• 10683.68
  • 12410.16
  • 154.09
weather Тошкент: +13.2°C
Detail image

Электрон қурилмалар ва компьютер ускуналарининг деярли барчаси USB-A портидан фойдаланди. Хўп, унда USB-C'нинг аҳамияти нимада?

Келинг, аввал USB-A ва USB-C'лар ҳақида ўрганиб, сўнгра иккала тип ўртасидаги тафовутларга тўхталамиз.

ЎҚИНГ: Лайфхак: USB-кабел ва флешкани бир уринишдаёқ тўғри киритишни ўрганамиз!

USB-A нима?

USB Type-А илк USB коннектори саналади. Уни тўртбурчак шаклидан осон таниб олиш мумкин. Реверсив бўлмаган дизайнга эга USB-A портлари деярли барча компьютерсимон қурилмалар, жумладан, лептоп, смарт TV, видео ўйин консоллари ва DVD/Blu-ray плеерларига ўрнатилган бўлади.

USB-C нима?

2014 йил тақдим қилинган USB Type-C порти USB-A'даги асосий камчиликларни бартараф этишни мақсад қилган. Кўплаб ихчам ҳажмли қурилмалар ҳозирда ингичка USB-C портлар билан жиҳозланмоқда. USB-C портининг ингичкалиги боис ишлаб чиқарувчилар янада ингичка электрон маҳсулотларни яратишлари мумкин бўлди. Кўпдан-кўп қурилмаларга USB-C портлар ўрнатилмоқда. Бундан мақсад эса охир оқибат USB-A портлардан воз кечишдир.

USB-A ва USB-C ўртасидаги фарқ

Мана, USB-A ва USB-C'лар ҳақида қисқача маълумотга эга бўлдик, энди улар ўртасидаги асосий фарқларни муҳокама қилсак ҳам бўлади.

Йўғон USB-A портлари ўрнини босиш учун ингичка ўлчамли USB-C дизайни яратилган. Натижада, электрон қурилмаларнинг ҳар қачонгидан ингичка ва юпқа бўлишига имкон пайдо бўлди.

Кундек равшан визуал тафовутдан ташқари, USB-C коннекторни USB-C портлари исталган томондан киритиш мумкин. Ушбу қулайликка USB-C коннекторининг ҳам тепа, ҳам пастки томонидаги штифтларни симметрик жойлаштириш билан эришилган.

Энг сўнгги USB 4.0 стандарти USB-C коннекторини талаб қилади, бу эса USB-A портларини секинлик билан муомаладан чиқаради. USB 4.0 стандарти 40 Гбит/сек. маълумот ўтказиш потенциалига эга. Бундан ташқари, икки йўналишли қувват етказиб берувчи USB Power Delivery (USB PD) технологияси сабаб, қурилмалар 100 ваттгача тезликда заряд олиши мумкин. Бунча қувват катта электрон мосламалар, хусусан, лептоп ва баъзи принтерларни ҳам қувват билан таъминлаб бера олади.

USB 4.0 стандарти USB 3.1'га қараганда анчайин қудратли, сабаби USB 3.1'нинг максимал маълумот узатиш тезлиги 10 Гбит/сек. билан чекланган.

ЎҚИНГ: USB орқали уланган телефон ёки планшетни компьютер «кўрмай» қолса нима қилиш керак?

Альтернатив режимларнинг қўллаб-қувватланиши

USB-C'нинг Альтернатив Режим функцияси USB-C портлари кўплаб ахборот протоколларини қўллаб-қувватлашини таъминлайди. Ҳолбуки, бу ишлаши учун ишлаб чиқарувчи ўзининг электрон қурилмасига мазкур функцияни интеграллаштирган бўлиши керак.

Альтернатив Режим, содда қилиб айтганда, Thunderbolt, DisplayPort, HDMI, Mobile High-Definition Link ва VirtualLink каби протоколларни ягона USB-C портига бирлаштиради.

Бу билан электрон қурилмаларнинг ҳар қачонгидан ингичкароқ бўлишига эришилади. USB-C портнинг Альтернатив Режим функциясидан фойдаланиш учун сиздан мос келувчи адаптерга эга бўлиш талаб қилинади холос.

Олдинги авлод USB'ларнинг қўллаб-қувватланиши

USB-A ва USB-C'нинг иккаласи ҳам уланилаётган қурилмага ўрнатилган олдинги версия USB алоқасини қўллаб-қувватлайди. Масалан, (тўртбурчак ичидаги пластик ранги кўк бўлган) USB-A 3.0 коннектори USB 2.0 ва USB 1.1'ларни ҳам «танийди». Худди шундай, USB-C 2.2 коннектори олдинги талқиндаги USB-C портлари билан «чиқишади».

Албатта, кичик ўлчамга эга USB-C коннекторини каттароқ бўлган USB-A портга кирғиза олмайсиз, лекин бунда мос келувчи коннектор ва портларга эга адаптер ёки переходник муаммога ечим бўла олади.

USB-C келажаги

700 дан ортиқ технология компаниялари, жумладан, Apple, Google, Intel ва Microsoft USB-C'нинг илк дизайни ва унинг ҳаётга татбиқ этилиши масаласида бирга ишлаган. USB-C ҳақиқатан универсал бўлиб, узоқ йиллар биз билан бўлади.

Ваҳоланки, ҳали ҳам USB-A алоқасини талаб қилувчи кўплаб эски қурилмалар бор. Ҳозирча, мослик муаммосига ечим бўлиш учун USB-A ва USB-C ёнма-ён ишлайди. Эски қурилмалардан фойдаланувчилар сони камайиб бориши билан эса USB-C доминант типга айланади.

ЎҚИНГ: Компьютер сичқончаси қандай ишлайди?

Ўхшаш янгиликлар