• 10674.08
  • 12576.20
  • 146.91
weather Тошкент: +26.5°C
Detail image
Қашқадарё вилояти Нишон туманида яшовчи Д.Назаров «Авиатуризм» МЧЖга қарашли авиакассадан Қарши – Красноярск йўналиши бўйича авиачипта харид қилганди. Бироқ унга рўйхатга олиш ишлари вақтида авиачиптада техник хатога йўл қўйилгани сабаб учиб кетолмаслиги айтилади. Шундан сўнг у чипта пулини қайтариб бериши, ёки алмаштириб беришини сўраб, бир неча маротаба авиакассага эшигини қоққан. Афсуски, унинг мурожаатлари жавобсиз қолдирилган.

Чорасиз қолган Д.Назаров Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига мурожаат қилишга мажбур бўлади.  

Мазкур ҳолат Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Қарши шаҳар жамияти томонидан ўрганилди. Натижада чипта учун тўланган 3.415.000 сўм маблағ эгасига қайтариб берилган.

Ана шундай ҳолатлардан яна бири Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшовчи М.Бўриев билан ҳам содир бўлди. У ҳам туман марказида жойлашган  авиакассадан Термез – Санкт Петербург авиайўналиши бўйича 2.150.000 сўмлик  авиачипта сотиб олганди. Аммо учиш санаси  карантин кучайган пайтга тўғри келгани боис парвоз амалга ошмайди. Бу ҳолатда авиачипта учун тўланган пулларни қайтариб олиш эса, фуқаро учун мураккаб жараёнга айланади. Соҳа ходимлари мазкур ҳолатни ўрганиши натижасида чипта учун тўланган маблағ эгасига қайтариб берилди.

М. Нурмаматова ҳам Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилган. Унинг ёзишича, Қарши шаҳридаги «Фарҳод» савдо мажмуасидан 790 минг сўмлик сув насосини сотиб олган. Буни қарангки, насос сифатсиз бўлиб чиқади. Натижада бир неча маротаба сотувчига вазиятни тушунтирган бўлса-да, ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Ҳолат ўрганилиб, насос янгисига алмаштириб берилди.

Қаршилик фуқаро Ғ.Жавҳаровнинг ҳам худди шу савдо мажмуасидан сотиб олган аппарати носоз чиққан. У ҳам бу борада кўп марта мурожаат қилади. Ачинарлиси, бу вазиятда  ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Ушбу ҳолат ҳам соҳа ходимлари томонидан ўрганилгач, пуллар эгасига қайтариб берилди.

 

Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА

Ўхшаш янгиликлар