• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27°C
Detail image

2022 йилда кўпчиликка журналистик фаолиятини билан яхши таниш бўлган Диёр Имомхўжаев ЎзПФЛ раҳбари этиб тасдиқланди. ЎзПФЛ бу Ўзбекистон ҳудудида футбол жамоалари ўртасида тегишли равишда Суперлига, Про лига, Биринчи лига, аёллар Олий лигаси, аёллар Биринчи лигаси, футзал Олий лигаси ва Биринчи лигаси, Ўзбекистон кубоги, Лига Кубоги, Ўзбекистон Суперкубоги, Ўзбекистон U-19 чемпионатидан бошлаб Ўзбекистон U-21 чемпионатигача бўлган барча ёш тоифаларидаги ва бошқа шу каби профессионал футбол мусобақалари ўтказишни мувофиқлаштириш, футбол клублари ўртасида мусобақалар ташкил этиш ва ўтказиш, уларнинг спорт ва ташкилий-бошқарув фаолияти ҳамда ўзаро муносабатлари бўйича йўл-йўриқ бериб бориш ишларини амалга оширувчи ташкилот ҳисобланади. Яъни бу ташкилот Ўзбекистонда футбол ривожланишининг асосий негизини белгилаб беради. 

Ҳар мавсумда футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатида йўл қўйилган камчиликларда, ҳакамларнинг қўпол хатоларида, одатда ПФЛ ва унинг раҳбари айбдор қилинади. Аслида бу қанчалик тўғри? Футболимизни футбол ичида бўлмаган киши бошқариши ўринлими? Умид Аҳмаджоновнинг спортимизда қисқа фаолият юритиши, уни жуда тез ишдан олиниши адолатданми? Одил Аҳмедов Наманган футболига ён босяптими? Қачон футболимиз келишилган ва шубҳали ўйинлардан қутилади? QALAMPIR.UZ Диёр Имомхўажаев билан суҳбат уюштириб, юқоридаги саволларга имкон қадар жавоб олди.

Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Шаҳзод Шукуров, мухбир: — Сизнингча, ўтган мавсумда ПФЛнинг энг катта ютуғи нима бўлди? Ўтган мавсумдан кўнглингиз тўлдими?

Диёр Имомхўжаев, ЎзПФЛ бош директори: — Ўтган мавсумдан кўнглим тўлди десам биз ўсишдан тўхтаб қолишимиз мумкин. Кўпгина кўнглим тўлмаган жиҳатлар бўлди, лекин олдимизга қўйган режаларни аксариятини бажаришга эришдик, шу нуқтаи назардан мен ўтган мавсумни қониқарли ўтди деб ўйлайман. Суперлига ва Про-лигада рақобат охиригача бўлди ва бу биз кутган нарса. Камчилиларимиз ҳақида яхши биламиз ва мақсадимиз шу камчиликларни битта-битта тўғирлаб бориш ҳисобланади.

Ш.Ш.: — Чемпионатнинг сўнгги турларида айрим (“Сурхон”-“Локомотив” “Сурхон”-“Қизилқум”) учрашувлари шубхали туйилди, ҳатто ўз Telegram каналингизда ўша ўйинларга алоқадор постларни қўйдингиз.  Шубҳали ўйинларни сеза туриб, бирор чора куришнинг иложи йуқми?

Д.И.:—Агар биз бирор ўйиндан шубҳалансак, бунга лоқайд қарамаймиз. Биз ўзимиз шубҳали деб топган ўйинлар ҳақида махсус инспекцияга маълумот берамиз ва инспекция бу бўйича иш бошлайди. Инспекция FIFA ва АФКга хат йўллаб, уларнинг фикрлари билан танишади. Йилдан-йилга шубаҳли ўйинлар сони камайиб боряпти, аммо мавсум охирида 2-3 та шубҳали ўйинлар чиқди. Биз футбол ичидаги инсонмиз ва биз ҳам ана шундай ўйинлардан нафратланамиз, нафратимизни эса клуб ва футболчилар ҳис қилиб туриши керак.

Ш.Ш.: — Навоийнинг “Қизилқум” ПФК бош мураббийи Никола Лазаревич Ўзбекистон кубоги 1-туридан ўрин олган “Навбаҳор” билан ўйиндан кейин жамоа футболчиларини  “ўйинни бериб юборганликда”да айблади. Бундай ҳолатларга ПФЛнинг позицияси қандай?

