• 10581.03
  • 12645.39
  • 145.92
weather Тошкент: +31.3°C
Detail image
Бухорода Президент соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказилиб келинаётган “Ташаббус – 2021” анъанавий кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

“New star mebel” масъулияти чекланган жамияти 15 минг долларга яқин маблағи эвазига хитой технологияси асосида ўз фаолиятини йўлга қўйган. Ҳозирги вақтда ошхона ва ётоқхона мебеллари, МДФ эшик-деразалар ҳамда уйнинг шифт қисми учун гулли безаклар ишлаб чиқармоқда. Олти киши меҳнат қилаётган жамият маҳсулотлари харидоргир. Ташаббускор тадбиркор келажакда ўз фаолиятини янада кенгайтириш истагида.

–  “АКFA-plast” маҳсулотларини тайёрлашни йўлга қўйиш режамиз бор, – дейди “New star mebel” МЧЖ раҳбари Шерали Жўраев. – Бундан ташқари, тадбиркорликнинг бошқа йўналишлари ҳам йўлга қўйилади. Ҳозирда маҳалла шерикчилиги асосида бизга ажратилган ерда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда тикувчилик, гўзаллик салони каби хизмат кўрсатиш тармоқлари иш бошлайди. Устоз-шогирд асосида маҳалламиздаги ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлиги таъминланади. Мазкур корхона “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” номинациясида Бухоро туманида ғолиб бўлган.

Кўрик-танловнинг вилоят босқичида 64 та иштирокчи ғолиблик учун баҳслашди.

Ҳакамларнинг хулосасига кўра, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналишида Бухоро туманидаги “Bukhara –Varnet” қўшма корхонаси, “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналишида Бухоро шаҳридаги "DELUXE FABRIC" МЧЖ, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналишида Шофиркон туманидаги “Қўчқорова Муҳаббат Узоқовна” оилавий корхонаси биринчи ўринни эгаллади.

Биринчи ўринни эгаллаган ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.

Шунингдек, “Йилнинг энг яхши фермери” йўналишида Жондор туманидаги "Аржуманбону чорваси" фермер хўжалиги ҳамда “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” йўналишида Қоровулбозор туманидаги "Сифатли сут маҳсулотлари" МЧЖ жамоалари фаолияти вилоятда энг кучлилар сифатида эътироф этилди.  

Танловнинг ғолиб ва совриндорлари диплом, махсус статуэтка ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Бундан ташқари, танловда “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Энг яхши миллий бренд”, “Энг яхши инновацион лойиҳа” ва “Йилнинг энг яхши маҳсулоти” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.  

[gallery-2749]

Зариф Комилов,Тоҳир Истатов (сурат)ЎзА

Ўхшаш янгиликлар