• 10581.03
  • 12645.39
  • 145.92
weather Тошкент: +30.1°C
Detail image
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида инклюзив Давлат хизматлари маркази иш бошлади.

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида иш бошлаган марказ замонавий ахборот-коммуникация ускуналари билан жиҳозланган. Фуқаролар учун ҳам барча қулайликлар яратилган.

Марказ биноси қурилиши жараёнида унинг замонавий шаҳарсозлик стандартларига мувофиқлиги ва фуқаролар, хусусан, ногиронлиги бор инсонлар учун қулай шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Электрон навбат тизими, ахборот киоскаси, электрон хизматлардан мустақил равишда фойдаланиш учун қурилма, болалар майдончаси, буфет, мини-кутубхона ва WiFi мавжуд. Марказда мустақил равишда давлат хизматларидан фойдаланишнинг турли имкониятлари тўғрисида ташриф буюрувчилар хабардорлигини ошириш мақсадида плакатлар ва ахборот стендлари ўрнатилган.

[gallery-2750]

Бу ерда бошқа аксарият Давлат хизматлари марказларидаги каби, экстерриториал асосда, яъни фуқаронинг доимий яшаш жойидан қатъий назар хизматлар тақдим этилади. Деҳқонободдаги янги Давлат хизматлари марказида 150 дан зиёд давлат хизматлари тақдим этилади. Марказ биносида тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Бош вазир қабулхонаси ва Президентнинг Халқ қабулхонаси жойлашган.

Яқин келажакда қўшма лойиҳа кўмагида марказда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш маркази ҳам ўз фаолиятини бошлайди. У ерда аёллар бизнесни бошлаш ва юритиш, ҳуқуқий масалалар, бепул психолог маслаҳати ва ёрдамини олишлари мумкин бўлади.

Марказ аҳолининг барча қатламларига, шу жумладан, кичик болали аёллар, турли гуруҳдаги ногиронлиги бор инсонлар, ёшлар ва қарияларга мўлжалланган. 149 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилувчи Деҳқонобод туманида аҳолининг қарийб 3 фоизини ногиронлиги мавжуд инсонлар ташкил қилади. Улардан 400 нафардан ортиғи ногиронлар аравачалари ёрдамида ҳаракатланади ва 66 нафари кўзи ожиз инсонлардир. Давлат хизматларидан фойдаланишни янада яхшилаш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги қўшма лойиҳа кўмагида барча пилот турдаги хизмат кўрсатиш марказларини, шу жумладан Деҳқонобод туманидаги Давлат хизматлари марказини пандуслар, тутқичлар, шунингдек, ногиронлик аравачалари ва бошқа зарурий шароитлар билан таъминламоқда.

Бундан ташқари, қўшма лойиҳа доирасида давлат хизматларидан фойдаланишнинг қулайлигини ошириш мақсадида Брайл ёзувидан фойдаланиш, ногиронлиги бор инсонларга хизмат кўрсатиш марказлари операторлари учун тренинглар ўтказиш ва давлат хизматлари порталида имконияти чекланган инсонлар учун махсус таб ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Деҳқонобод Давлат хизматлари марказида илк бор волонтёрлар (кўнгилли) дастури амалиётда қўлланиши режалаштирилган. Ушбу дастур доирасида волонтёрларни Давлат хизматлари агентлиги ва унинг марказлари фаолиятига кўмаклашишга жалб этиш, яъни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ногиронлар, кексалар ва кичик болали аёлларга давлат хизматларини кўрсатишга кўмаклашишга қаратилган. Барча волонтёрлар чекка ҳудудларда аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш бўйича махсус тренинглардан ўтказилади. Ҳар бир волонтёр ўз вазифаларини бажариш учун зарур бўлган техник воситалар билан таъминланади.  

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА

Ўхшаш янгиликлар