Д.И.:— Мен бу иш ҳали якунига етган деб ҳисобламайман. Келишилган ўйинларни аниқлаш бир неча йилларни ҳам ташкил қилиши мумкин. Бу биз учун бир калаванинг учи. Лазаревич шу фикр билан чиқди, демак нимадир бор. Ўша интервьюдан сўнг “Қизилқум”нинг ички муҳити бузилди. Мураббийнинг клубдаги ички муаммоларни жамоатчиликка ошкор қилиши аслида нотўғри, лекин бу биз учун яхши, чунки энди биринчи инсидент бор. Бу ҳолатни ўрганишимиз шарт ва бу бизга кўп муаммоларни очиб беради.

Ш.Ш.: — Якунланган мавсумда хакамларнинг қўпол хатолари чемпионлик учун интригага таъсир қилди (марказий бахсларда тажрибасиз ёки савиясиз хакамлар ишлади (“Навбаҳор”-“Қизилкум”, “Навбаҳор”-“Пахтакор”), бу гапни титул учун курашган топ 5 клублар мураббийлари хам тасдиклади. Хўш, бу камчиликлар бартараф этиш учун ПФЛ кандай курашяпти?

Д.И.:— Мураббийлар биринчи навбатда ўзини савияси ҳақида қайғ урсин. Ҳакамларимиз халқаро даражада ишлаяпти, футболчиларимиз “Рома”гача етиб боришди. Хорижда бирорта муваффақиятга эришган ўзбекистонлик мураббийни биласизми? Ҳакамларнинг қўпол хатолари Англия ва Испанияда ҳам бор. Ҳакам хатони атайлаб қилдими ёки билмасдан,бу бир-биридан фарқ қиладиган масала. Мен ҳакамлар ўйин сифатига энг кам таъсир қилган йил сифатида 2022 йилни айтаман. Ҳаммасига ҳакам айбдор деган мураббий билан бемалол бирга-бир гаплашишга тайёрмиз. Биз қайси клуб аслида қандай ишлаяпти, қайси мураббий ўз устида қандай ишлаяпти, ким яхши селекционер ҳаммасини яхши биламиз. 

Ш.Ш.: — Агар сизнинг кўлингизда футболимиздаги бир инсонни ишдан бўшатиш ваколати булганида, у “кахрамон” ким бўлар эди? Нега?

Д.И.:— Мен уни сизга айтмайман. Мен жараённинг ичидаман. Футболни ичида агар битта инсонни бўшатиш билан футбол яхшиланиб қоладиган бўлса, аллақачон шу иш қилиниши керак эди. Мени энг ёмон кўрган нарсам шахсларга қарши курашиш. Мен тизимни тўғирлашга ҳаракат қиламан. Тизим тўғри ишласа бу жойда ҳеч қанақа Диёр, Равшан ёки Одил бўлиши шартмас. Бизгача ҳам бу тизим нормал ҳолатда ишлаган бўлиши керак, яъни бизни тийиб турадиган механизмлар ҳам бўлиши керак. Ўзимизнинг муаммолар ҳақида яхши тасаввурга эгамиз ва бу муаммолар кимнингдир ишдан бўшатилиши билан ҳал бўлиб қолади деб ўйламайман. 

Ш.Ш.: — Футболимизда Ахмаджонов давридаги сиёсат хозиргиси билан кандай фарк килади? ЎФА раҳбарларнинг тез-тез алмашиши ўзбек футболини ривожланишига салбий таъсир қилмайдими?

Д.И.:— Тўғри Умид Аҳмаджоновга жуда кўп имконият берилмади. Умид Аҳмаджонов ўзбек футболида инқилоб қила олган инсон сифатида тарихда қолади. Раҳбар футболда 20-30 йил ишлаши ҳам шарт эмас. Биздан кейин келган раҳбар биз кўра олмаяотган қандайдир янгиликларни футболга олиб кириши мумкин. Аҳмаджоновгача бўлган даврдаги футбол билан, Аҳмаджоновдан кейинги футбол кескин ўзгарди. Футболни ичида юрган одам бундай инқилоб қила олмас эди. 

Ш.Ш.: —  Одил Ахмедов футболимизда иш бошлаганидан сўнг, ажабланарлиси, у туғилган ва укаси тўп тепаётган Наманган вилояти футболига хакамлар томонидан куп ён боса бошланди, буни сиз хам сездингизми? Ё бу шунчаки тасодифми?

