• 10529.73
  • 12808.36
  • 142.32
weather Тошкент: +22.6°C
Detail image
Маълумки, судлар томонидан низоларни мазмунан кўриб чиқиш якуни юзасидан амал қиладиган «олтин қоида»га кўра судда муайян бир низо даъвогар ёки жавобгар тарафнинг фойдаси ёхуд аксинча, улардан бирининг зиёнига қабул қилиниши тайин.

Баъзи ҳолатларда қабул қилинган суд ҳужжати ишда иштирок этмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилиши мумкин. Бироқ, манфаатдор шахслар ҳар қандай ҳолатда, яъни суд ҳужжати қонуний ва адолатли қабул қилинган бўлишидан қатъий назар унинг устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиши мумкин. Бу уларнинг мутлақ ҳуқуқи ҳисобланади.

Судлар томонидан аксарият ҳолларда низолар қонунчиликка мувофиқ тўғри ҳал қилиниб, қонуний ва асослантирилган суд ҳужжатлари қабул қилиб келинади. Бироқ амалиётда судьялардаги тажрибасизлик ёки эътиборсизликлар сабаб қонун нормаларини низоли ҳуқуқий муносабатда қўллашда йўл қўйиладиган хатоликлар боис ноқонуний суд ҳужжати чиқарилишига сабаб бўлиши мумкин. Суд ҳужжатларининг қонунийлиги юзасидан апелляция ва кассация тартибида кўриб чиқилиши қуйи инстанция судларида йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида бартараф этиш имконини беради.

 

Апелляция – лотинча сўз «appellation», яъни «мурожаат» деган маънони англатиб, қонуний кучга кирмаган суд ҳужжати устидан норози бўлган суд процесси иштирокчиларидан бирининг шикоят қилиши ҳисобланади.

Демак, апелляция юриспруденцияда белгиланган процессуал қонунчиликка мувофиқ, юқори инстанция судлари томонидан қонуний кучга кирмаган суд ҳужжатларининг қонунийлигини текшириш жараёни ҳисобланади. Қонунчиликда белгиланган айрим ҳолатларда суд ҳужжати узрли сабаблар билан ўз вақтида шикоят қилинмаган ҳолатларда қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари ҳам апелляция тартибида текширилиши мумкин.

Апелляциянинг моҳияти шундан иборатки, судлар томонидан ишни кўришда йўл қўйилган хатоларни тезкорлик билан бартараф этиш ва суд ҳужжатларининг қонунийлиги ва адолатлилиги кафолатини таъминлашдан иборат.

Кассация – лотинча сўз «cassatio», яъни «бекор қилиш, йўққа чиқариш» деган маъносини англатиб, юқори турувчи суд инстанцияси томонидан қуйи турувчи суд инстанцияси чиқарган қонуний кучга кирган суд ҳужжатини тўғрилиги ва қонунийлигини текшириш ҳисобланади. Ҳозирги пайтда судларда кассация иш юритиш амалиёти Францияда вужудга келган ва муайян ривожланиш босқичларини ўтаган.

Кассациянинг моҳияти эса шундан иборатки, судлар томонидан ишни кўришда йўл қўйилган хатоларни кечроқ муддат бўлсада бартараф этиб, қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини қонунга мувофиқлаштириш орқали уларнинг қонунийлиги ва адолатлилиги қўшимча кафолатини таъминлашдан иборат.

Апелляция ва кассация юридик атамаларининг ўзаро бир-биридан фарқ қиладиган муҳим жиҳати – суд ҳужжатининг қонуний кучга кирган ёки кирмаганлиги ҳисобланади. Демак, қонунда белгиланган процессуал муддатларда суд ҳужжатлари қонунийлиги апелляция ёки кассация тартибида текширилиши мумкин.

Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг «Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 2021 йил 12 январдаги Қонуни қабул қилиниши билан иқтисодий ишлар бўйича апелляция ва кассация инстанцияларида иш юритиш ва мазкур юқори суд инстанцияларининг ваколатлари тубдан ислоҳ қилинди.

Хусусан, Қонундаги муҳим ўзгаришларга мувофиқ жорий этилган «бир суд – бир инстанция» қоидалари бўйича апелляция шикоятлари (протестлари) тегишли туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда – Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда – Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиши белгиланди. Демак, қуйи бўғин сифатида туман иқтисодий судларининг қабул қилган суд ҳужжатлари устидан апелляция шикоятлари вилоят судлари томонидан, ўрта бўғин сифатида вилоят судларининг суд ҳужжатлари устидан апелляция шикоятлари эса олий бўғинда Олий суд томонидан кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди. Вилоят судларининг кассация инстанцияси ваколатлари бекор қилиниб, Олий суд судлов ҳайъатларининг ваколатига ўтказилди. Шунга, эндиликда биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан берилган кассация шикояти (протести) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.

Прокурор, юқори турувчи прокурор фақат прокурор иштирокида кўрилган ишлар бўйича, шунингдек тарафларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция протести, апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан кассация протести келтиришга ҳақли. Бунда прокурор томонидан суд ҳужжати устидан апелляция ва кассация протестини келтиришнинг муҳим шарти иш прокурор иштирокида кўрилган бўлиши, шунингдек тарафларнинг мурожаати мавжуд бўлиши лозимлиги қатъий белгиланди.

Шунингдек, қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар бўйича апелляция ва кассация шикоятларини бериш ҳуқуқлари берилди. Муҳими, қайд этилган шахслар томонидан апелляция ва кассация шикоятлари (протестлари)ни тақдим этишда қонунда белгиланган процессуал муддатларга ва шикоят мазмунига оид талабларга риоя этилиши лозим.

Қонунчиликка мувофиқ суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ёки протест келтириш институти мавжудлиги қонуний ва адолатли суд қарорини қабул қилишнинг муҳим кафолати ҳисобланади. Бунинг замирида эса судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва юридик шахснинг суд фаолиятидан ва қабул қиладиган суд ҳужжатларидан рози қилиш каби эзгу мақсад мужассам.

Суд ҳужжатлари устидан апелляция ва кассация шикоятларининг кўриб чиқилиши қуйи судлар томонидан қабул қилинган қарорларнинг қонунийлигини текшириш билан бирга суд иштирокчиларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ва одил судловни таъминлашда, бунинг пировардида эса жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашда ва фуқаролар, тадбиркорлик субъектларининг судларга нисбатан ишончини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.



Илҳом Юлдашев,

Бухоро вилояти судининг иқтисодий

ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси.

Ўхшаш янгиликлар