• 10830.17
  • 11391.17
  • 203.96
weather Тошкент: +26.7°C
Detail image

Телефонингиз экранини охирги марта қачон тозалагансиз? Биласизми, телефонингиз экрани бармоқ изларингиз хиралашиб кетишидан ташқари, у кундалик ҳаётнинг ифлослиги билан ҳам телефонингизни мобил микроблар фермасига айлантиради. Аризона университети томонидан олиб борилган тадқиқот шуни кўрсатдики, сизнинг телефонингизда ўртача ҳожатхона ўриндиғига қараганда кўпроқ микроблар бўлиши мумкин. Жирканиб кетяпсизми? Агар ҳа бўлса (шундай деб умид қиламиз), унда телефонингиз экранига керакли тозалашни бериш учун ўқишда давом этинг.

Телефонингиз экранини тозалашнинг тўрт хил усули

Қанчалик тозалликка эришмоқчи эканлигингизга қараб, телефонингиз экранини тозалашнинг бир нечта усуллари мавжуд. Баъзи усуллар смартфонингиз экранига ёрқин ва янги кўриниш беришига қарамасдан, улар телефонингиз юзасида яшайдиган бактерияларни ўлдирмаслиги мумкин.

1. Микрофибер матодан фойдаланинг

Агар сиз экранингиздаги ёғли бармоқ излари ва чангдан қутулмоқчи бўлсангиз, микрофибер мато энг яхши танловдир. Эътибор берган бўлсангиз телефон устахоналарида смартфонингизга экран ҳимоячисини қўйишдан уни қуруқ микрофибер мато билан тозалаб юборишади ва бу умумий экранни умумий кирдан тозалайди. Аммо, ёғ ва кирни йўқ қиладиган яхшироқ тозалаш учун уни озгина дистилланган сув ёки экранни тозалаш воситаси билан намлашингиз керак бўлади.

Албатта, дистилланган сувни излаш бироз ортиқча туюлиши мумкин, лекин агар сиз энг яхши натижага эришмоқчи бўлсангиз, у бунга арзийди. Дистилланган сувда ифлосликлар йўқ ва шу сабаб экранингизда чизиқли излар ёки доғлар қолмайди.

Телефонингиз экранида суюқликлардан тежамкорлик билан фойдаланишни унутманг: тозалаш самарали бўлиши учун қурилмангизни сувга чўктиришингиз шарт эмас, шунчаки у билан матони намланг. Агар сизда микрофибер мато бўлмаса, юмшоқ пахта мато энг яхши алтернативадир.

2. Экранни тозалаш учун махсус салфеткалардан фойдаланинг

Экранни тозалаш учун махсус салфеткалар дистилланган сув билан намланган микрофибер матонинг қулайроқ версиясидир. Улар кўпинча бир марта ишлатиладиган пакетларда бўлади ва экранингиздаги кирни қурилмангиз учун муаммо туғдирмасдан олиб ташлаш учун мукаммал даражада намланган бўлади.

Экранни тозаловчи салфеткалардан фойдаланишдан олдин телефон экранини чангдан тозалаб юборинг, чунки ойна юзасидаги майда заррачалар экран тирналишига олиб келиши мумкин.

3. Дезинфекцияловчи экран салфеткаларидан фойдаланинг

Микрофибер мато, дистилланган сув ва экранни тозаловчи салфеткалар телефонингиз экранидаги кирни тозаласа-да, улар микроблар ёки бактерияларни ўлдирмайди. Агар сиз телефонингиз экранини дезинфексия қилмоқчи бўлсангиз, сизга дезинфекцияловчи экран салфеткасини керак бўлади.

