• 10525.50
  • 12763.22
  • 141.09
weather Тошкент: +18.5°C
Detail image
Душманники бу даҳр забардаст қилур

Нахват майидин бир неча кун маст қилур,

Ғам емаки, еткурса бошини кўкка,

Охир яна ер киби они паст қилур.

Ҳаёт ҳақиқатларини тан олиш, ғалабадан масрурлик, мағлубият армонлари, кўнгил кемтиклари, инсон манзаралари, қалб исёнлари – буларни билиш, англаш ва ҳис қилиш учун «Бобурнома»ни ўқиш керак.

У нафақат тарихий воқеалар силсиласи, балки шоир туйғулари, ҳолатлар ҳосиласидир.

“Бобурнома” – психологик кечинмалар олами. Унда ўзгарувчан ва беқарор сиёсий муҳит, мағлубликдан ғолиблик шоҳсупасига кўтарилиш ва яна мағлубликнинг аччиқ аламини тортиш, ўкинч, қувонч, шодлик туйғуларининг ўрин алмашиши моҳирона очиб берилган.

Мураккаб ҳолатларни тасвирлаш, шахс руҳиятида содир бўладиган ўзгаришларни илғаш, изоҳлаш Бобурнинг юксак бадиий маҳоратидан далолат беради. Мазкур асарда катта-кичик персонажлар, давр султонидан тортиб оддий инсон руҳиятигача қаламга олинган. “Бобурнома”даги қаҳрамонларга оид бадиий тасвирлардан биз ХVI асрда бўлиб ўтган тарихий воқеалар, тож-тахт учун кураш, шоҳларнинг дунёқараши, мулкка эгалик қилиш ва мулк бўлиш тарихи, оқибати, фитна-нифоқлар теран ва кенг қамровли, таҳлилий услубда тасвирланганига гувоҳ бўламиз.

“Бобурнома”даги тимсолларнинг ҳар бири даврнинг имжтимоий-сиёсий ҳаётига мансублиги боис ўз характер, хусусиятлари билан ажралиб туради. Муҳими, ғолиб ва мағлуб шахсларни тасвирлашда замон, вақт, макон воқелиги, хусусан, жанг майдонларидаги жасорат ва қўрқоқлик, мардлик ва хиёнат, ғолиблик шукуҳи мағлублик изтироби билан ўрин алмашади.

Замонанинг машҳур кишилари мавқеи, характеридаги типологик жараёнлар кўз ўнгингизда намоён бўлади. Инсонлар онг-шуурида юз берадиган нозик ўзгаришлар драматизми “Бобурнома”нинг нафақат тарихий, географик, этнографик асар сифатида, балки бадиий кашфиёт сифатида ҳам ниҳоятда юксаклигини англатади.

“Бобурнома”да йирик тарихий шахслар: Шайбонийхон, Ҳусайн Бойқаро, Хусравшоҳ, Боқи Чағониёний, Қосимбек, Шоҳбегим ва бошқа йирик тадқиқот объектлари ўз биографиясига эга. Улар таҳлилида ҳам ғолиб ва мағлублик ҳолатларига алоҳида тўхтаб ўтилади. Шу аснода Шахс генерацияси ва деградациясининг бир-бирига туташиши ва фавқулодда айрилиши тегишли таснифлар орқали акс эттирилади.

Фикримизча, “Бобурнома”да тарихий шахслар “мен”и ларзага солувчи, пармаловчи кечинмалар, ўйлар исканжасида композицион аспектда изоҳланганлиги эътиборга молик. Бинобарин, бу алоҳида мавзу ва бобуршуносликнинг келгусидаги вазифасидир.

Шу ўринда, ушбу мулоҳазаларимизга далил сифатида “Бобурнома”да зикр этилган 1494-95 йиллар воқеаларига назар ташласак. Ёш шаҳзода Бобур биринчи марта Самарқанд тахтини эгаллайди. Унинг қувончи чексиз. У бобоси Амир Темур пойтахт қилган ва буюк салтанатга асос солган машҳур шаҳар – Самарқанд тахтида ўтирибди. Ғолиблик нашидасидан сархуш шаҳзода “Бобурнома”да ёзади: “Самарқанд тахтиға ўлтурғоч, Самарқанд бекларини бурунгудек-ўқ риоят ва иноят қилдим. Бизнинг била бўлғон бекларни ҳам фарохўри ҳоллариға яраша тарбият ва шафқат қилдим”.

