• 10657.35
  • 12572.48
  • 143.91
weather Тошкент: +26.3°C
Detail image
Мамлакатимизда хусусийлаштириш жараёнларини очиқ ва шаффоф тарзда ўтказиш, мулк сотишни инсон омилисиз амалга оширишга бўлган эътибор кундан-кунга ортиб бормоқда. Мақсад – мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, янги ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш.

Жорий йилнинг 1 июль кунига қадар Фарғона вилоятидаги бўш турган ва фойдаланилмаётган 123 та давлат мулки объектлари “E-IJRO AUKSION” савдоларига чиқарилди. Очиқ ва шаффоф тарзда бўлиб ўтган савдоларда 93 та давлат активлари 41,5 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 760 та янги иш ўринларини яратиш шарти билан 24,9 млрд. сўмга сотилди.

Бир неча йилдан буён фойдаланилмасдан қаровсиз ҳолатга келиб қолган Бешариқ туман ҳокимлиги балансидаги “Файзиобод” МФЙ, Олтин водий кўчасида жойлашган собиқ туғруқхона бино ва иншоотлари ишлаб чиқариш тармоқлари фаолиятини йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиш мақсадида “E-IJRO AUKSION” орқали савдога чиқарилди.

Бўлиб ўтган савдоларда бино ва иншоотлар 1,0 млрд. сўм инвестиция киритиш ва 30 та янги иш ўрни яратиш шарти билан 779,8 млн. сўмга сотилди. Сотиб олинган бино ва иншоотлар ўрнида хусусий клиника ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Фарғона шаҳар “Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида механика заводининг қурилиши тугалланмаган ўқув биноси узоқ йиллар давомида қаровсиз қолган. Мулк “Artaped Alians” МЧЖ томонидан 499 миллион сўмга, бир йил давомида 2 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 20 та янги иш ўрни яратиш шарти билан сотилди. Бу ерда ортопедия йўналишида хизмат кўрсатувчи тиббий клиника қурилиши ниҳоясига етди. Умумий қиймати 6 млрд. сўмдан ортиқ инвестиция жалб этилди, 30 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Қўштепа тумани  “Лойсон” МФЙ Мулкобод кўчасида жойлашган собиқ ҚВП бино-ишоотлари ҳам очиқ савдога чиқарилди. Сотиб олинган иншоотга “Ўсимликлар клиникаси” МЧЖ томонидан 1 млрд. 17 млн. сўм инвестиция киритилиб, тармоқ фаолияти йўлга қўйилгач, 25 нафар маҳаллий ёшлар бандлиги таъминланди.

-Шу кунга қадар инвестиция киритиш шарти билан сотилган давлат мулкларининг 35 тасига инвесторлар томонидан 21 368,0 млн. сўм инвестиция киритилиб, объектлар тўлиқ ишга туширилди, 321 та янги иш ўрни яратилди,-дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги

Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ҳабиб Сирожитдинов. – Ўтган олти ой давомида давлатга тегишли активларни сотишдан 21 027,8 млн.сўм туширилиши таъминланиб, вилоят маҳаллий бюджетга 6 923,8 млн.сўм йўналтирилди. Йил якунига қадар яна 40 та объект 5,5 млн. АҚШ доллари ва 30 800 млн. сўм инвестиция киритиш шарти билан ишга тушириш ва 436 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Давлат мулки объектларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишни кўзлаб, талон-торож қилиш мақсадида сотиб олаётган “сохта тадбиркорлар” учраб турганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ҳозирга қадар зиммасига олган инвестиция мажбуриятларини бажармаганлиги учун 17 та давлат мулк объектлари бўйича тузилган олди-сотди шартномалари бекор қилинди.

Қувасой шаҳридаги «Гулистон» МФЙнинг бўш турган бино-иншоотлари “Iqtidorli Nozima” хусусий корхонаси томонидан 450,0 млн. сўм инвестиция киритиш ва 12 та янги иш ўрни яратиш шарти билан сотилган эди. Аммо мулкдор зиммасига олган мажбуриятни бажара олмади. Бувайда тумани, «Қорақум» МФЙ, Ойдинкўл қишлоғида жойлашган собиқ юқумли касалликлар шифохонаси бино-иншоотлари “Brave eagle” МЧЖ томонидан сотиб олинди. Тадбиркор бу ерда 1050,0 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш ва 100 та янги иш ўрни яратиш мажбуриятини олган эди. Афсуски, шартномада кўрсатилган талаблар амалда бажарилмагани учун мулк қайта савдога қўйилди.

Бундан ташқари, устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган 84 та корхоналарнинг 2020 йил якуни бўйича олинган соф фойдасидан давлат улуши бўйича 83,8 млрд. сўм миқдорида дивиденд тўлаш тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилиниб, 45,7 млрд. сўм дивиденд ва ажратмалар давлат бюджетига йўналтирилди.

Банкротликнинг соддалаштирилган таомиллари асосида 2019 йил 1 майдан 2021 йил 1 июль кунига қадар 1310 та корхоналарда тугатиш ишлари олиб борилди, 1148 таси давлат реестридан чиқарилди.

Шунингдек, банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида 21 нафар суд бошқарувчилари Республика бизнес мактабида ўқиб, тегишли малака ва сертификатларга эга бўлди.

М. Сулаймонов, ЎзА

Ўхшаш янгиликлар