• 10657.35
  • 12572.48
  • 143.91
weather Тошкент: +29.5°C
Detail image
image

Аввалроқ, Тожикистонда ҳарбийлар ва захирадаги аскарлар “хавф” сигнали билан оёққа турғизилгани ва машқларга жалб қилингани ҳақида хабар берган эдик. Машқларда жам 230 минг ҳарбий қатнашди. Машқлар якунида ҳарбий парад ўтказилиб унда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон нутқ сўзлади.

Тожикистон раҳбари Афғонистондаги нотинчликлар ҳақида гапириб, қўшни давлатлардаги тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

“Биз қўшнилар билан тинчлик, барқарорлик, дўстлик ва ҳамкорлик муҳитида яшашимиз учун қўшни мамлакатларда тинчлик ва барқарорлик бўлиши тарафдоримиз”, деган Раҳмон параддаги нутқида.

Шу билан бирга, у Тожикистон ўз Қуролли кучларини қўшни давлатларга қарши ишга солмаслигини қатъий таъкидлаган.

“Афғонистон бизнинг яқин қўшнимиз, биз билан умумий тил, дин ва маданиятга эга дўстона мамлакат. Шу муносабат билан биз унинг халқи тақдирига бефарқ эмасмиз. Шунинг учун мен Афғонистон масаласини ўнлаб марта энг нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар минбарларида кўтарганман. Мен яна бир бор таъкидлашни истардимки, афғон можаросида ҳарбий ечим йўқ, бу мамлакат муаммолари фақат тинч йўл билан ҳал қилиниши керак”, деган Тожикистон Президенти.

Аввалроқ жорий йилнинг август ва сентябрь ойларида Россия Қуролли кучлари бўлинмалари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳарбийлари билан қўшма машғулотлар ўтказиши ҳақида хабар бергандик. Қайд этиш керакки, ушбу ҳарбий машғулотларнинг бир қисми Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри полигонларида бўлиб ўтади.

Тожик-афғон чегарасида ўтказиладиган ҳарбий машғулотларга Ўзбекистон ҳам жанговар самолёт, зирҳли техника ва махсус кучларини юборади.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.

Ўхшаш янгиликлар