• 10674.08
  • 12576.20
  • 146.91
weather Тошкент: +26.5°C
Detail image
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастурининг биринчи ярим йилликдаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.

Тақдим этилган ҳисоботда келтирилишича, ўтган давр мобайнида Давлат дастури доирасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг шу йил 8 июндаги тегишли қарори билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида қўшимча равишда 28 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази, 864 та фуқаролар йиғинида маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари, вазирлик ва идоралар тизимида бўлган 18 та профессионал таълим муассасасида вазирликнинг қисқа муддатли касб-ҳунарга, хорижий тилларга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш курслари ташкил этилиши белгиланган. Жорий йилнинг 30 июнь ҳолатига кўра эса 209,2 минг янги иш ўрни яратилиб, 78,5 минг нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилган ҳолда, 24 мингдан ортиқ фуқарога субсидиялар ажратилган.

Фракция аъзолари партия мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда Давлат дастури доирасида иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар, эришилган натижаларга алоҳида эътибор қаратдилар.

Ҳисобот даврида инвестиция йўналишида 4,8 миллард доллар миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилган ёки прогнозга нисбатан 130 фоизга бажарилган. Қолаверса, давлат инвестиция дастури доирасида 746 миллион долларлик 50 та йирик ва аҳамиятли лойиҳалар ҳамда ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 21 триллион сўмлик 5 минг 246 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 70 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган.

Депутатлар тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли экспорт йўналишида республика бўйича экспорт ҳажмлари 7 миллиард 55 миллион долларни ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш сурати 112,3 фоизни ташкил этганини ижобий баҳолади.

Шунингдек, фракция аъзолари томонидан Давлат хизматлари агентлигини тўлиқ электрон тизимга ўтказиш бўйича мавжуд камчиликларга оид саволлар ўртага ташланди. 2021 йил якунига қадар бу ишларни тўлиқ амалга ошириш кўзда тутилгани мазмунида жавоб олинди. “1 миллион дастурчи” доирасида айни вақтда 445 минг лойиҳа таклифи киритилган бўлиб, шундан 241 мингта дастурчига сертификат берилган.

Муҳокамалар давомида халқ вакиллари иқтисодиёт, таълим ва бошқа соҳаларга оид бир қатор саволларни ўртага ташладилар. Мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маъқулланди.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА

Ўхшаш янгиликлар