• 10803.97
  • 12194.44
  • 136.82
weather Тошкент: +2.4°C
Detail image
Ҳозирги кунда ер юзида мавжуд давлатларнинг деярли барчаси ўзларининг эркин сиёсати, тили, давлат рамзларига эга. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ўз Конституциясига эга эмас.

Тўғри, уларда Конституция ўрнини бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бажариши мумкин, лекин Конституция деб аталмиш қатъий белгилаб қўйилган қонун-қоидалар мажмуасига эга эмас. Ўзининг миллий рамзлари қаторида тилга олинадиган Конституцияга бизнинг мамлакатимиз ҳам эга эканлиги кишини қувонтиради.

Бош қонунимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши муҳим сиёсий, ҳуқуқий ҳужжат сифатида жаҳонда янги, суверен, истиқболи порлоқ давлат дунёга келганининг ўзига хос шаҳодатномаси бўлди десак, асло муболаға бўлмайди. Инсон ўз ҳаётини борлиққа, унинг қонунларига эътибор бермай ташкил эта олмайди. Шунинг учун ўзини кашф қилишда, ўрганишда, унинг хусусиятларини меъёрини кенгроқ билишга интилади.

Фаровон турмушимиз ривожида, Ватанимиз ва халқимиз тақдирида, глобаллашув ва интеграциялашув даврида, қолаверса ҳар жабҳада Учинчи Ренессанс деб аталмиш уйғониш даврининг илк қадамлари шаклланаётган айни чоғда Бош қомусимиз бўлган Конституциянинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Конституциямизда халқимизнинг ҳуқуқий демократик давлат адолатли фуқаролик жамияти, эркин ва фаровон ҳаёт қуришдек орзу-ҳаваси ўзининг тўла ифодасини топган. Унда ҳаётимиз гарови бўлган тинчлик, осойишталик, тотув ҳаётнинг асослари, фуқароларнинг бурчлари уйғунлаштирилгани билан бирга инсон ҳуқуқи, эркинлиги мустаҳкам муҳрлаб қўйилгани алоҳида аҳамият касб этади..

Конституциямизда энг олий қадрият сифатида асосий эътибор давлат ва ижтимоий тузумга эмас, балки инсон манфаатларига қаратилган. Унинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади, деб белгилаб қўйилган.

Асосий қонунда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари мазмунини бевосита очиб берувчи 34 та модда мавжуд. Унинг муқаддимасидан тортиб, якунловчи қоидаларига қадар инсон тўғрисида, унинг фаровонлиги тўғрисида ғамхўрлик ғоялари сингдирилган. Ҳар қандай давлат органининг, ҳар қандай мансабдор шахснинг фаолияти инсон манфаатларига бўйсундирилади.

Мустақиллик йилларида биз халқимиз ва давлатимизнинг Конституцияси аҳамиятини аниқ тасаввур қилдик ва аввало, нимадан воз кечиб, нималарни қўлга киритишимизни англаб етдик. Ўтган давр ичида Конституциямиз жиддий ҳаёт синовларидан ўтди. Халқимиз ҳаётида бу муҳим ҳужжат асосида асрлар мобайнида юз бериши мумкин бўлган тенгсиз ўзгаришларни амалга оширди.

Демократия тамойилларига асосланган миллий давлатчилик ва ҳуқуқ тизими шаклланмоқда, ижтимоий-маданий соҳа барқарор ривожланиб, фуқароларимизнинг маънавий қиёфаси янгиланмоқда. Уларнинг онгига истиқлол ғояси тобора чуқурроқ сингиб бормоқда, мустақил давлатимиз халқаро жамиятда ўзининг муносиб ўрнини эгалламоқда.

Конституция қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан мактаб, коллеж, лицей, олий ўқув юртларида Конституцияга бағишлаб тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Бундан мақсад Конституциямизни ўрганиш ҳамда ўз ҳуқуқ ва бурчларимизни билиш, қонун-қоидаларга риоя қилиш ва унинг давлатимиз сиёсатида муҳим ўрин тутишини кенг тарғиб қилишдан иборат.

Бу борада илмий-амалий конференция, семинар, давра суҳбати, билимдонлар беллашуви, мунозара кечалари, учрашувлар, китоб кўргазмаси, Конституция ҳақидаги нашрларнинг таҳлили сингари турли туман усулларидан фойдаланишлари мумкин. Конституциямизнинг 29 йиллигига бағишлаб Тошкент кимё-технология институтида ҳам шу каби маънавий- маърифий кечалар ўтказиб келинмоқда .

Миллий рамзлар қаторида тилга олинадиган Конституцияга бизнинг мамлакатимиз ҳам эга эканлиги бизнинг бахтимиз, албатта. Улуғ аждодларимизнинг асрий армонлари, эркин ҳаёт, фаровон жамият ва адолатли давлат барпо этишдек энг эзгу тилаклар ва улуғ орзуларини ўзида мужассам этган давлатимиз Конституцияси барча қабул қилинадиган қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар учун мустаҳкам асос ва дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Миллий урф-одатлар, анъаналар, эътиқод, умуман миллий қадриятлар ҳимояси ва равнақи аниқ белгилаб қўйилгани эса ушбу Конституциянинг халқчиллигидан далолатдир.

Мамлакатимизда дунёга келган ҳар бир фарзанд, токи ўсиб-улғайгунча, албатта, ота-она бағрида камолга етиши лозим. Конституциямизнинг ҳаётбахш ва инсонпарварлиги шундаки, не-не орзу-ниятлар билан фарзанд тарбиялаётган инсонларнинг яхши яшаши, ишлашини кафолатлаш билан биргаликда, уларнинг зиммасидаги энг асосий вазифа – фарзандларининг ҳақ-ҳуқуқлари давлат муҳофазасида эканлигига алоҳида эътибор қаратилган.

Конституцияни ўқиб-ўрганиш ва унга амал қилиш орқали, юртимиз, Ватанимиз олдидаги бурчимизни ҳамда масъулиятимизни ҳам чуқур англаймиз.

Ботир Усмонов,

Тошкент кимё-технология институти ректори

ЎзА

Ўхшаш янгиликлар