• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +22°C
Detail image

Аввалроқ 2022 йилнинг 1 декабридан бошлаб Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган “Чинор” йўл-патруль хизмати (Қамчиқ довони) стационар постида “Яшил” ва “Қизил” йўлак тамойили жорий этилгани ҳақида хабар берган эдик.

QALAMPIR.UZ жамоаси ушбу постда бўлиб, “Яшил” ва “Қизил” йўлак тамойилининг ишлаш жараёни билан танишди. 

Кузатувларимизга кўра, бу постда ҳайдовчиларнинг қарздорлигини ундириш, қоидани бузганлардан пул “шилишнинг” барча “имкониятлари” яратилган.

Бунда стационар постдан 700 метр олдин транспорт воситаларининг давлат рақам белгисини қайд этувчи ва махсус диодли экран жойлаштирилган бўлиб, ҳайдовчилар экранда қайд этилган маълумотга асосан “Яшил” ёки “Қизил” йўлак орқали ҳаракатланиши ҳақида ахборот олади. Ана шунда қарздорлиги бор автомашина “қўлга тушади” ва белгиланган жойга келиб тўхтайди. 

Шундан сўнг маъмурий амалиёт хонасига келади. Агар унинг қарздорлиги мавжуд бўлса, уни тўлайди. Аниқланган камчилик бартараф этилганидан сўнггина қизил йўлак охиридаги камералар давлат рақам белгиларини қайд этади ва камчиликлар йўқлиги тасдиқлангач шлакбаумлар автоматик тарзда кўтарилиб, автомобилнинг ҳаракатини давом эттиришига руҳсат берилади.

Бироқ тасаввур қилинг, ҳайдовчининг ёнида қарздорлигини тўлаш учун маблағи йўқ. Бундай вазиятда ҳайдовчи нима қилиши керак?

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари Олим Саидовнинг маълум қилишича, шунга ўхшаш ҳолатларда ҳайдовчига етарли даражада шароит яратилади. Саидов айтаётган “шароит” эса мана бундай: “қариндош-уруғига қўнғироқ қилиш, кимдандир илтимос қилиб пул топиши учун кутиш ва тўловни онлайн амалга ошириш”дан иборат.

“Фуқарога қариндош-уруғи ёки бошқаларга хабар бериш ва онлайн тўловларни амалга ошириши учун барча шароит яратилган. Яъни нақд пул ёнида бўлмаган тақдирда ҳам онлайн равишда тўловларни амалга ошириш учун барча шароит яратилган”, дейди ЙҲХХ бошлиғи.

Шунингдек, у журналистнинг “демак, ҳар қанақа шароитда ҳам қарздорлигини тўлаши шартми”, деган саволига “Албатта, агар тўламаса, автомашинаси жарима майдонига қўйилади”, дея жавоб қайтарди.

Хўш, бу тизимдан ҳайдовчиларнинг ўзи қай даражада рози? Айни шу савол билан қарздорлигини тўлаш учун Маъмурий амалиёт хонасига келган фуқароларга микрофон тутдик.

Ҳайдовчилардан бири қарздорликни “Чинор” ЙПХда тўлаш яхши йўлга қўйилганини айтган бўлса, бир нечта ҳайдовчи “қизил” ва “яшил” йўлакнинг ноқулайликларини санаб ўтди.

“Биз жаримамиз борлигини билмагандик. Лекин бор экан, мана тўлаб чиқиб кетяпмиз. Яхшиямки, пластик картамда пулим бор экан. Бўлмаса нима қилардим билмайман. Пули йўқлар кўчада қолиб кетмасмикан?” деди ҳайдовчилардан бири.

Бошқа бир ҳайдовчи эса бу тамойил автомашинадаги йўловчилар учун катта қийинчилик туғдиришини айтиб ўтди.

“Ростдан ҳам мана, пулим етмаяпти. Қарздорлигим 1 млн 800 минг сўм экан. Ёнимда 1 млн 200 минг пулим бор эди. Машинамда набираларим, оилам бор. Агар бировдан пул тополмасам, ёш болалар билан кўчада қоламиз, совуқда”, деди отахон.

“Давлат йўл ҳаракати хавфсизлигининг асосий мақсади номидан маълумки, жарима ундириш, жазолаш эмас, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг профилактикасини амалга оширишдан иборат. Аммо ушбу давлат органининг вазифаси бугунги кунда айнан жарималарни ундириш ва жазолаш бўлиб қолаётгандек гўё. Модомики шундай экан, балки унинг номини ўзгартириш керакдир” – “Йўл ҳаракати жарималарини ундириш хизмати”.

Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Бекмурод Абдуллаев жарималарни ундириш, ҳайдовчиларни жаримага тортиш бу муаммонинг ечими эмаслигини тан олар экан, Ички ишлар вазирлиги ва ЙҲХХнинг бошқа ишларини ҳам санаб ўтди.

“Тўғри, жарималар билан йўл ҳаракати хавфсизлигини тўлиқ таъминлаб бўлмайди. Лекин жарималарни ундириш йўл ҳаракати хавфсизлигига умуман таъсир қилмайди, дейиш ҳам нотўғри. Биз кўплаб хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганганимизда, айнан шу жарималардан қўрққан ҳайдовчилар биринчи ўринда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишини кўрдик. Шунингдек, фақат жарима ундиришдан ташқари, профилактик тадбирлар ҳам тўлақонли ишга туширилган. Ҳозир бизда квадрат тизими жорий этилган. Унга кўра, ҳар бир йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимига бириктирилган мактаб ва ҳудудлар мавжуд. Биз фарзандларимиз билан мактабларга бориб йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш бўйича дарслар ўтяпмиз, маҳаллаларга бориб тадбирлар ташкил этяпмиз. Ҳатто қўпол қоидабузарлик содир этган ҳайдовчилар билан ҳам муҳокамалар ўтказяпмиз.  Буларнинг барчаси профилактикага киради”, дейди вазир ўринбосари.

Хуллас, эндиликда ҳайдовчилар қарздорликни вақтида тўлаб юришингизга тўғри келади. Ёки Тошкентдан водийга, водийдан Тошкентга отланганда ёнларида ҳар эҳтимолга қарши кўпроқ пул олиб юриши керак. Ундан ҳам яхши вариант эса, қоидаларни бузмаслик, уларга тўлиқ амал қилишдир. Ана шунда жарима тўлашга ҳам, “жаримакаш” постда тўхтаб ўтишга ҳам ҳожат қолмайди.

Ўхшаш янгиликлар