• 11074.93
  • 11863.47
  • 194.90
weather Тошкент: +32.1°C
Detail image
Мамлакатимизда ҳар йили анъанавий тарзда май ойининг учинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни” сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти, “Навоийуран” давлат корхонаси, “НКМК жамғармаси” давлат муассасасида меҳнат фаолиятини олиб бораётган турли касб эгалари ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда комбинатда 3-гидрометаллургия заводида ноёб технологияга асосланган янги мажмуа, 5- ва 7-гидрометаллургия заводлари, 2-гидрометаллургия заводида “Б” блок, “Мурунтов” кони таркибида “Балпантоғ” ва “Томдибулоқ” конлари очилди, бир қатор конларда янги линия ва иншоотлар ишга туширилди. Канаданинг “Кито” таҳлил маркази томонидан эса “Мурунтов” кони қаторасига иккинчи марта дунёнинг энг йирик олтин қазиб оладиган кони сифатида эълон қилинди.

Бугунги кунда комбинат мамлакатимиз иқтисодиёти драйвери сифатида дунёнинг олтин ишлаб чиқарадиган йирик компаниялари орасида ўз мавқеини йил сайин мустаҳкамлаб бормоқда.

Мазкур мажмуа республикмиздаги энг йирик саноат корхонаси бўлиб, айни пайтда 60 мингга яқин ходим меҳнат қилади. Бу ерда олтин, уран, нодир металлар, қурилиш ва дастгоҳсозлик саноати учун зарур маҳсулотлар, кенг турдаги халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилади.

Ўтган йилда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг республика саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 13 фоиз бўлиб, 51,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва давлат бюджетига 35,8 триллион сўм тўловлар амалга оширилган. Комбинат фаолиятининг ўтган йил якуни бўйича соф фойдаси 11,5 триллион сўмни ташкил этиб, комбинат жаҳондаги олтин ишлаб чиқарувчи компаниялар рейтингида 5-ўринни эгаллаган.

Бутун жаҳон бўйича олтин ишлаб чиқариш кўрсаткичи пасайиб бораётган бир пайтда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида 2026 йилга бориб олтин ишлаб чиқаришни 30 фоизга ошириш режалаштирилмоқда.

Давлатимиз томонидан Навоий кон-металлургия комбинатини ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, НКМКни 2026 йилгача ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд қарийб 30 га яқин йирик инвестиция лойиҳаси босқичма-босқич амалга оширилиб, 30 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади.

Тадбирда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти, “Навоийуран” давлат корхонаси, “НКМК жамғармаси” давлат муассасасининг бир гуруҳ ишчи-ходимлари кўп йиллик фидокорона меҳнати, соҳани ривожлантиришга қўшаётган юксак ҳиссаси учун ҳамда касб байрами муносабати билан 1-, 2- ва 3-даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

– Комбинат тизимидаги “Довгистов” конида 1996 йилдан буён “БелАЗ” ҳайдовчиси бўлиб ишлайман, – дейди Зиёвиддин Халилов. – Бугун касб байрамимиз арафасида меҳнатларим юксак баҳоланиб, менга 1-даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони берилди. Албатта, бу каби эътироф ва эътибордан мамнунмиз. Белгиланган режа-топшириқларни ортиғи билан уддалашга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Тадбирда концерт дастури намойиш этилди.

Абдували Бўриев, ЎзА

Ўхшаш янгиликлар