Д.И.:—Бу шуначаки, тасодиф. Одил Аҳмедов ҳакамлик фаолиятини яхшилашга ўзининг ҳиссасини қўшди. “Пахтакор” – “Навбаҳор” (1:0) ўйинида ҳакам тўғри ишлаганлиги, виждонини сотмаганлиги учун Одил Аҳмедов ўз ёнидан ҳакамга мукофот пули берган. Агар, Одил Аҳмедов футболга мабодо ёмон тарафдан таъсир қилса, Аҳмедовда зўр футболчи бўлса ҳам мен ундан нафратланган бўлардим. Одил Аҳмедовга нисбатан эълон қилинаётган айбловлар қанчалик нормал бўлмасин, мен буни нохолис деб ҳисоблайман. 

Ш.Ш.: — Якинда кейинги мавсум учун регламент яна узгариши мумкин деган хабарлар таркалди. Бунга сабаб нима? Хар мавсум турли хил регламентларда уйнашга нима мажбур қилади? ПФЛ бу борада клублар билан маслахатлашадими?

Д.И.:— Ҳар йили Суперлигада иштирок этадиган жамоалар сонини 16 тага етказиш масаласи кўтарилади. Бу нарса ҳар йили сентябрдан бошланади, чунки сентябрдан бошлаб Суперлигадан тушиб кетишга яқин келаётган клублар жамоалар сонини 16 тага ошириш бўйича таклиф билан чиқади. Агар клублар спорт принципини, яъни холисликни ҳурмат қилса футбол ўз-ўзидан ривожланади. Суперлигада иштирок этадиган жамоалар сони кўпайгани яхши лекин, бунинг учун Ўзбекистонда талабга жавоб берадиган клублар сони ҳам кўп бўлиши керак. Янги форматга кўра, мураббийлар талабига биноан ўйинлар сонини кўпайтирдик, энди Суперлигада 10-ўринда турган жамоанинг ҳам юрагида ҳадик бўлади. 

Ш.Ш.: —  Якунланган мавсумда Суперлигада қайси жамоа чемпион бўлишини тахмин килгандингиз ва нима учун?

Д.И.:—Учта жамоа ҳақида тахминим бўлганди. 24-турга келиб ҳам мен “Насаф” чемпион бўлса керак деб ўйлагандим, лекин ўз уйида Фарғона клубига имкониятни бой берди. Мисол учун “Пахтакор” “Нефтчи”га мукофот пули эълон қилди, “Навбаҳор” “Бунёдкор”га ва бу нормал ҳолат, яъни ютиб бериш учун берилган пул бу мукофот, ютқазиб бериш учун берилган пул эса коррупция ҳисобланади.  

Ш.Ш.: —  Ўтган мавсумда сизга ёққан энг зўр бахс қайси бўлди?

Д.И.:—Мен биттасини алоҳида ажратиб кўрсатмоқчи эмасман, чунки чемпионлик учун курашган учта жамоанинг ўзаро ўйинлари ҳам топ даражада ўтди. 

Ш.Ш.: — Қайси вилоятда ҳалиям стадионлар билан боғлиқ муаммо бор?

Д.И.:—Андижон ва Жиззахда стадионни таъмирлаш ишлари бошланди, шунингдек Бекобод ва Олмалиққа ҳам ўзига хос талаблар қўйилган. Олдиндаги 2-3 йил ичида стадионларнинг чими жуда яхши ҳолатда бўлишини кутяпмиз. Ҳар бир жамоа майдон учун камида 1 млрд ажратиши керак. 

Ш.Ш.: — “Бунёдкор” стадионида ҳолат қандай?

Д.И.:—Насиб бўлса, Бунёдкор стадиони февралгача тайёр бўлади. Стадионда бошидан дренаж тизимида хатолик бўлган. 10 йиллар давомида стадионда дренаж тизими ишламаган. Стадионда ҳаво айланиш тизимини яхшилаш учун майдон 1-1,5 метр тепага кўтарилди. Энди “Бунёдкор” стадионида футбол кўриш зўр бўлади. 

Ш.Ш.: —  Даврон Файзиев федерацияда ишлаб туриб, шархловчилик қилишга улгурмоқда, Нега сизда бу борада муаммо бўляпти? Имомхўажаев шарҳга қайтмайдими?

Д.И.:—Менда ҳаттоки ЖЧ ўйинларини кўришда ҳам муаммо бўляпти. Менда ишлар бироз кўпроқ, ҳатто оиламга вақт ажратишга ҳам қийналаман. Мисол учун, футбол шарҳларига вақт ажратиб юрсам ҳам бўларди, лекин ПФЛ ўзим хоҳлагандай ўсишга эришмасди. Агар қачондир шарҳга қайтиш насиб қилган бўлса қайтаман, лекин менда шарҳсиз яшолмайман деган қараш ҳам йўқ.

Ш.Ш.: — Сречко Катанец Ўзбекистон миллий терма жамоасини ЖЧга олиб чиқишига ишонасизми?