Шуни эътиборга олиш керакки, кўпчилик дезинфекцияловчи экран тозалагичлари таркибида спирт мавжуд. Гарчи суюлтирилган спиртдан тежамкорлик билан фойдаланиш экранингиз учун хавфсиз бўлса-да, ундан мунтазам равишда фойдаланиш экранингизнинг олеофоб қопламасига зарар етказиши мумкин. Шу сабабли, телефонингиз экранини тозалаш учун дезинфекцияловчи салфеткаларга таянгандан кўра, қўлингизни тез-тез ювганингиз маъқул.

4. Телефонни ултрабинафша нурлар билан тозалаш воситасидан фойдаланинг

Ва ниҳоят, агар сиз телефонингизни иложи борича гигиеник тоза қилишга қарор қилган бўлсангиз, сизга UVдезинфекциялаш воситасидан фойдаланиш маслаҳат берилади. Ултрабинфша дезинфекциялаш воситалари микробларни йўқ қилиш учун UV-C (ултрабинафша спектр) нурларидан фойдаланади ва телефонингиздаги микробларнинг 99% дан кўпроғини ўлдириши исботланган. Агар сиз визуал тоза ва стерилланган телефонга эга бўлишни истасангиз, юқоридаги усулларнинг комбинациясидан фойдаланиш қурилмангизни юқори даражада тоза тартибда сақлайди.

Қандай қилиб уйда қўлбола экран тозалаш воситасини тайёрлаш мумкин?

Айтиш керакки, бозорда телефон экранини тозалаш воситаларининг танқислиги бўлмаса-да, агар нима қилишни билсангиз, ўзингиз ана шундай тозаловчи тайёрлай олишингиз мумкин. Оддий телефон экранини тозалаш воситасини тайёрлаш учун сизга дистилланган сув ва оқ сиркадан фойдалансангиз бўлади. Шунингдек, агар топа олсангиз, сирканинг ўрнига 70% изопропил спиртидан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Уйда ўз телефонингиз экранини тозалаш воситасини тайёрлаш учун дистилланган сув ва сиркани (ёки спиртни) 50:50 нисбатда аралаштириш кифоя. Аралашмани спрей бутилкага солинг ва тайёр.

Сирка ёки изопропил спиртини дистилланган сув билан суюлтиришни унутмаслик жуда муҳим, чунки, акс ҳолда телефонингиз экранини тозалайман деб унга кўпроқ зарар етказиб қўйишингиз мумкин.

Телефонни тозалашда нима қилмаслик керак

Биз телефонингизни тозалашнинг энг яхши усулларини кўриб чиқдик. Келинг, энди телефонингиз экранини тозалашда қилмаслик керак бўлган нарсаларнинг қисқа рўйхати билан танишамиз. Телефон экранини тозалашда:

  • дераза тозалагич ёки уй ойна ювиш воситаларидан фойдаланманг;
  • асетон каби қаттиқ эритувчилардан сақланинг;
  • идиш ювишда фойдаланадиган совундан фойдаланманг;
  • ҳеч қачон матолардан рангларни ўчиришда ишлатиладиган оқартиргичдан фойдаланманг;
  • абразив кукунлардан сақланинг;
  • телефонингизни тозаловчи суюқликка ботирманг;
  • тозалаш давомида экранни жуда қаттиқ босманг, юмшоқ босим етарли;
  • қисқаси, телефонингиз экранига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлинг.

Хулоса

Кўпчилигимиз телефонимизни ҳар куни 50 мартадан кўпроқ текширамиз. Таъкидлаш жоизки, Ҳеч қандай экранни тозалаш телефонингиз экранини микроблардан 100% сақламайди. Агар сиз телефонингизнинг тозалиги ҳақида қайғураётган бўлсангиз, қўлингизни тез-тез ювиб, телефонни УВ дезинфекциялаш воситаси билан тозалаб туриш ва телефонингизни ўзингиз билан бирга ҳожатхона ёки ҳаммомга олиб боришни тўхтатишингиз керак (кузатув остидасиз).

Манба: ХDА

ЎҚИНГ: Навбатдаги Telegram янгиланиши ҳақида барчаси

Ўхшаш янгиликлар