Минг афсуски, ғолиблик сурури узоқ давом этмайди. Бобур атрофидагиларнинг, айниқса, Узун Ҳасаннинг хиёнати туфайли Самарқанд қўлдан чиқади. Иложсиз Бобурни беклар ва лашкарлар ташлаб кета бошлайди. Кечагина ғолиб Бобур ҳаял ўтмай мағлуб шаҳзодага айланади, бу ҳақда у шундай ёзади: “Черик элининг ўлжаси туганди. Самарқандни олғонда Самарқанд андоқ хароб эрдиким, мадад ва тухм ва тақовиға эҳтиёж бор эди. Чи жойи улким, киши андин нима ола олғай”. Орадан уч ой ҳам ўтмасдан ғолиб Бобур руҳиятини тушкинлик, мағлублик аломатлари чулғаб олади. Бобур Самарқандни ташлаб Андижонга йўл олади. Бу ерда эса уни фитна кутарди. Бу сафар тоғаси Али Дўст “Бобур оғир касал”- деб Андижон мухолифлари билан келишиб, қалъа эшигини Бобур ва унинг яқинлари учун ёпади. Бобур ўзининг бу пайтдаги руҳий ҳолати нақадар оғирлигини қуйидагича тасвирлайди: “Андижонға бўла Самарқандни иликдан бердук. Андижон ҳам иликдан чиқмиш эди. Бизга “ғофил аз инжо ронда ва аз онжо монда” - дегандек бўлди. Бисёр шақ ва душвор келди. Не учунким, то подшоҳ бўлуб эрдим, бу навъ навкардин ва вилояттин айрилмайдур эрдим, то ўзумни билиб эрдим, бу йўсунлуқ ранж ва машаққатни билмайдур эрдим”.

Бобур ушбу руҳий ҳолатини жуда аниқ, ҳар томонлама ёрқин тарзда ифодаламоқда. Унда афсус ва надомат, ўз қадрига ачиниш ва хиёнаткорларларга нафрат, тақдирдан ўкиниш, ёрдамга келмаган, аксинча душманларига ён босган яқинларига ҳайрат кўзи билан қараган, саволига жавоб топмаган ёш шаҳзода – Бобурнинг тушкин ҳолати мавжуд.

Орадан қисқа муддат ўтгач, Бобур Самарқандни иккинча марта эгаллайди... Яна уни қўлдан бериб, иложсиз бир аҳволда Андижонга юз тутади. “Ота вилоятиким, икки йилға ёвуқлашиб эрдиким, иликдин чиқиб эди. Тенгри инояти била зулқаъда ойида сана 904 да яна муяссар ва мусаххар бўлди. Султон Аҳмад Танбалким, Жаҳонгир мирзо била қатилиб, Ўш сари тортиб эди, Ўшқа киргач, Ўшда ҳам қизилоёқ, қоратаёқ қилиб зарби рост ура-ура Ўшдин қовлаб, қўрғонни бизнинг учун сахлаб, бизга киши йибордилар”.

Ғолиб Бобур, мағлуб Бобур. Ҳар икки ҳолатни ҳам сабр-тоқат билан кутиб олган, ўзига шафқатсиз Бобур. Бу ҳақиқатларни авлодлар учун ёзиб қолдирган мардона Бобур.

“Бобурнома”да фақат муаллиф тимсолидаги ғолиблик ва мағлублик руҳий ҳолати алмашиниб турмайди, унинг қарийб барча пероснажлари учун бу типик ҳол. Аммо Бобур ўз асарида давр ва замонга муносабатини изҳор этади, атрофини қуршаб олган шахслар психологиясидаги ўзгаришларни воқеалар хронологиясида тартиб билан таҳлилий шаклда келтиради. Кўринадики, “Бобурнома”ни тадқиқ этишда ушбу хусусиятлар даврнинг объектив тарихий воқеаларини инсон шахси, табиати, ички дунёси таъсирида юз бериши мумкин бўлган жараёнларни чуқур ўрганишга, моҳиятини англашга, бу борада янада аниқ хулосалар чиқаришга муайян асос бўлиб хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Бобур қисқа умри давомида ғолиблик мартабасига кўп марта сазовор бўлса-да, мағлубият азобларини ҳам муносиб қарши олди. Унинг руҳий кечинмалари мана бу сатрларда янада ёрқинроқ ифода этилган:

Ҳол ул эдиким, ҳикоят эттим,

Гаҳ шукру гаҳе шикоят эттим.

Исроил СУЛАЙМОНОВ,

СамДУ мумтоз адабиёт тарихи кафедраси мудири, филология фанлари доктори

Ўхшаш янгиликлар