• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +23.1°C
Detail image

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Agro.uz медиамарказининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикасида ҳар йили 100 минг гектардан ортиқ майдонларда шоли экиб, етиштирилади. Республика шароитида йилига аҳоли жон бошига ўртача 9,8 кг. дан гуруч истеъмоли талаб этилади. Яъни мамлакатимиз аҳолисини тўлиқ гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш учун 353 минг тонна гуруч захираси талаб этилади.

Республика ҳудудларида 2022 йилда 105,8 минг гектар майдонларда шоли экилиб, 516,9 минг тонна шоли етиштирилди. Бу кўрсаткич гуруч ҳисобида 310 минг тоннани ташкил этади. Яъни, аҳоли талабига нисбатан 43 минг тонна кам гуруч ишлаб чиқарилади (2021-йилга нисбатан 48 минг тонна кўп шоли етиштирилган).

Таҳлилларга кўра 2022 йилда Республика бўйича 8 минг тонна гуруч импорт қилинган бўлса, 2023 йилда 53,5 минг тонна гуруч импорти амалга оширилган. Яъни истеъмолга нисбатан 10 минг тонна ортиқча гуруч импорт қилинган.

Жумладан, Қозоғистондан 29,3 минг тонна (54,7%), Покистондан 23,2 минг тонна (43,3%), Таиланддан 599 тонна (1,1%), Туркиядан 265 тонна (0,5%) ва Хиндистондан 126 тонна (0,2%) ва бошқа мамлакатлардан 21,1 тонна (0,02%) гуруч импоти амалга оширилган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда хулоса қилсак сўнгги 5 йилда Ҳиндистондан Республикамизга жами 232,6 тонна гуруч импорти амалга оширилган, холос.

Жорий йилда Ҳиндистондан бошқа мамлакатларга гуруч экспортининг тўхтатилиши Ўзбекистон Республикасига ўз таъсирини кўрсатмайди.

Маълумот ўрнида, Ҳиндистон гуруч экспорти дунёда 1-ўринда бўлиб, умумий жаҳон экспортининг 36,8 фоизини ташкил қилади, асосий экспорт Африка давлатлари (7,1 млн тн), Хитой (2118 минг тн), Эрон (1245 минг тн), Саудия Арабистони (1012 минг тн) ва бошқа давлатлар ҳисобланади.

Жаҳон бозорида 2023 йил июнь ҳолатига ўртача гуруч нархи 1,93 АҚШ доллари (22 364 сўм), энг арзон нарх 0,52 АҚШ доллар (6025 сўм) (Тунис), максимал нарх 4,84 АҚШ долларни (56 086 сўм) (Сербия) ташкил этмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон деҳқон бозорларида гуручнинг 1 кг нархи навидан келиб чиқиб, 11 500 сўмдан 25 000 сўмгача сотилмоқда (ўтган йил мос даврига нисбатан 35,2 % га ўсган).

Жумладан, гуручнинг “Авангард” нави 11 500 – 17 500 сўмгача, “Аланга” нави 16 000 – 18 500 минг сўмгача, “Лазер” нави 19 500 – 25 000 сўмгача сотилмоқда.

Шунингдек, кузатув натижаларига кўра, гуручнинг минимал нархи Нукус шаҳрининг “Нукус деҳқон бозори” ва Гулистон шаҳрининг “Гулистон деҳқон бозори”да (“Нукус-2” ва бошқа маҳаллий навли гуручлар) 11 500 сўм қайд этилган. Максимал нарх эса Тошкент шаҳрининг “Фарҳод деҳқон бозори”да 25 000 сўмдан сотилгани кузатилди (“Лазер” навли гуруч). Шу билан бирга, ушбу бозорда гуручнинг минимал нархи 13 000 сўмни ташкил этган.

Барча бозорлар гуруч билан узлуксиз таъминланган ҳамда захиралар етарли.

Аҳолини турли ижтимоий тармоқлардаги гуручни нархини ошиб кетиши асоссиз тарғиб қилишидан огоҳ бўлишга, бу фақатгина спекулятив ҳолат ёки гуруч нархини асоссиз оширишга ҳаракатларни амалга оширишга туртки бўлаётганлигини маълум қиламиз, дейилади хабарда.

Ўхшаш янгиликлар