• 10507.46
  • 12586.89
  • 136.97
weather Тошкент: +17.5°C
Detail image
Бугунги видеоселектор йиғилиши якунида яна бир муҳим масала – пандемияга қарши кураш бўйича мамлакатимиздаги вазият муҳокама қилинди.

Маълумки, жорий йил бошида кунига ўртача 30-40 бемор аниқланган бўлса, март ойи ўрталаридан бу кўрсаткич 160-180 нафарни ташкил этмоқда. Касалликнинг ўта оғир кечиши, ҳаттоки ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда.

Бунинг сабаби кўпчилик фуқаролар хотиржамликка берилиб, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин талабларига бефарқ бўлиб қолди. Кўп сонли одам билан тўй қилиш авж олди.

Президент коронавирус бўйича вазият жиддий тус олганини инобатга олиб, Бош вазир ва вилоят ҳокимларига уч кун муддатда коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳудудий штаблар фаолиятини кучайтириш бўйича топшириқ берди.

– Янгидан иш бошламасак, аҳволимиз яхши бўлмайди. Бу касалнинг охири кўринмаяпти. Энг ёмони, қўшни давлатларда ҳам авж олаяпти. Талаб жуда қаттиқ бўлади, олдинги тизимга ўтамиз. Бирон жойни ёпмаймиз, лекин энг юқори даражада эҳтиёт чораларини кўрамиз. Касаллик ёнимизда юрганини унутиб қўйдик, – деди давлатимиз раҳбари.

Мутасаддиларга душанбагача ҳамма тегишли хизматларни оёққа турғизиш, беморларни даволашни тезлаштириш, дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг камида 3 ойлик захирасини шакллантириш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда апрель – июнь ойларида хавф гуруҳига мансуб 4 миллиондан ортиқ аҳолини коронавирусга қарши эмлаш масаласи ҳам айтилди. Эмлаш ишлари 3 босқичда ташкил этилади. Фуқароларни яшаш ҳудудлари бўйича эмлаш куни ва жойи ҳақида аҳолини хабардор қилиш электрон тизими йўлга қўйилади.

Ҳукумат комиссиясига Хитойдан яна 3,5 миллион доза ва Россиядан 1 миллион доза вакцина сотиб олиш бўйича шартномаларни имзолаш вазифаси юклатилди.

ЎзА

Ўхшаш янгиликлар