• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +9°C
Detail image
ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Кеча, 24 май куни Бирлашган Араб Амирликларида маймун чечаги билан касалланган биринчи бемор аниқланди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, касаллик БААга Ғарбий Африкадан келган 29 ёшли аёлда аниқланган. “Аёл шифокорлар назоратида. Унга мамлакатда зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда”, дейилади хабарда.
Вазирлик соғлиқни сақлашга масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳолини юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш, тезкорлик билан ҳолатларни аниқлаш ва барча касалликларнинг маҳаллий тарқалишини чеклаш бўйича иш олиб бориш учун энг юқори халқаро амалиётга мувофиқ эпидемиологик назорат механизмига амал қилишини айтди.

Маймун чечаги ўзи қандай касаллик

Маймун чечаги илк бор 1970 йилда Конгода аниқланган. Шундан бери Ғарбий Африка давлатларида касалликка чалинганлар мунтазам учраб туради. Бироқ 2022 йилда Европада маймун чечаги қайд этилгани ва бошқа давлатларда ҳам учрай бошлагани кутилмаган ҳол бўлди. БААда касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича чоралар кўриш бошланган. Бошқа давлатлар ҳам эҳтимолий тарқалиш олдини олишга киришган.
Бельгия касалликка чалинганларни 21 кунлик карантинга олишини эълон қилди. АҚШда ҳам маймун чечаги билан касалланиш ҳолатлари аниқланган. Шу муносабат билан Ҳукумат чечакка қарши 13 миллион вакцина сотиб олишга буйруқ берган. Россияда бундай ҳолат аниқланмаган.

Касаллик белгилари

Маймун чечаги кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, асосан ёввойи ҳайвонлардан (кемирувчилар, приматлар) одамларга юқади. Касалликнинг белгилари иситма, бош оғриғи, мушак ва бел оғриғи, шишган лимфа тугунлари, титроқ ва чарчоқни ўз ичига олади. Тери тошмаси юз ва тананинг бошқа қисмларида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Маймун чечаги эпидемияси бўйича ўлим даражаси 1% дан 10% гача.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, 7 майдан буён дунёнинг 19 та давлатида, асосан Европа, АҚШ, Канада, Австралия ва Исроилдаги одамларда маймун чечаги инфекциясининг 131 та тасдиқланган ҳолати ва 106 та инфекциянинг шубҳали ҳолати қайд этилган. Вирус Африканинг бир нечта минтақаларида эндемик, яъни маълум бир географик ҳудудга хосдир. Ташкилот касалликка қарши вакциналар ва вирусга қарши препаратлар етказиб бериш чекланганини маълум қилди.
“Маймун чечаги ва коронавирус ўхшаш касалликлар эмас. Чунки чечак фақат яқин жисмоний алоқа орқали тарқалиши мумкин бўлган патогенга эга. Касаллик яқин алоқадаги оилаларда ёки ижтимоий гуруҳларда содир бўлади”, дейилади ЖССТ хабарида.
Айни пайтда маймун чечагининг икки асосий штамми аниқланган – Марказий Африка ва Ғарбий Африка штаммлари.

Янги касаллик қанчалик хавфли?

Касаллик одатда икки ҳафтадан тўрт ҳафтагача давом этади. Оғир ҳолатлар иммунитет танқислиги бўлган одамларда ва ёш болаларда кўпроқ учрайди. 1970-1990 йилларда 47 та ўлим қайд этилган, уларнинг барчаси ўн ёшгача бўлган болалар орасида кузатилган. Сўнгги йилларда ҳар юз беморга ўртача 3-6 ўлим тўғри келади. Ҳозирча жорий эпидемия вақтида ўлим ҳолатлари қайд этилмаган.

Маймун чечагининг одатдий симптомлари:

0-5 кун - иситма, кучли бош оғриғи, шишган лимфа тугунлари. Орқа ва мушак оғриғи, кучли чарчоқ ҳам тез-тез учрайди.
1-3 кун - тошма пайдо бўла бошлайди (одатда юз, қўл ва оёқларда). Бундан ташқари, шиллиқ қаватларда яралар мавжуд. Тошмаларнинг сони бир неча мингдан миллионгача.
1-2 ҳафта - тошмалар қурийди, қобиқ пайдо бўлади, кейин эса тушади. Улардан, чечакда бўлгани каби, чандиқлар қолиши мумкин.
Маймун чечагининг асоратлари иккиламчи инфекциялар, бронхопневмония, сепсис, энцефалит ва шох парда инфекциясини (кўпинча кўришни йўқотиш билан) ўз ичига олиши мумкин.

Ўзбекистонда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, бугунга қадар Ўзбекистонда маймун чечаги касаллиги қайд этилмаган. Айни пайтда ЖССТ тавсияларидан келиб чиқиб бу инфекциянинг мамлакатга кириб келмаслиги учун зарур чоралар кўрилмоқда.

Ўхшаш янгиликлар