Д.И.:— Ишонаман, яъни умид қиламан. Катанецнинг ўзига хос принциплари бор ва мен буни ҳурмат қиламан. Жуда қаттиқ, ишонаманки, 2026 йилда мундиалга борамиз. Агар терма жамоамиз АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қиладиган ЖЧга чиқса, биз мухлислар қўллаб-қувватлаши борасида катта муаммога дуч келмаймиз. 

Ш.Ш.: — Сизнингча, мундиал кандай ўтмокда? Қайси терманинг имкониятларини юқори бахолайсиз?

Д.И.:—ЖЧ зўр ўтяпти. Бразилия таркиб ва ўйин жиҳатдан кучли, лекин мен Аргентина ва Англияни ҳам бу қаторга қўшган бўлардим. Мен бекитмайман, Англиянинг оддий лигаларидаги энг пастки поғоналарда юрган жамоасини ҳам яхши кўраман, чунки Англия бошқа даражада. Бу мундиалда кутилмаган натижалар кўп. Футбол ўзгаряпти.

Ш.Ш.: — Кўпчилик мухлислар Қатар ташкилий масала билан биргаликда, умуман мусобақада ҳам муносиб иштирок эта олади деб ўйлаганди? Аммо жамоа ҳаттоки гуруҳда очко ҳам тўплай олмади. Нима деб ўйлайсиз Қатарнинг испанча тизимдаги футболининг кучи узоғи Осиё кубогини ютишга етадими?

Д.И.:— Қатар мундиал ўйинларини ютишни режа қилмаган. Қатар Осиёда етакчи бўлиб ажралиб чиқди.  Улар мундиалгача ҳамма нарсага хоп деб турди, мундиални кўчириш имконияти йўқ бўлганда Қатар ўз шартларини қўя бошлади. ЖЧдаги учта ўйинда ютқазиш мезбонлар учун арзимас нарса. Осиё кубогини ютиш эса жуда катта нарса. Қатар ахборот хуружи билан синдириб қўйилди. Япония ва Саудияга ҳам қойил қолиш керак. Мен Осиё жамоаларининг ҳаммасига мухлисман, Осиёда футбол кучайса, Ўзбекистонда ҳам футбол ўсади.

Ш.Ш.: — ЖЧда қайси жамоа сиз кутгандан кўра яхшироқ ўйнаяпти?

Д.И.:—Ҳамма ўйинларни кўришга имконим бўлмаяпти. Бразилия кутганимдай ўйнаяпти, инглизлар эса прогматик футбол ўйнашни ўрганяпти. Англия доим очиқ футбол ўйнаб, калтак еб қолаверган. Кучли жамоалар катта мусобақаларни “дахшатли” натижалар билан бошламайди. Улар ўйиндан-ўйинга темпни ошириб боради, яъни ақлли ўйин кўрсатади. 

Ш.Ш.: — Мундиалда сиз кўришни истаётган тўқнашув қайси?

Д.И.:—Аргентина-Поругалия тўқнашишини хоҳлайман. Бугунги кун футболида икки футболчи топ даражада ажралиб улгурган. Бу икки футболчини ўйинини ҳар қандай ҳолатда кўриш инсонга завқ беради.


Блиц саволлар

— ЖЧда қайси терма узоқроққа бора олади деб ўйлайсиз Португалия ёки Аргентина?

— Португалия.

— Ҳозирги Ўзбекистон терма жамоасининг ўйини мундиалдаги Қатар терма жамоасининг ўйинидан кучлироқми?

— Бир нима дейа олмайман. Икки жамоа ўзаро ўйин ўтказса билиб оламиз.

— ЖЧда қайси Осиё жамоаси яхшироқ натижа қайд эта олади деб ўйлайсиз Япония ёки Австралия?

— Япония

Ш.Ш.: — Диёр Имомхўжаевнинг рамзий терма жамоасидан қайси футболчилар ўрин олган бўларди?

Д.И.:— Ҳужумда аниқ Месси, Роналду ва Ибрагимович бўларди. Дарвозага Буффонни қўярдим. Бу нарсани жуда кўп ўйлаш керак. Тўғриси, бу қийин нарса, чунки мен "Олтин тўп" берилишини ёки зўр футболчилардан рамзий терма жамоа тузишни ҳам объектив ёндашув деб билмайман. Мураббйлардан Фергюсен, Анчелотти, Гвардиола ва Клопп ёқади. Мен футбол мухлисиман. Хуллас, ҳамма топ жамоа,футболчи ва мураббийни ҳурмат қиламан.
 

Ўхшаш янгиликлар