда ўзгача руҳ ва жўшқинлик борлигини таъкидлагани эса миллий санъатимизга берилган юқори баҳодир.

Яна бир қувонарли янгилик. 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида “Лазги” халқаро рақс фестивалини ўтказиш режалаштирилмоқда. Бундан кўзланган мақсад ўзбек рақс санъатининг энг нодир дурдоналаридан бири бўлмиш “Лазги” анъаналарини сақлаш, тарғиб этиш, уни соф ҳолда келгуси авлодга етказиш, ёш ижрочиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида мумтоз рақс санъатимизга бўлган қизиқишларни ошириш, уни ўрганиш ва ўзлаштириш, шунингдек, унинг бадиий мазмунини кенг тарғиб этишдир.

Ўз навбатида, бундай маданий дипломатия халқлар ўртасидаги ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик ва алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади. Зеро, ўзбек миллий санъати, айниқса, рақсининг инсониятга эстетик завқ, хушкайфият бахш этиш, мамлакатимизнинг гўзал маданиятини жаҳонга ёйиш, халқ дипломатиясини ривожлантиришда аҳамияти беқиёсдир. Шундай экан, дунё санъати тамаддунида ўз ўрни ва нуфузи билан эътироф этилувчи “Лазги”, “Андижон полькаси”, “Тановар”, “Дилхирож” каби ўзбек рақслари умрбоқийдир.

Шуҳрат ТЎХТАСИМОВ,

Ўзбекистон давлат хореография академияси ректори

Ўхшаш янгиликлар