• 10683.68
  • 12410.16
  • 154.09
weather Тошкент: +11.8°C
Detail image
Кундалик газеталар билан танишиб борар эканмиз, бир жиҳат кўзга яққол ташланиб туради – дунё кескин ўзгариб боряпти, ОАВ ходимлари, журналистлар эса ана шу ўзгаришлар ичида яшамоқда.

“Янги Ўзбекистон”нинг бугунги сонида минтақа ва дунёда бўлаётган ўзгаришлар, янгиланаётган юртимиз қиёфасини кўрасиз. “Ўзбекистон Президенти ЕОИИ ва МДҲ саммитларида нутқ сўзлайди”, “Хорижда бўлиб турган ватандошлар Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёнида қатнашишни бошлайди”, Давлат раҳбарининг Навоий вилоятига қилган сафари таассуротлари билан боғлиқ шарҳ эътиборни тортади. “Истиқболи порлоқ Мингбулоқ”, “Маҳалла-сектор-халқ қабулхонаси-маҳалла” тамойили муаммолар ечими калити”, “Йўл – умумхалқ мулки” каби таҳлилий мақолаларда жойлардаги ютуқлар ҳақида сўз юритилади. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимовнинг шоир Саъдулла Ҳаким хотирасига бағишланган “Яхшиликдан бошқасини билмайдиган одам эди” номли мақоласи беғараз, очиқлиги билан ажралиб туради.

“Халқ сўзи” газетасининг бугунги сонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига қилган сафари тафсилотлари, юртимизда қизғин паллага кирган Президентлик сайлови билан боғлиқ хабар, мақолалар ўрин олган. “Аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси қанчага ошди?”, “207 та сайлов участкасида жараёнлар онлайн ведеотрансляция қилинади”, “Шукроналик туйғуси ва эртанги кунга ишонч” каби мақолалар бугунги куннинг муҳим масалаларини қамраб олгани билан эътиборли. “Фаровон ҳаёт формуласи: таълим – тиббиёт – турмуш” саҳифасида кўтарилган ғоялар ўқувчи эътиборини тортади, аммо нечоғли амалга ошишини, албатта, вақт кўрсатади...

“XXI asr”нинг бугунги сони Президентлик сайлови жараёнларига қаратилган. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё, Бухоро ва Навоий вилоятларида сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашув, мулоқотлари тафсилоти газетада батафсил ёритилган. Таниқли журналист Ашурали Жўраевнинг “Оққан дарё оқаверади ёхуд ХIII Тошкент халқаро кинофестивалидан кейинги ўйлар”, “Ошхона-кафеллар: нарх-навони ким белгилаяпти? Энг қизиғи, биздаги овқатлар нархи ҳатто Москва, Истанбулдан ҳам юқори эканлиги ростми?” мақолалари ҳам зўр қизиқиш билан ўқилади. “”Ўргатманг, кимга овоз беришни биламан!”, “Ҳаяжонли кунларни кутяпмиз” каби мақолалар ҳам сайлов билан боғлиқ ва ўқувчи эътиборидан четда қолмайди.

“Қишлоқ ҳаёти” газетаси қишлоқ соҳасидаги ислоҳотларга бағишланган мақолаларга кенг ўрин берган. Газетанинг биринчи саҳифасидан ўрин олган “Попнинг полвон фермери” мақоласини ўқиб, ишбилармонлик мана бундай бўлади, деган ўй кўнглингиздан ўтади. “Томчилатиб суғоринг, тонналаб ҳосил олинг!”, “Қишлоқ хўжалиги – Ўзбекистонни иқтисодий юксалтиришнинг бош нуқтаси” каби мақолалар бугунги қишлоқлармиз, деҳқонларимиз ҳаётидан сўз юритади. “Суғурта бозоридаги ўзгаришлар... нималарда кўринади?” мақоласи ҳам ўқувчи учун қизиқ.

Бугунги газеталарни ўқинг...

А.Нарзуллоев, ЎзА

 

Ўхшаш янгиликлар